Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Катта карвон хирмони

Катта карвон хирмони

Вилоятда энг кўп ғалла етиштирадиган туманлардан бири ҳисобланадиган Музработ тумани ғаллакорлари давлатга дон сотиш режасини уддалашди. Она-Ватан музработлик чўлқувар деҳқонлардан 41 минг тоннадан зиёд сара дон қабул қилди.

— Орада бир-икки йил ҳар хил сабабларга кўра ерларимизда ҳосил яхши бўлмади, давлатдан дон қарздор бўлмаганимиз ҳам ҳақиқат, — дейди туман қишлоқ хўжалик бўлими бошлиғи Исмоил Режабов. — Йил йилга ўхшамас, деганларидек бу мавсум ғаллазорларимизда ҳосил чин мўл бўлди. Ўтган йил кузида 13 минг гектар майдонга экилган арпа-буғдойни намунали парваришлаган деҳқонларимиз ғаллазорларига барака инди. Бугунгача ўрим ўтказилган 11,5 минг гектар майдондан қарийб 60 минг тонна сифатли дон йиғиштириб олинди. Қолган майдонлардаги бошоқли дон саранжомлангач, ялпи ҳосил салмоғи 70 минг тоннадан ошиши кутилмоқда.

Бу мавсум туманда ғалла етиштириш билан шуғулланган 264 та фермер хўжалигининг ҳаммаси режасини бажариши учун ҳосил етарли. Ҳозиргача 200 та фермер хўжалиги аъзолари нафақат давлат шартномасини, балки қўшимча мажбуриятни ҳам уддалашди. Тажрибали деҳқон Ибодулла Мамедов бошлиқ “Мамедов Ибодулла” фермер хўжалиги миришкорлари 66,9 гектар ғаллазорнинг ҳар гектаридан 63 центнердан хирмон кўтаришди. Азаматлар 420 тонна дон саранжомлаб олишган бўлса, шунинг 245 тоннаси қабул масканига топширилди. Ёки режадан ортиқча 30 тонна дон сотишди. 145 тонна ғалла эса аъзоларга бўлиб берилади. Шунинг дек, Элмурод Абдураҳмонов етакчилигидаги “Тўра Барака”, Одил Эрдонов раҳбарлигидаги “Қизилолма олмазори”, Ниёз Обилов саркорлигидаги “Диёрбек Ҳамро” фермер хўжаликларининг деҳқонлари ҳар гектар ғаллазордан 60-65 центнердан хирмон кўтариб, қўшимча мажбуриятларини ҳам бажаришди.

Туман ғаллазорларида ўрим-йиғим сусайгани йўқ. 34 та комбайн бетўхтов ишлаяпти. Тажрибали муҳандис Илҳом Худоёров бошлиқ “Музработ Агросервис МТП-2017” МЧЖнинг 64 нафар комбайнчи оператор ҳосил йиғимида жонбозлик кўрсатаяпти. Акбар Ҳайдаров, Жамшид Раҳимов, Сулаймон Турсунов, Абдурашид Ўсаров каби комбайнчиларнинг ҳар бири бугунгача 200-300 гектардан майдонинг ғалласини ўришди ва ҳамон ҳамкасбларига ўрнак кўрсатиб меҳнат қилишаяпти.

Музработ туманидаги “Ғалла штаби” дан олинган маълумотларга кўра, ҳозиргача ҳосилдорлик туман бўйича ўрта ҳисобда 52 центнерни ташкил этмоқда. Қолган 1,5 минг гектар ғаллазор ҳосили саранжомлангач, бу кўрсаткич 60 центнерга етади.

Музработликлар ердан самарали фойдаланиш ва даромадни янада кўпайтириш мақсадида ғалладан бўшаган 11,4 минг гектар майдонга тариқ, мош, ерёнғоқ каби экспорт маҳсулотлари етиштириш учун пешма-пеш шудгор қилиб, экиш ишларига ҳозирлик кўришаяпти.

У. НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Икки туман ғаллакорлари зафари

Вилоятимиз бепоён ғаллазорларида ўрим-йиғим тобора авж олмоқда. “Ғалла штаби”га ҳар куни давлат шартнома режасини бажарган …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan