Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Катта хўжаликнинг улкан зафари

Катта хўжаликнинг улкан зафари

Қумқўрғон туманидаги С. Бойматов номли фермерлар уюшмаси  вилоятдаги энг кўп пахта етиштирадиган хўжаликлардан бири. Деҳқонларнинг омилкорлик ва ҳамжиҳатлик билан қилган меҳнатлари эвазига далалардан режадаги 7047 тонна ўрнига 7400 тонна сифатли хомашё йиғиштириб олинди. Ҳосилдорлик ўрта ҳисобда  31 центнерни ташкил этмоқда.

Айтиш керакки, бу йил хўжалик меҳнаткашлари нав танлашда адашишмади. Ғўза ўстирилган 2350 гектар майдоннинг 75 фоизида ўрта толали ғўзанинг тезпишар ва серҳосил “Бешқаҳрамон” нави чигити экилгани далаларда  мўл ва сифатли ҳосил тўпланишига олиб келди. Чунки бу нав деҳ- қонларга азалдан синашта. Нафақат мутахассислар, шу билан бирга оддий сувчи ҳам ушбу нав ғўзаси талабини яхши ўзлаштирган. Қайси пайт ўғитлаш, қачон суғоришни яхши билганликлари учун ҳам ўсимлик талабидан келиб чиқиб, ҳар бир агротехник тадбирни ўз вақтида ҳамда сифатли бажаришди.

— Бугунги ютуғимизнинг асосий омилларидан бири шуки, вегетация жараёнида ғўзани баргидан озиқлантириш ва эрта чилпишга алоҳида эътибор берилди, — дейди фермерлар уюшмаси раҳбари Номозхон Алиев. — Натижада ғўзада 22-25 тагача тўқ кўсак пайдо бўлди. Ўғитдан, сувдан, қуёшдан олган қувватини ғўза бўйига эмас асосан, тўпланган ҳосилни йириклаштириш учун сарф- лади. Эрта қилинган чеканка ҳосил тугунчаларининг бир қисми тушиб кетишининг олдини олиш билан бирга кўсакларнинг барвақт етилишини таъминлади. Деҳқонларимизнинг мутахассислар маслаҳатига амал қилиб, ўз вақтида беда қандаласи, кўсак қурти, шира, трипс сингари касаллигу зараркунандаларга қарши чора қўллагани ҳам далаларда юқори ҳосил тўпланишига хизмат қилди.

Айтиш керакки, бугун С. Бойматов номли хўжаликда иқтисодий зарар кўриб ишлаётган фермер хўжалигининг ўзи йўқ. Ҳар бир  фермернинг камида 2 та техникаси бор. Табиийки, деҳқоннинг мушкулини осон қиладиган техника. Ўз техникасига эга деҳқон культивацияни сифатли ва ўз вақтида ўтказади, экиннинг талабидан келиб чиқиб озиқлантиради, суғориш зарурияти туғилганда зудлик билан жўяк очиб, сув тарайди. Ана шундай юксак агротехника  асосида иш ташкил этиш эвазига фермерларнинг даласида ғўза бўлиқ ва серҳосил кўкарди. Пахтачилик билан шуғулланган 93 та фермер хўжалигининг 84 таси режадан ошириб ҳосил топширмоқда. Узоғи билан бир ҳафта ичида қолган фермерлик жамоалари ҳам пахта тайёрлаш шартномасини уддалашади.

Ўрни келганда шуни айтиш керакки, фермерлар уюшмаси тасарруфидаги ерлар унумдорлиги туфайли центнер юқори белгиланган. Энг паст ҳосилдорлик 30 центнер. Фақат омилкорлик билан ишлаган деҳқон бу ерда режасини бажаради. Масалан, тажрибали деҳқон Абдухолиқ Самадов бошлиқ “Қарсоқли” фермер хўжалиги аъзолари ҳар гектар майдондан 35,5 центнердан жавоҳир йиғиб олиб, давлатга 133 ўрнига 150 тонна пахта сотишди. Эргаш Хўжамбердиев етакчилигидаги “Беҳзод Хўжамбердиев” фермер хўжалигида ҳосилдорлик 32 центнерни ташкил этган бўлса, Шавкат Хўжамуродов раҳбарлигидаги “Тошбой Хўжамбердиев” фермер хўжалигида 33 центнердан хирмон кўтарилди. Тажрибали деҳқон Комил Жумаев раҳбарлигидаги “Нодирбек Жумаев”, Олламурод Абдураимов етакчилигидаги “Чаёнтепалик Санжарбек”, Фахриддин Қўзиев бошлиқ “Ашур Мамаражабов” каби ўнлаб фермер хўжаликлари ўнинчи сентябрдаёқ биринчи терим ҳисобига  режани ошиғи билан адо этдилар.

Таъкидлаш жоизки, халқнинг ҳамжиҳатлиги ва “Янгиер” бўлими бошлиғи Жуманазар Ўрозов, “Қарсоқли” бўлими раҳбари Алихон Норов, “Хўжамулки” бўлими етакчиси Фахриддин Қўзиевларнинг хонадонма-хонадон юриб, элни теримга сафарбар этишгани ва теримчиларга терган пахтаси пули дала бошида кунлик бериб борилгани туфайли ҳашарчиларнинг кўмагисиз бепоён пахтазорлардаги ҳосилнинг асосий қисми тез кунда  йиғиштириб олинди. Чиннихол Қосимова, Меҳринисо Қўзиева, Малика Мирзаева, Зулхумор Бердиева каби 7240 нафар теримчи эртаю кеч теримда фаол иштирок этишди.

— Ҳали хўжаликларимизнинг кўпида иккинчи терим бошланганича йўқ,  — дейди уюшма раҳбари Н. Алиев.  — Пахта шу қадар мўл бўлганки, ҳар куни ҳудудимиздан қабул масканларига 50 тоннагача “оқ олтин” топширилаяпти.  Имкониятларимизни чамалаб, яна 1000 тонна жавоҳир териб топширишга қарор қилган ҳолда терим суръатини пасайтирмаяпмиз.

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Хирмон тўлиб тўкилди дон…

Воҳамиз ғаллакорлари давлатга ғалла сотиш шартномавий режасини ошириб бажаришди. Қабул масканларига бугунгача 289,9 минг ўрнига …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan