Бош саҳифа / Жамият / Като Кюдзони эслаб…

Като Кюдзони эслаб…

Шундай олимлар борки, улар ўз фаолияти давомида яратган асарлари билан нафақат бир мамлакат, балки дунё халқларини, маданиятини бир-бири билан яқинлаштиради. Япониялик тарихчи-этнолог профессор Като Кюдзо шубҳасиз ана шундай олимлардан эди. У биринчилардан бўлиб, ўзбекистонлик олимлар билан ҳамкорликда 1989 йилда археологик қазишма ишларини ташкил этган. 1988 йилда Япониянинг қадимги пойтахти Нарада “Ипак йўли Нарага олиб боради” мавзусида ташкил этилган халқаро кўргазмада Ўзбекистондаги икки ёдгорлик: Фаёзтепа буддавийлик монастири (эски Термиз ҳудуди) ва Далварзинтепадан топилган бир неча буддавийлик санъати намуналари намойиш этилади. Бу нафақат Като Кюдзо сингари мутахассисларда, балки  кенг япон жамоатчилигида ҳам катта қизиқиш уйғотди.

1989 йилда ҳозирги Ўзбекистон Фанлар академияси санъатшунослик институти ва Япониянинг Сока университети (Токио), Кашихарадаги археология институти  ҳамкорликда археологик қазув ишлари олиб боришга келишилди. Шу йили Б.  Турғунов ва Като Кюдзо раҳбарлигида Шўрчи туманидаги Кушон  подшолиги даврига оид (I-III  аср  ўртаси) Далварзинтепада археологик қазув ишлари бошланди. Ушбу қазишма   ишлари   баробарида Японияда юртимизнинг қадимги тарихи ва маданияти тўғрисида бир неча тилларда асар яратиш устида ҳам иш олиб борилди. 1991 йилда Токиода Сока университети томонидан ўзбекистонлик археолог олимлар Г. А. Пугаченкова, Э. В. Ртвеладзе, Б. А. Турғунов ҳамда Като Кюдзо ҳаммуаллифлигида “Жанубий Ўзбекистоннинг қадимиётлари” асари нашр этилди.

1997 йилда Като Кюдзо японияликларни юртимизнинг қадимги тарихи ва маданияти билан бевосита яқиндан таништириш мақсадида “Сюан Цзян излари бўйлаб” халқаро сайёҳлик гуруҳининг Марказий Осиё бўйлаб сафарини ташкил этади ва буни “Като сэн сэй” яъни, “Като устоз” шараф билан уддалайди. Шу йили профессор Като Кюдзо ҳамроҳлигида 90 га яқин япон сайёҳлари Термизга келди.

1961-1994 йилларда Термиздаги эски Қоратепа буддавийлик иншоотлари мажмуи тарихини ўрганиш борасида Б.Ставиский раҳбарлигида олиб борилган тадқиқот жараёнида ҳам қатор эътиборга молик ишлар амалга оширилган. Қоратепадан топилган осори-атиқаларнинг  юртимиздаги музейларда намойиш этилиши баробарида, қазиш ишлари натижасида очилган иншоотларда босқичма-босқич уларни сақлаш чоралари амалга оширилди.

Эски Термизнинг яна бир жаҳонга машҳур буддавийлик ёдгорлиги —  Фаёзтепани қисман таъмирлаш ва музейлаштириш масаласида ҳам Като Кюдзо ўзининг маслаҳатлари ва беғараз ёрдамини аямади. 2002-2006 йилларда Фаёзтепа буддавийлик монастири Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Япония Траст фонди ҳомийлиги ҳамда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси иштирокида қайтадан тўлиқ қазиб ўрганилди ва қисман таъмирланди. Бугунги кунда Фаёзтепа буддавийлик ёдгорлиги Ўрта Осиёда музей қўриқхонага айлантирилган ягона археологик обида ҳисобланади.

Ватанимизнинг “Дўстлик” ордени соҳиби, Термиз шаҳрининг фахрий фуқароси, профессор Като Кюдзо  нафақат Сурхон аҳли, балки мустақил Ўзбекистон халқининг қалбида мангу яшайди.

Т. АННАЕВ,
Ўзбекистон Фанлар
академияси археологик
тадқиқотлар институти
катта илмий ходими

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan