Бош саҳифа / Адабиёт / Касб ва қалб оҳанглари

Касб ва қалб оҳанглари

Қаламкаш хаёлию руҳида кечган ижодий руҳий жараённинг энг юксак нуқтасида, илҳом палласида янги асар яралади. Бугунги ҳаётимизда рўй бераётган ўзгаришлар, юртимиз жамолининг жилолари, бунёдкорлик мўъжизалари таъсирида Ватан, тарих ҳақида кўплаб асарлар ёзилаётганлигини изоҳлаш мумкин.

Қолаверса, баҳор кайфияти, дунёни яшилликка буркаган фасл ижодкорлар кўнглида ҳам боғлар яратади. Шунинг учун ҳам баҳор фаслида таҳририятга келаётган хатлар оқими янада кучаяди. Албатта, улардан фойдаланиш, ўз ўқувчиларига етказиш бизнинг бурчимиздир. Зеро, шеър ёзиш — бошқаларга меҳр улашиш ва яхшилик соғинишдир. Кўнглида шеър яралган инсон гўзал туйғуларини, ширин орзусини, эзгулигини, меҳр-оқибатини атрофдагиларга улашгиси келади.

Таҳририятимизга йил бошидан то шу кунга қадар келган мактубларни ўқиб, шундай хулосага келдик: ҳар бир ижодкорнинг битта бўлса ҳам истеъдодини кўрсатувчи шеъри, тўртлиги ёки бирон сатри бўлар экан. Эътироф этиш керак, қўлёзмалар, шеърий туркумлар кўп. Аммо газетанинг имконияти чекланган-лиги сабаб, умид билан бизга мактуб йўллаган ижодкорларга миннатдорлик билдирган ҳолда, уларнинг шеърларидан парчалар келтириб, ўз муносабатимизни билдиришни лозим топдик.

Музработлик қаламкаш Жамшид Назаров ўзининг “Ватан” шеърида оналарнинг туйғуларини шундай ифода этади:

Оналар сўзидан олдим мен қалам,
Юртбошинг ишончин оқлагин болам,
Ватан хизматига шай тургин ҳар дам,
Темурбек авлоди норғул ўғлоним..

Яна бир музработлик ижодкор Шоира Ваҳобова ўзбек аёлига бўлган муҳаббатини изҳор этиб мактуб йўллаган:

Пойингизга гуллар тўшагим келди,
Аллоҳдан жаннатни сўрагим келди,
Юракдан мадҳингиз сўзлагим келди,
Сиз учун ҳокисор ўзбек аёли.

 Жарқўрғонлик Парда шоир дўстлик, умр, ҳаёт, ёшлик мавзуларидаги шеърларини юборган. Бир шеърида дўстлик мавзусини гўзал ташбеҳлар билан изҳор этади.

Бахт юлдузи мудом чарақлаб турсин,
Қайғунинг шарпаси йироқлаб турсин.
Яхши-ёмон кунда синалган дўстлар,
Доим бир-бирини сўроқлаб турсин.

Олтинсойлик ижодкор, Зулфия Менгташева «Қоғоз ва қалам” деган шеърида ўзининг кўнглидаги нозик кечинмаларини ёзади:

Бировга айтолмас дардимни айтдим,
Қалбимни тиғласа ситам ва алам.
Энг яқин сирдошим, дўстим бўлдингиз,
Миннатдорман сиздан қоғоз ва қалам.

Ижодкор Хуррам Аббос “Ватан” деган шеърини шундай ифодалайди:

Шу юртда туғилдим, улғайдим-ўсдим.
Шу Ватан қадрли менга ҳар кўшкдан.
Мурғак гўдаклардек бир ҳисни туйдим,
Ватан бошланаркан асли бешикдан.

Афғонистонлик ёш қаламкаш Азҳар Йўлдош “Фалак” шеърида кўнгил кечинмаларини қуйидаги ташбеҳлар билан ифодалайди:

Қанчалар чекдим дард-у алам танда жоним қолмади,
Ҳасрати эй бевафо чарх, рангда қоним қолмади.
Кечалар бедор, қайғу чекиб, тонглар кутаман.
Баҳор фаслим тугади, энди хазоним қолмади.

Бу сатрларни ўқиб, узоқ вақтга ўйга чўмсангиз ажаб эмас…

 Ёш ижодкор Сарвиноз Ўролова “Баҳор” шеърида мурғак қалбининг сўзларини ёзади.

Эрий бошлар оппоқ қор, бўй кўтарар бойчечак,
Ахир келди гулбаҳор, ёмғир томади чак-чак.
Кўкарди гул майсалар, бизнинг гўзал маконда.
Шукр қилар одамлар, баҳор келган бўстонда.

Ватан мадҳини куйламаган ижодкор бўлмайди, чунки шоир халқи борки, туғилиб, вояга етган муқаддас заминини тараннум этиб, завқ олади. Ана шундай ижодкорлардан яна бири ТерДУ талабаси Анбара Эргашева ўз шеърида ёш тенгдошларига қарата шундай дейди:

Аждодлар мулкидан англайлик маъно,
Зеро, биз Термизий, Бухорий насли.
Мустақил юртимни тан олсин дунё,
Яна кўп бор келар Беруний асри.

Навбатдаги шоиримиз Норхўжа Муҳиддинов кўнгил кечмишларини “Она” шеърида изҳор этиб, мактуб йўллайди.

Дилимдаги яралар, қачон тугар таъналар,
Мени доимо асрар, сенинг меҳринг онажон.
Мен учун энг катта бахт. Гуллаб тур, бўлгин дарахт.
Фарзандларга тож-у тахт, Тириклигинг онажон!

 Низомий номидаги ТДПУ Термиз филиали талабаси Бобораҳимов Алишер томонидан юборилган машқларда қалбда нурли туйғулар уйғотувчи тасвирлар бор.

Ўтмиш шундай ўткинчи экан, тарих бўлиб қолаверади,
Келажакчи, ўз ўтмишидан сабоғини олаверади.
Келажакни қурувчи ёшлар, Мен шу сафда олайин нафас.
Пойдевори мозийдан хабар, Бутун дунё қилади ҳавас.

Юртмизнинг олис тоғларида, қишлоқ-шаҳарларида яшаб ижод қилаётган замондошларимизнинг шеърларидан бир гулдаста ясаб, армуғон этар эканмиз,бир нарсани таъкидлаб ўтмоқчимиз. Таҳририятга юборилаётган барча ижодий намуналар бугунги талаб даражасида эмас. Биринчидан, аксарият ҳолларда қўшиқлар ва ўқилган китоблар таъсирида ёзилаётган машқлар, оддий, рангсиз жумлаларга ҳам дуч келамиз.

Иккинчидан, оддийгина шеър тизимидан, вазн, шеърий ўлчовлардан ва қофиялардан узоқ машқларини юбораётган ёшларимиз ҳам бор.

Деновлик ижодкор Аҳмад Намозовнинг “Ишонма кўздаги муҳаббатимга” сарлавҳали машқида бир мунча дуруст мисралар бор. Аммо машқ ҳали мукаммал шеър даражасига кўтарилмаган. Аввало ҳар тўртлик охирида “Ишонма кўздаги муҳаббатимга” дейиш билан ҳаваскор нима демоқчи? Мен вафосизман, менга ишонма деяптими? Шуниси ҳам борки, бу қайтариқ аввалги мисралар мазмун-моҳиятига тескари маънода келаяпти. Мана, ўзингиз ўқиб кўринг:

Дунёда муҳаббат, севги пок бўлсин,
Пинҳона излаган нигоҳинг каби
Эрта кириб келса қалбингга ҳижрон,
Ишонма кўздаги муҳаббатимга.

Мисралар бир-бирини маъно жиҳатдан рад қилишдан ташқари шеър нинг дастлабки тўртлигида, умуман поэзиянинг энг муҳим унсури қофия умуман йўқ. Уни шу ҳолича эълон қилиб бўлмайди, албатта.

Устоз адиб Асқад Мухтор таъкидлаганидек: шоир учун асосий иш — кўнгил кўзи билан кўриш. Қоғозга тушириш эса — касбдир.

Шаҳринисо ФАРҲОДОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Бойчиборнинг қайтиши

Бойсун тоғда қиш келар эрта, Бойчиборнинг синаб белини, Билсанг агар Бойсун элини. Юрт тулпори сафарга …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan