Бош саҳифа / Таълим / Касб масъулияти – муваффақият омили

Касб масъулияти – муваффақият омили

Тараққиёт билан ҳамнафас ҳаракат қилиш, асосан замонавий билим асослари ва ёшларнинг интеллектуал салоҳияти билан янада мустаҳкам қарор топади.

Шу боис, Юртбошимизнинг бевосита саъйи ҳаракатлари билан билим юртларининг нафақат моддий базасига, балки таълим сифатини юксалтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 1261 нафар ўқувчи таҳсил олаётган Термиз ахборот технологиялари ва туризм касб-ҳунар коллежи ҳам замонавий ўқув қуроллари билан жиҳозланган. Таълим муассасасида кинология, радиотехника, бухгалтерия ҳисоби, тикувчилик, санитар юк ташиш, информатика каби йўналишлар қатори меҳмонхона ва ресторан хўжалиги менеджери, туроператор, ошпазлик курсларининг ташкил этилишида айнан бугунги кун талабидан келиб чиқилган. Боиси, вилоятимиз табиатининг бетакрор гўзаллиги ҳамиша меҳмонларни ўзига жалб этиб келган. Республикамизда ички туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Сайёҳларга сифатли ва маданиятли хизмат турларини кўрсатиш эса уларнинг тўлақонли саёҳат қилишларини таъминлаш баробарида меҳмонлар кўламининг ошишига хизмат қилади.

— Айни пайтда туризм соҳасида таълим олаётган ўқувчиларимиз Термиз “Трейвль”, “Зодиак туризм”, “Сурхон туризм”, “Старт туризм” каби сайёҳлик ташкилотлари билан ҳамкорликда кўникмаларини шакллантириб келмоқдалар. Воҳамизда 5-10апрель кунлари бўлиб ўтадиган “Бахшилар фестивали”га вилоятлардан ва хорижий давлатлардан ташриф буюрадиган иштирокчилар ва меҳмонларга юқори савияда туристик хизматни кўрсатишга қаратилган гид-волонтёр, администратор, официант, меҳмонхона хизмати йўналишлари бўйича 25 февралдан 2 мартгача вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси ташаббуси билан ташкил этиладиган семинарда 61 нафар ўқувчимиз малака оширади, — дейди коллеж директори Дилмурод Ҳофизов.

— Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги “Сурхондарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ вилоятимизнинг хушманзара ҳудудларида ҳам кичик туризм зоналари ташкил этилди. Ўқувчиларимиз келажакда Бойсун, Сариосиё, Шеробод кичик туризм зоналари ва вилоятимизнинг кўп йиллик тарихий ёдгорликларини асраб келаётган мафтункор экотуризм манзиллари бўлган сўлим тоғ бағирларида сайёҳларга хизмат кўрсатишади. Ўқувчиларимиз танлаган касблари масъулиятини жуда яхши билишади. Дарҳақиқат, қайси юртга борманг, аввало хушмуомала муносабатдан, замонавий туристик хизматдан мазмунли ҳордиқ оласиз, бир олам унутилмас таассуротлар билан қайтасиз,— дейди касбий таълим йўналиши бўйича директор ўринбосари Холбўта Сафаров.

Коллежнинг 3 нафар ўқитувчиси пойтахтимизда бўлиб ўтган “Италия туризм ҳафталиги” доирасида ташкил этилган семинарда фаол иштирок этиб, махсус сертификат билан қайтишди. Мухтасар айтганда, таълим муассасасида бошқа йўналишлар бўйича ҳам чуқур билим берилади. Компьютерлаштирилган синфхоналар, бой кутубхона, спорт зали ва турли тўгарак хоналари ҳамиша ўқувчилар билан гавжум.

Алиёр РАЖАБОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Маънавият сабоғи

Жойларда ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, таълим сифати назоратини кучайтириш ҳамда тарбия соҳасида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan