Бош саҳифа / Жамият / Касб юки ва масъулияти

Касб юки ва масъулияти

Ҳар ким ўз касб-коридан келиб чиқиб, ўша соҳанинг энг афзал томонлари ва жамиятда тутган муҳим ўрни ҳақида қойиллатиб иқтибос беради. Бунга таажжуб шартмас, ҳақиқат шуки, бу ҳам кишининг касбига бўлган муҳаббати мевасидир.

Узоқ йиллар тележурналистика соҳасида фаолият юритган, кўплаб долзарб кўрсатувлар муаллифи Эркин Тўраназаров айни пайтда “Шеробод” туман газетасида бош муҳаррир. Бугунги қайноқ ислоҳотларга тўла даврда долзарб масалалар, муҳим янгиликлар оқимини муштарийлар эътиборига етказаётган жамоада Парда Муҳаммадиев, Шерали Алиёров, Мафтуна Арамиддинова, Абдулло Муҳаммадиев каби фидойи инсонлар фаолият юритади.

— Журналист, аввало, мустақил ва холис фикр эгаси бўлиши зарур. Жамоатчиликни эшита олиш ва уларнинг муносабатларини тўғри қабул қилиши керак, боиси муносабатлар турлича бўлса-да, мақсадлар муштарак бўлиши мумкин. Энг муҳими, ўқувчиларимиз сони қувонарли. Ададимизга келсак, нолимаймиз. Жамоамиз аҳил. Тўғрисини айтсам, бугунги кунда сўз, фикр эркинлиги хусусидаги янги қарашлар журналистларга, халқимизга куюнчаклик масъулиятини бермоқда. Қайси соҳа бўлмасин, жамоатчиликнинг холис назоратида. Бу эса барқарорлик йўлидаги ислоҳотларимизга ҳар биримиз бефарқ эмаслигимиздан далолатдир, — дейди газета бош муҳаррири. — 1932 йилда ташкил топган газетамиз вилоятимизда отахон газеталар сирасига киради. Унинг шаклланишида Самариддин Зиёев, Эшбўри Аҳмедов, Эштемир Нурқобилов, Раҳим Искандаров каби журналистларимизнинг ўзига хос мактаби бор. Яна ютуқларимиздан бири биз кўпроқ жамоатчиларимиздан унумли фойдаланишимизда, деб биламан. Хусусан, Искандар Шоймуродов, Жамол Саломов, Манзура Улуғбердиева, Зебунисо Бўриева каби турли соҳа вакиллари билан ижодий ҳамкорликни яхши йўлга қўйганмиз. 1977 йилдан буён шу соҳада фаолият юритиб келаётган Парда Муҳаммадиев ижодий жараёнда жамоамизнинг устози бўлса, тажрибали дизайнер-саҳифаловчимиз Шерали Алиёров ижод ва шакл уйғунлигини таъминловчи масъулият соҳиби. Шуни қувонч билан айтиш жоизки, ҳеч ким, ҳеч бир давлат ахборотсиз яшай олмайди ва ахборотсиз тараққий этмайди. Бу таъриф бизнинг касбимизга, унинг тутган ўрнига, масъулиятига нисбатан айтилган. Фурсатдан фойдаланиб ана шундай залворли касб эгалари бўлган барча оммавий ахборот воситалари ходимларини касб байрамлари билан жамоамиз номидан муборакбод этиб қоламиз.

Қайси соҳа бўлмасин, жамоа аҳил бўлса янги равнақ бекатлари шунчалик хайрли ва виқорли бўлади. Халқ минбарининг бу аҳил жамоасига ҳам ижодий юксаклик тилаймиз.

Алиёр РАЖАБОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE