Касб фидойиси

0
80

27  ИЮНЬ — МАТБУОТ ВА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ХОДИМЛАРИ КУНИ ОЛДИДАН

Камтарин журналист, “Шуҳрат” медали соҳиби, “Ўзбекистон” радиоканалининг Сурхондарё вилояти бўйича мухбири бўлиб ишлаган Нортожи Зиёев ўзининг самимий битиклари билан тингловчилар қалбидан жой эгаллаган ижодкордир.

Нортожи Зиёев ўрта мактабда ажойиб устозлардан сабоқ олиб, олий ўқув юртига ўқишга отланди. Термиз давлат педагогика институти педагогика факультетига ўқишга кириб, муваффақиятли тамомлади. Иш фаолиятини (“Ленин байроғи”) ҳозирги  “Сурхон тонги” газетасида оддий ходимликдан бошлади. Ўша йиллар бош муҳаррир Саидмурод Жўрақулов раҳбарлигида Болта Ёриев, Аннақул Шоймардонов, Олимжон Усанов каби ажойиб журналистлардан  сабоқ олди.

Воҳа янгиликларини вилоят, республика рўзномаларида ёритиб борди. Касбга бўлган қизиқиши ва билимини ошириш учун Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини сиртдан тугатди. Бир неча йил Қумқўрғон туманида “Меҳнат шарафи” ҳозирги “Қумқўрғон садоси” газетасида муҳаррир ўринбосари бўлиб фаолият юритди. Тумандаги кўплаб ёш ижодкорларга устозлик қилди.

Кейинчалик вилоят радиосида ҳам ишлаган Н. Зиёев  жамоанинг ҳурматига сазовор бўлди. Ҳар бир тайёрланаётган эшиттириш ва радио репортажини тингловчилар мамнуният билан қабул қиларди. Вилоятнинг қишлоқ ва туманларида  Нортожи Зиёевнинг қадами тегмаган жой бўлмаса керак. У воҳани яёв кезиб чиққан.  Халқ ва юрт манфаати учун хизмат қилган жонкуяр журналист Биринчи Президентимиз И. Каримовнинг фармонига кўра, “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Кекса журналист Нортожи Зиёев  нафақада бўлишига қарамай, мухбирлик фаолиятидан ёшларга сабоқ бермоқда. Ўз касбининг фидойиси бўлган ижодкорни яқинлашаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан табриклаб, мустаҳкам соғлик тилаймиз.

Тўра РАЗЗОҚ,
меҳнат фахрийси

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг