Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Картошканинг сифати нимага боғлиқ?

Картошканинг сифати нимага боғлиқ?

Картошка иккинчи нонга қиёсланади. Кундалик турмушда уй бекалари ундан тўйимли таомлар тайёрлашда фойдаланишади. Картошка пишган пайтда қишлик учун ғамлаб қўйилса, ҳам арзон, ҳам фойдали бўлади.

Бироқ уни узоқ вақт сақлаш бироз муаммо туғдиради. Негаки, қишлоқ хўжалигида, аҳоли томорқаларида етиштирилаётган картошкаларга эртадан қурт тушиб, касалланаяпти. Картошкани яхши сақлаш бўйича ҳар кимнинг ўз тавсиялари бор, албатта. Кимдир картошкани етиштириш жараёнида доривор воситаларни сепиш фойда беради деса, яна кимдир картошка пишиб тайёр бўлгандан кейин уни авайлаб қоғоз халтачаларга жойлаб, cоя салқинда сақланиши керак, ана шундагина ердан янги ковлаб олингандек туради, дейди.

Бу борада мутахассисларнинг фикри бошқача.

—    Картошка экишдан олдин кузда ерни 30-40 сантиметр чуқурликда ҳайдаш лозим, — дейди “Чағониён ўсимликлар клиникаси” агрономи Нурилло Ҳидоятов. — Ерни ҳайдашдан аввал маҳаллий ўғитларни сепиш зарур. Аммо ўғит чириган бўлиши шарт. Негаки, таркиби чиримаган маҳаллий ўғитда турли ҳашаротлар уя қуриб олади. Бундан ташқари, ҳар гектар ерга 150 килограмдан аммафос ҳамда 60 килограмдан калий сепиш ернинг ҳосилдорлигини оширади. Картошка уруғини танлаётганда сифатлисини танлаш мақсадга мувофиқдир. Масалан, “Агаве”, “Мондеал”, “Драга” нав- лари мўл ҳосил беради. Картошкани экишдан олдин, албатта, суғориш керак. Сув қуйиш жараёнида эса “премифосметил” дорисини ҳар бир эгат бошига қўйиб чиқиб ушбу дорининг сув билан аралаштириб эгатларга боришини таъминлашга эътибор қаратсак, тупроқ таркибида симқурт бўлмайди. Картошканинг асосий кушандаси ҳисобланадиган Колорадо қўнғизи, неметодларга ҳамда фитофторо касаллигига қарши ҳам ушбу препарат яхши самара беради. Бу ишларнинг ҳаммаси картошкани экишдан олдин қилиниши лозим. Картошка кўкариб чиққандан кейин доимий равишда ўғит бериб борилади, албатта.

Минг афсуски, кўпчилик деҳ- қонлар бу каби агротехник тадбирларни тўғри бажармасдан, маҳсулот етилгандан кейин ё касалга чалингандан сўнг ё бўлмаса, қуртлар аллақачон картошка танасига жойлашиб бўлгач ҳаракатни бошлашади. Зарарланган картошкани қанча яхши жойда сақласангиз ҳам барибир узоқ вақт турмайди.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, сифатли картошкани кўпчилик оғилхоналарда сақлашга уринади. Аммо бу мутлақо нотўғри, негаки айнан оғилхоналар ҳашаротлар макони. Картошкани сақлашнинг бошқа усуллари ҳам бор. Жумладан, салқин жойда, асосан, уйнинг ертўла қисмида, ердан ковланган ўраларда, тез-тез шамоллатиб туриладиган омборхоналарда, баландлиги 3,5-5 метрдан ошмайдиган деворли хирмонларда, яшикларда сақланса, картошка яхши туради. Картошкани яшикларда ёки бирор идишда сақлаш учун уларнинг орасида ғоваклар қолдириб тахлаш лозим. Бунда картошкалар орасидан шамол ўтиб туради ва сифатига зарар етмайди. Бундан ташқари, хонадонларда 1,5-2 метр чуқурликда бетон ё ғиштдан қўлбола омборлар қуриб ҳам картошкани узоқ вақт сақлаш мумкин.

Адолат МЎМИНОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Деҳқонларга қўшимча даромад

Бу йил ғаллакорларимиз юқори ҳосил етиштириб, давлатга дон сотиш режасини ошириб бажаргани кўпчиликка маълум. Яхши …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE