Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Картошка куяси – ҳосил кушандаси

Картошка куяси – ҳосил кушандаси

Республикамиз қишлоқ хўжалигида аҳолини сифатли ва экологик хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳукуматимиз қарорларида муҳим вазифалардан бири этиб белгиланган.

Картошка иккинчи нон ҳисобланади. Уни етиштириб, эл дастурхонига тортиқ этишнинг ўзи бўлмайди. Картошка экиладиган 80дан ортиқ мамлакатда колорадо қўнғизи, картошка куяси ва бошқа зараркунандалар учрайди. Республикамизда картошка куяси илк бор Хоразм вилоятининг Туркманистон билан чегарадош Шовот, Гурлан, Қўшкўпир туманларида аниқланган. Ҳозирда бу хавфли карантин ҳашарот республикамизнинг барча картошка экилаётган майдонларида тарқалмоқда.

Картошка куяси — картошка, тамаки, бақлажон, помидор ва бошқа итузумдошлар оиласига кирувчи ўсимликларга катта зарар етказувчи хавфли ҳашарот ҳисобланади. Бу ҳашарот бир йилда 5-6 авлод беради. Ёз мавсумида бир авлоднинг ривожланиши 22-30 кун, қиш мавсумида эса 2-4 ойгача давом этади. Ҳаво ҳароратининг -40 ва +36 даража бўлиши картошка куясига ҳалокатли таъсир қилади. Картошка куяси етук личинкалик ёки ғумбаклик даврида қишлайди. Капалаклари бир ёки бир дона уруғини барглар, тамаки, картошка, помидор, картошка меваси, тупроққа қўяди.

Картошка куяси маҳсулот бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга олиб кирилганда ўтади. Ёз мавсумида картошка куяси омборхоналарга тўхтовсиз тухум қўяди. Куя тарқалган жанубий ҳудудларда ва иссиқ омборларда картошка куяси қишки уйқуга кирмайди. У кўчатларга ҳам, ўзини тутиб олган ўсимликларга ҳам зарар етказади. Кўчатларнинг айрим баргларини ва баъзан бутун тупини қуритиб қўяди.Тамаки ўсимлигига куя тушса, саноат учун яроқли ҳосил бермайди. Помидор мевасини яроқсиз қилиб қўяди.

Бу офатдан қутилиш учун уруғ сақланадиган омборларни фумигация қилиш, уруғлик картошкани тавсия этиладиган препарат билан ишчи эритма тайёрлаб, ишлов бериб, 2 соат димлаб, сўнг омборга олиб кириш лозим.

Картошка экилган майдонларда картошка куяси капалаги уча бошлаганда ёки личинкаси аниқланиши билан кимёвий ишлов бериш керак. 10-15 кундан сўнг иккинчи ишловни ўтказиш даркор.

Олдини олишнинг ягона чораси зараркунанда тарқалган давлатлардан келаётган юк машиналари ва юкларни карантин текширувидан ўтказиш; саноат юклари ва транспорт воситаларини зарарсизлантириш; ўсимлик маҳсулотлари ортилган ҳудудларни 3 квм.га феромон тут- қичлар ёрдамида текшириб чиқиш; итузумдошлар оиласига кирувчи ўсимликларни доимий назорат қилиш; картошка пояси қуриб қолишига 5-7 кун қолганда ўриб олиш ва йўқотиш; даладан картошкани тез йиғиштириб олиш ва олиб чиқиб кетиш; картошка ҳосилини бромметил билан зарарсизлантиришдир.

Махсулотларни республикамизга киритиш “Ўздавкарантин” инспекцияси томонидан берилган карантин рухсатнома талаби асосида амалга оширилади. Мақсад ички карантин объекти ҳисобланган қишлоқ хўжалик экинларини ҳашарот ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш ва фитосанитар тоза экспортбоп маҳсулотлар етиштиришдир.

И. МАМАДАЛИЕВА,
вилоят ўсимликлар карантини
ҳудудий инспекцияси УКЧМ мудири
Д. САТТОРОВ,
инспекциянинг УКЧМ
1-тоифа агроном-инспектори

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

ПАРИҚИШЛОҚЛИК АНГУБИН

Бежизга қариялар умринг узун, ризқинг бутун бўлсин, деб дуо қилишмайди. Яна шу нарса айни ҳақиқатки, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan