Бош саҳифа / Жамият / Картошка етиштириш учун имконият

Картошка етиштириш учун имконият

Аёнки, замини олтинга тенг, иқлими мўътадил Сурхон воҳаси бозорларида бу йил аҳолининг асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан бири ҳисобланган картошканинг нархи пасаймаяпти. Сабаби бу экин асосан томорқа хўжаликларида етиштирилмоқда. Боз устига ўтган йили уруғлик нархи ошиб кетгани туфайли қишлоқ аҳли ҳам томорқаларига кам картошка экишди. Далиллар шуни кўрсатмоқдаки, фақат шахсий сектор ҳисобига аҳолини бу маҳсулотга бўлган талабини тўлиқ қондириш ва картошканинг бир қисмини марказий шаҳарлар аҳолисига етказиб бериш қийин. Шунинг учун иккинчи нонимиз ҳисобланган картошка кенг майдонларда экилсагина, вилоят ва Тошкент, Самарқанд сингари йирик шаҳарлар аҳолисини эртачи ва сифатли картошка билан таъминлаш мумкин.

Маълумки, Сурхондарёда картошкани плёнка остида ўстириб, март ойи- да эл дастурхонига тортиқ этаётган ҳамда бозорларга чиқараётган миришкор деҳқонлар жуда кўп. Улар ҳар йили шу тажрибани қўллаб, эртачи картошкадан миллион-миллион сўм даромад қилишаяпти ва энг муҳими, элнинг бу маҳсулотга бўлган талабини қондиришга ҳисса қўшмоқдалар.

Шундай тадбиркор деҳқонларга шароит яратиш ҳамда келгуси йил халқимизни ушбу полиз маҳсулотига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш, арзонлаштириш ниятида картошка экишга талабгорларга фермер хўжаликларининг далаларидан ер ажратилади. Бунинг учун талабгор фермер хўжалиги билан шартнома тузади ва ердан фойдаланганлик учун даромаднинг бир қисмини хўжаликка беради.

Фермер хўжаликлари далаларида картошка экишга талабгорлар уруғликни ўзи топиб, то апрель ойининг биринчи декадасига қадар ерни бўшатиб бериши шарт. Шу шарт бўйича картошка етиштиришни хоҳловчилар туман ҳокимликларига мурожаат қилиб, фермер хўжаликларидан ер олиб, картошка етиштиришлари мумкин.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan