Бош саҳифа / Спорт / Камтар мураббийнинг катта ютуғи

Камтар мураббийнинг катта ютуғи

Инсон ўз касбининг етук мутахассиси бўлиши учун, аввало, касбини севиши лозим. Ана ўшандагина юқори натижаларга эришиши, шогирдлар ихлоси ва халқ ҳурматига сазовор бўлиши мумкин.

Замондошимиз Ботир Қаражаев ҳам Термиз шаҳридаги 9-умумтаълим мактабининг жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиб фаолият бошлаганига 20 йил тўлди. Ҳаётда жуда камгап ва камтар мураббий бугун ўзи орзу қилган юксак марраларни шогирдлари тимсолида забт этишга астойдил киришган. Унинг саъй-ҳаракати билан ташкил этилган мактабдаги гандбол бўйича тўгаракда айни пайтда 100 дан ортиқ ёш маҳорат оширмоқда. Улар орасида республика, халқаро миқёсда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган спортчилар кўп.

Мактаб ўқувчиларининг “Умид ниҳоллари” мусобақасида қаҳрамонимизнинг жамоаси 2001 йилдан буён қатнашиб, юқори натижаларга эришиб келаётир. Яқинда бўлиб ўтган “Ёшлик” спорт жамиятлари ўртасида ўтказилган республика мусобақасида ҳам Ботир Қаражаевнинг жамоаси биринчи ўринни олиб қайтди.

Шогирдлари орасида Дилшод Худойбердиев, Шерзод Саидмуродов, Аслиддин Йўлдошев, Шаҳзод Йўлдошевлар нафақат республикамиз, балки халқаро танловларда ҳам ғолибликни қўлга киритган чемпионлардир. Жумладан, Дилшод Холмуродов Россияда бўлиб ўтган “Бутун дунё болалар фестивали”да миллий терма жамоа сафида бориб 2-ўринни эгаллаган бўлса, Абдувоҳид Худойбердиев Қозоғистонда ўтказилган Осиё кубогида 1-ўринни забт этиб, финал босқичига йўлланмани қўлга киритди.

— Ҳар бир мусобақа биз учун катта маҳорат мактаби вазифасини ўтайди, — дейди мураббий Ботир Қаражаев. — Гандболдаги янги усулларни ўрганиб, тажриба алмашамиз. Гандбол жуда оғир спорт тури саналгани учун ҳам, аввало, унга қатнашаётган бола жисмонан соғлом бўлиши керак. Замонавий гандболда спортчи эпчил ва чаққон бўлиши керак. Ўйинда сал тўхтаб қолдими, тўпни бой беради. Устунлик рақиб жамоага ўтиб қолади. Шунинг учун ҳам машғулотларни ўз вақтида олиб бораман. Машғулотлар пайтида шогирдларим билан бирга ўйнайман. Бир жамоалик баҳсни, ҳаракатланиш тартибини амалда кўрсатишга ҳаракат қиламан.

Ўхшамай қолган ўйин бўлиб қолса ҳам оғирлик билан ўйин техникасини қайта тушунтирувчи Б. Қаражаевнинг машғулотлари доимо тартибли ўтади. Ўқувчиларнинг арзимас хатоси ҳам соғлиги учун қимматга тушиши мумкин, мураббий буни яхши билади ва ҳеч қачон оғир юкламалар бермайди.

— Ҳар бир болани спорт машғулотларга тайёрлай билиб, қизиқишидан келиб чиқиб йўналтирар эканмиз, бир спорт турининг устаси бўлиб етушгунига қадар мураббий тинимсиз меҳнат қилиши, у билан шуғулланиши керак, — дейди мураббий. — Машаққатли кунлар ортида эса роҳат ҳам бор, албатта. Тайёрлаган шогирдингиз ё жамоангиз ғолиб бўлганда барча чарчоқлар, машаққатлар ёддан чиқади. Ишингизга янада меҳрингиз ортади. Ўзингиз кашф қилган ёшларнинг ғалабаси билан бирга қувонасиз, мағлубиятида жамоа билан қайғуга ботасиз. Бу туйғуларнинг бари бизни бирлаштиради. Биргаликда олдинга интилишга ундайди.

Спорт мураббийи ҳам ижодкордир. Энг илғор тажрибаларни, соҳадаги услуб ва усуллар акс этган ғояларни реал шароитга мослаштириб ҳаётга тадбиқ этиши керак. Тинимсиз меҳнат ва ўз устида ишлашни канда қилмайдиган Ботир Қаражаев тайёрлаган спортчилар бугун юқори натижалар билан устози юзини ёруғ қилиб турибди. Бу борада устознинг ўз ҳақиқати ва педагогик сири бор. У ҳам бўлса ватанпарварлик руҳида машғулотларни олиб бориш. Ҳақиқий ватанпарвар инсонгина ватан шаъни учун астойдил ҳаракат қилади, дейди устоз.

Ботир Қаражаевдек устоз-мураббийлар сони ошаверса, Ўзбекистон аталмиш давлатнинг номини ва шарафини дунёга танитадиган кучли ва истеъдодли спортчиларимиз кўпаяверади.

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Шахматчилар оромгоҳда тўпланишди

Сариосиё туман ҳокимлиги ва вилоят шахмат федерацияси ташаббуси билан “Сардор Парвин” оромгоҳида анчадан буён анъанавий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan