Бош саҳифа / Жамият / Камилла, фақат олға!

Камилла, фақат олға!

Азим пойтахтда Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорларини тақдирлаш маросимида энг ёш номзод Термиз шаҳридаги 1-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Камилла Астанақулованинг номини айтишганда, уни таниганбилганларнинг қалби қувонч ва ғурурга тўлган бўлса, ажаб эмас.

— Аслида Зулфия мукофотига лойиқ топиламан деб хаёлимга ҳам келтирмаган эдим, — дейди Камилла Астанақулова. — Чунки тенгдошларим ҳам истеъдодли ва кучли эди. Аммо, бу мукофотга мени муносиб кўриб, Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг шахсан ўзлари кўксимга нишон тақаётиб, “Камилла, ҳеч қачон тўхтама! Орзуларинг сари интил!” — деганлари менга куч ва ўзимга нисбатан ишонч бахш этди.

Табиатан камгап, камсуқум Камилла ёш бўлишига қарамай, жуда кўп ютуқларга эришган. Ёшлигидан қўшиқ хиргойи қилиш севимли машғулоти. Ота-онаси Шуҳрат ва Вера опа қизидаги бу қизиқишни рағбатлантириш мақсадида Камиллани 7 ёшида Термиз шаҳридаги 1-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Нурико Бокуменкога шогирдликка беришди. Устоз ҳам Камилладаги қизиқиш ва истеъдодни пайқаб, санъат сирларини ўргата бошлади. Йиллар сайин сайқаллашиб, ўз маҳоратини кўрсата бошлаган Камилла Нурико Бокуменконинг меҳнати ва сабоқларини оқлай олди.

— Устозимдан жуда кўп нарсаларни ўргандим, — дейди Камилла. — Опера куйлаш олдин шунчаки қизиқиш бўлган бўлса, вақт ўтиб ҳаётим мазмунига айлана борди. Опера куйлашда овоз жуда муҳим. Ноталар, овоз пардаларининг ўзаро мутаносиблиги, қолаверса, сиз куйлаётган асарларнинг тилини, мазмунини тушуниш, қўшиқни ўзиники қила билиш лозим. Шундагина ўйлаган натижага эришиш мумкин. Н. Бокуменко айни шу жиҳатларга эътибор қаратишим лозимлигини уқтиради. Опера ватани — Италия. Шунинг учун ҳам италян тилини ўрганаяпман. Шу билан бирга инглиз тилини ҳам. Тил билиш жаҳон санъатига йўл очиш демакдир.

Камилла 10 ёшида “Эстрада ва академик чолғулар” республика кўриктанловида биринчи ўринга лойиқ топилган бўлса, 2015 йилда “Истеъдод” деб номланган халқаро танловда ажойиб овози сабаб алоҳида эътироф этилган эди. 2016 йилда намойиш этилган “Юлдузча” телевизион кўрик-танловидаги ёш истеъдодлар барчани мафтун этган эди. Улар орасида Камилла Астанақулованинг ҳам борлиги, уни мутлақ ғолиблардан бири дея топилгани ҳали ёдимиздан чиқиб улгурмай, Камилла 2017 йилда Москвага йўл олиб, “Голос детей”да ҳам тан олинди.

— Камилла Астанақулова содда ва самимий қиз. Энг намунали ўқувчиларимдан, — дейди Термиз шаҳридаги 1-мактаб директори Камол Менглиев. – Ёш бўла туриб, жуда кўп ютуқларга эришган бўлса-да, ҳеч қачон киборланмаган. Телевизордан тақдирлаш жараёнини кўриб, қувончим ичимга сиғмади, ҳаяжондан кўзимга ёш келди. Мана шундай ўқувчимиз борлигидан фахрланаман. Камиллани ўқитувчи ва мактабдош дўстлари биргаликда тантанали кутиб олдик ва мукофот билан қутладик.

— Бу мукофот менга катта масъулият юклади. Юртбошимиз ва давлатимиз томонидан билдирилган ишончни ва эътирофни, албатта, оқлайман. Келажакда дунё тан олган опера санъати усталари каби санъаткор бўлиб, юртим номини дунёга танитаман, — дейди Камилла.

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Янги масжид муборак

Кеча Термиз шаҳрида Ҳаким Термизий номидаги янги жомеъ масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Янги жомеъ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan