Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Кафилнинг мажбурияти

Кафилнинг мажбурияти

Шартномалар хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги иқтисодий муносабатларни тартибга солишда асосий ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Томонлар шартномада белгилаб қўйилган шартларга кўра ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлишади.

Мажбуриятнинг бажарилишини таъминлаш усулларидан бири қарздор билан бир қаторда учинчи шахсни жалб этиш, яъни кафилликдир. Мамлакатимизда кафиллик билан боғлиқ муносабатлар Фуқаролик кодекси, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шарт номавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

 Кафиллик шартномаси бўйича кафил Фуқаролик кодексининг 292-моддасига кўра бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади. Ёзма шаклдаги мазкур ҳужжат келгусида вужудга келадиган мажбурият бажарилишини таъминлаш учун ҳам тузилиши мумкин.

Кафиллик учинчи шахснинг бошқа шахс кредитори олдидаги шартномавий мажбуриятлари бўйича тўла ёки қисман жавобгар бўлиш мажбуриятидир. У муайян турдаги шартнома бўйича олинган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида тузилади. Шартномага кўра кафил қарздор мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, қарздор билан биргаликда кредитор олдида жавоб бериш мажбурия тини олади.

Иқтисодий судлар амалиётида кафиллик шартномалари юзасидан келиб чиққан низолар бўйича кўрилган ишлар ҳам мавжуд. Масалан, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси «Турон банк» АТБ (кейинги ўринларда банк) манфаатини кўзлаб иқтисодий судига жавобгар «Яккабоғ қўрғони қурилиш инжиниринг» компанияси (кейинги ўринларда компания) ҳамда қўшимча жавобгарлар «Азия мега строй» масъулияти чекланган жамияти (кейинги ўринларда масъулияти чекланган жамияти)ва «Элёр» ишлаб чиқариш ва савдо корхонаси (кейинги ўринларда ишлаб чиқариш ва савдо корхонаси)га нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилиб, тарафлар ўртасида 3.510.000.000 сўм кредит қарзи, 335.528.000 сўм кредит фоизи ва 7.020.000 сўм банк комиссион хизмат ҳақи тўловини солидар тартибда ундиришни ва ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишни сўраган.

Ишдаги ҳужжатларга кўра банк билан компания ўртасида 2016 йил 9 февралда компаниянинг фаолиятини ривожлантириш учун учун уч йил муддатга 14 фоиз устама ҳак тўлаш шарти билан 5 млрд. сўмлик кредит шартномаси имзоланган. Компания шартномага илова қилинган кредитни қайтариш жадвали асосида асосий қарз ва унга ҳисобланган фоизлар бўйича тўловларни қисман тўлаган. Банкнинг судга тақдим этган маълумотномасига мувофиқ тўланиши лозим бўлган қарз суммаси 3.8 млрд. 845 млн. сўмни ташкил этган.

Масъулияти чекланган жамияти кафиллик шартномасига кўра 632 млн. сўм, ишлаб чиқариш ва савдо корхонаси эса 118 млн сўм доирасида кредит шартномасини таъминлаш мажбуриятини олган. Фуқаролик кодексининг 293-моддасида қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилмаган бўлса, қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, кафил ва қарздор кредитор олдида солидар тартибда жавобгар бўлиши белгилаб қўйилган.

Шунингдек, кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради, шу жумладан, фоизларни тўлайди, қарзни ундириб олиш бўйича суд харажатларини ва қарздор мажбуриятини бажармагани ёки лозим даражада бажармагани туфайли кредитор кўрган бошқа зарарларни қоплайди.

Тарафлар ўртасида тузилган кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, биргалашиб кафил бўлган шахслар кредитор олдида солидар тартибда жавоб берадилар.

Иш ҳужжатларини атрофлича ўрганиб ва кўрсатилган қонун нормалари талабларидан келиб чиқиб, суднинг қарори билан 3 млрд. 852 млн. 548 минг сўмлик қарз ва суд харажатлари “Яккабоғ қўрғони” қурилиш инжиниринг компаниясидан, 632 000 000 сўм қисми қўшимча жавобгарлар –“Aziya Mega stroy” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан, 118 000 000 сўм қисми “Элёр” ишлаб чиқариш ва савдо корхонаси ҳисобидан солидар тартибда банк ҳисобига ундирилган. Шунингдек, ундирув гаровга қўйилган мол-мулкка қаратилган.

Кафиллик шартномасида мажбуриятлар билан бир қаторда томонларнинг ҳуқуқлари ҳам белгилаб қўйилиши лозим. Шу ўринда қайд этиш жоизки, қонунга мувофиқ қарздор кафил кредиторнинг талабига қарши қандай эътирозни билдириши мумкин бўлса, кафил ҳам шундай эътирозлар билдиришга ҳақли. Ҳатто, қарздор ўз эътирозларидан воз кечган ёки ўз мажбуриятини тан олган тақдирда ҳам кафилнинг бу борадаги ҳуқуқи йўқолмайди. Кафиллик орқали олинган мажбуриятлар уларнинг лозим даражада бажарилиши билан бекор бўлган ҳисобланади. Шунингдек, амалдаги қонун ҳужжатларига биноан кафиллик билан таъминланган мажбурият бекор бўлгач, ушбу мажбурият кафилнинг розилигисиз жавобгарликнинг ошишига ёки унинг учун бошқа ноқулай оқибатларга олиб келадиган тарзда ўзгартирилган тақдирда бекор бўлади.

Кафиллик билан таъминланган мажбурият бўйича қарз бошқа шахсга ўтказилганида, агар кафил янги қарздор учун жавобгар бўлиш ҳақида кредиторга розилик бермаган бўлса, шунингдек, кафил таъминлаган мажбуриятни бажариш муддати келганида, кредитор қарздор ёки кафил таклиф қилган ижрони қабул қилишдан бош тортса, кафиллик бекор бўлади.

Хулоса ўрнида айтганда, хўжалик юритувчи субъектларнинг шартномавий муносабатлари амалдаги қонун ҳужжатларига мос бўлиши керак. Шартномалар томонлар ўртасида тушунмовчилик юзага келишининг олдини олишда муҳим омил ҳисобланади.

Н.ЮСУПОВ,

вилоят иқтисодий судининг судьяси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Муқобил энергия-даромад манбаи

Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Энергетика Вазирлиги ҳузуридаги «Ўзнефтгазинспекцияси» Сурхондарё ҳудудий бўлими ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE