Бош саҳифа / Таълим / Юз ганж ила ҳам узилмас қарз

Юз ганж ила ҳам узилмас қарз

Норой опа Норматова агар ҳаёт бўлганларида 80 ёшни қаршилаган бўлар эдилар. “Меҳнатда ўрнак кўрсатганлиги учун” медали ва Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ маорифи ходими фахрий унвони соҳибаси, ўқитувчиларнинг бир неча бор республика съезди делегати, услубчи-ўқитувчи Норой Норматованинг фазилатлари, устоз-мураббий сифатидаги фидойилиги ҳусусида бир шогирди сифатида ҳар қанча гапирсам ҳам кам.

Улуғ шоиримиз Алишер Навоий бежиз: “Ҳақ йўлинда ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила, Айламак бўлмас адо анинг ҳаққин юз ганж ила” демаганлар.

Устоз биз билан қанчалик фахрланса, биз шогирдлар ҳам у киши билан шунчалик фахрланардик. Чунки Норой опанинг ҳаёт йўли ва амалий фаолияти кўпларга ибрат бўлгулик эди.

Норой опа Норматова 1939 йилнинг 10 мартида Бойсунда туғилди. Ўрта мактабни битиргач, 1956-1961 йилларда Термиз давлат педагогика институтининг тарих-филология факультетида таҳсил олди. Олий ўқув юртини битиргач, дастлаб — 1962-1964 йилларда Термиздаги интернат-мактабда, 1965-1972 йилларда Термиз шаҳридаги Ҳамза номли мактабда ишлади. 1973 йилдан умрининг охиригача Термиз шаҳридаги Ҳамид Олимжон номли 12-ўрта мактабда ўқувчиларга ўзбек тили ва адабиёти фанидан таълим берди.

Норой опа ўз касбини ва фанларини севар, шогирдларининг келажаги учун қайғурарди. У тинимсиз изланар, ўз маҳоратини ошириш устида ишлар, таълим соҳасидаги ҳар бир янгиликни диққат-эътибор билан кузатиб борарди. Норой Норматова еттита педагогик ўқишларда ўз маърузаси билан қатнашди. У кишининг “Она тили дарсларида техника воситаларидан фойдаланиш”, “Кўрсатмалилик—дарснинг самарадорлигини ошириш омилларидан бири”,“Она тили дарсларида ифодали ўқиш малакаларини такомиллаштириш” мавзуларидаги маърузалари шаҳар, вилоят ва республика миқёсидаги педагоглар анжуманларида юқори баҳоланди. Опа республика халқ таълими вазирлигининг фахрий ёрлиғи ва “Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси” нишони билан тақдирланганди.

Норой Норматова 1982 йилда Гулистон шаҳрида ўтказилган республика педагогик ўқишида ўзининг “Она тили дарсларида техника воситаларидан фойдаланиш” мавзуидаги маърузаси билан қатнашди. Бу маъруза юқори баҳоланиб, Қори Ниёзий номли Ўзбекистон илмий-текшириш институтининг тўпламида чоп этилди. Тажриба республика мактабларида кенг оммалаштирилди. Меҳнат туфайли эришилаётган ютуқлардан руҳланган Норой опа 1990 йилда “Она тили кабинетини жиҳозлаш ва ташкил қилиш” номли услубий қўлланма яратди.

Моҳир педагог ўзининг услубий ва мушоҳадали мақолалари билан республика ва вилоят газеталарида фаол қатнашиб турарди. Унинг “Она тили дарсларида шеърий парчалардан фойдаланиш” мақоласи “Маърифат”, “Ташвишнинг боиси” сарлавҳали мақоласи “Ўзбекистон овози”, “Имконият доираси кенгаяди” сарлавҳали мақоласи “Маънавият гулшани” газеталарида босилиб чиқди. Вилоят “Сурхон тонги” газетасида моҳир муаллиманинг “Тинчлик дарси”, “Тил сабоғида шеърий мисол”, “Тарбияни ким беради?”, “Тахаллуснинг боиси нимада?”, “Она тили масъулияти”, “Инсон одоби билан гўзал” каби ўнга яқин мақолалари чоп этилганди.

Норой опамизнинг “Ассалом, Наврўз!” деб номланган сценарийси республика кўриктанловида энг яхшилардан бири деб топилгани ва “Маърифат” газетасида эълон қилинганида, севинчдан барчамизнинг бошимиз осмонга етганди.

Норой опа 1992 йилда йил ўқитувчиси кўрик-танловининг шаҳар босқичида биринчи, вилоят босқичида 3-ўринни эгаллаган эдилар. У киши “Меҳнатда ўрнак кўрсатганлиги учун” медалидан ташқари, ўқитувчиларнинг 6-ва 7-съездларига делегат бўлиб сайландилар. 1987 йили “Методист-ўқитувчи” нишонига, 1994 йилда эса “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ маорифи ходими” унвонига мушарраф бўлдилар. Бир қанча фахрий ёрлиқлар, “Меҳнат фахрийси” нишони билан тақдирландилар.

У киши нафақат фидойи ўқитувчи, балки меҳрибон она, ажойиб уй бекаси эди. Турмуш ўртоғи, Термиз давалат университети ўқитувчиси Саид Номозов билан бирга икки қиз ва уч ўғилни оқ ювиб, оқ тараб, вояга етказдилар. Икки нафар қизи ота-она касбини тутди. Улар ҳам оналарига муносиб равишда фаолият кўрсатишмоқда. Масалан, иккинчи қизи Дилфуза Бойсун туманидаги 47-мактаб директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари. У “Халқ маорифи аълочиси” нишони, “Шуҳрат” ва бир қанча юбилей медаллари соҳибаси. Ўғиллари Рустам, Баҳром ва Фахриддинлар ҳам халқ хўжалигининг турли жабҳаларида ғайрат билан меҳнат қилишмоқда.

Йиллар ўтаяпти. Аммо устозимиз Норой опа Норматова қолдирган нурли излар кўзларга шуур, дилларга ёғду олиб кирмоқда.

Гулсара САИДҚУЛОВА,
ўқитувчи, меҳнат фахрийси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

ТАНИШИНГ: “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси”

Феруза Жаббарова, Термиз шаҳар 4-давлат ихтисослаштирилган мактаби интернати она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси ОЛИМ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan