Бош саҳифа / Жамият / Йўловчига ҳурмат шуми?

Йўловчига ҳурмат шуми?

Юртимизда  сўнгги  йилларда  йўл  инфратузилмаси тубдан ўзгариб, замонавий ва муҳташам  кўприклар, пиёдалар ўтиш жойлари қурилаётганлиги, мавжудлари эса бугунги кун талаби  даражасида таъмирланаётгани транспорт ва  пиёдалар қатновини  янада осонлаштирмоқда. Бундай ўзгаришлар  эса, албатта, киши қалбида фахр ҳиссини  уйғотади. Бироқ айни жараёнда  вилоятимизда, хусусан Термиз шаҳрида ҳам қилиниши  керак  бўлган  ишлар ҳам талайгина  эканлигида  ҳақиқат.

Шаҳар ичкарисида  4-, 5-, -13 автобуслар, йўналишли “Дамас” ва бошқа автоуловлар аҳолига хизмат кўрсатяпти. Лекин ҳали-ҳамон  автоуловларнинг қатъий  тартибда, белгиланган режим асосида ишлашига эришилмаяпти. Термизнинг  тухумпишар  жазирамаси ва аёзли кунларида   шундоққина йўл ёқасида йўловчилар автоулов   кутаётганлигини  кўриб  дилингиз хуноб бўлади.

Шаҳардаги “Истиқлол” майдони — Термиз туманидаги  “Чегара” маҳалласи йўналишида  4-сонли, “Истиқлол” майдони  —  5-кичик даҳа йўналишида 5-сонли автобуслар ҳаракатланади.  Манзилдан  4-автобус ҳар  5  дақиқада йўлга тушса,  5- автобусда  эса  бундай  қатъий   тартиб  ўрнатилмаган. Баъзан  йўловчилар  30 дақиқадан бир соатгача  5-сонли автобуснинг  йўлини   пойлашлари  керак  бўлади.

Яна  бир  гап, 5-кичик  даҳа  шаҳарнинг  замонавий қиёфали, кўпқаватли уйларга эга, аҳоли  гавжум  ҳудудларидан  бири  саналади. Бироқ,  бу манзилни Термиз буюм бозори  билан  боғловчи  йўналишда  биттагина  5-автобус  қатнашининг ўзи  ҳам йўловчилар  талаб  ва  истакларига тўғри  келмайди.

Наҳотки, бу борадаги муаммоларга ечим топиш, янги йўналишли автоуловларнинг қатнашини  йўлга   қўйиш  мутасаддиларга  оғирлик қилса…

Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида  Термиз  бош  автошоҳбекати бошқа жойга  кўчирилиб, янгидан қурилиб фойдаланишга  топширилди. Бироқ, бу янгиликни  йўловчиларга  қулайлик  яратилди,  деб бўлармикан? Боиси автовокзал томон    2-, 7-, 8-, 9-, 12-, 15- йўналишли транспорт воситалари  ҳайдовчилари  янги   шоҳбекатни   бироз   олислигини, қайтишда йўловчи бўлмаслигини  рўкач  қилиб,  ўзлари  истаган  жойдан  ортга  қайтишга  уринишаётганлигини  қандай  изоҳлаш  мумкин? Вилоятимизнинг Бойсун, Денов, Музработ, Узун, Олтинсой, Қизириқ каби  туманлари  сари  йўлга  чиққан  йўловчиларга олис туманлар эмас, олис бўлмасада  янги  шоҳбекатга  етиб  олиш  даҳмазага  айланган.

Оқшом  чўкканида  Термиз  янада  фусунга  бурканади. Айни  шу  пайтда Термиз  марказий  деҳқон  бозори   ва   “Юбилейний” супермаркети  рўпарасидаги   кенг ва гавжум  кўчадаги тирбандлик, тартиббузарликларни кўриб бир зумда таъбингиз  хира  тортади. Завқ ўрнини дилхиралик, хуноблик  эгаллайди.

Йўналишли автоуловларнинг бетартиб ҳаракати, уйга шошаётган  йўловчиларнинг  машиналар томонга  югуриб  чиқиш  ҳолати, ЙҲХ ходими  йўқлиги,  хусусий  киракашларнинг  “куни   туғиб”,   савдолашишларни баланд пардаларда  авж   олдиришларини  кўриб,  кўҳна Шарқнинг  шов қинзор  бозорига келиб қолмадимми?  — дея  ўйлайсиз.

Шаҳар  ичкари  ва ташқарисига қатновчи  245-, 263-, 264-, 265-, 266-йўналишли автоуловларни    интиқ кутаётган  ва  ким ўзарга узоқ кутилган, “ноёб” автоуловга ошиқаётган  йўловчиларнинг  хатти-ҳаракатини бир четдан  кузатиб  турган  воҳамиз меҳмонлари  қандай  қабул қиларкан?.

— Термиз  туманидаги  “Кокилдор ота” маҳалласида яшайман, — дейди  Термиз тиббиёт  коллежи  ўқувчиси  Малика Сайдуллаева куюнчаклик билан,  — кечга  бориб, биров ишдан, кимдир ўқишдан қайтаётган тиғиз пайтда  кун бўйи йўловчи талашиб  вақти  ўтган  265-,  266-йўналишли  автоуловларнинг  эгалари  уйларига равона бўлиб қолишади. ҳайдовчиларнинг  айтишича,  “қайтишда   одам  бўлмаскан”.  Хўш, бундай тартибсизликларнинг  чек-чегараси  бордир, ахир буни кимдир тартибга олиши керакку?

Шаҳарнинг кўнгилсиз   манзараларидан  кўнгли   ранжиган, шаҳри шовқинзордан  боши оғриган,  оғир  сумка  кўтарган  онахон дейди:

— Қачонгача  автоулов кутиб  чарчаймиз. Йўналишли машиналар тушдан сўнг, ишга чиқмайди. Шаҳарда эса уларнинг  иш  тартибини  қатъий  йўлга  солувчи бирор бир эга йўқ. Ишдан  кеч қайтган  киши эса кўчада  қолади. Ҳар  ким  ўзини  билган  куйини  чалади.

Яна бир гап, юртимизнинг баъзи йирик шаҳарлари, хусусан водийдаги  аҳоли манзилларида   тунги  пайтларда  ҳам   йўловчилар  учун  йўналишли ҳамда киракаш таксилар  нархи  ўзгармаслигини   кўриб  кўпчилик  ҳайрон  бўлиши  табиий. Хўш, бизда-чи?   Бизда  кундузи  алоҳида, тунги пайтларда эса алоҳида йўловчи ташиш учун йўлкира  “ставка”лари  бор. Тун эканлиги, йўловчиларнинг ноиложлигини  билиб, ўзи  истаганича  нарх  белгилайдиган  киракаш  ҳайдовчиларнинг  “ўйин”ларига   қачон барҳам берилади?

Термиз шаҳри  кун  сайин  чирой  очиб  бормоқда. Турли  йирик  тадбирларга мезбонлик қилаётганлиги ҳам бор гап. Юқоридаги муаммоли ҳолатлар кўрган кўзга яхши таассурот қолдирмаслиги,  воҳа  аҳли  ҳақида  хунук тасаввур уйғотиши-да ҳақиқат.

Термиз шаҳар ҳокимлиги, шаҳардаги йўловчи  ташиш билан шуғулланувчи ташкилотлар  раҳбар-ходимлари  бу ҳолатлардан воқиф бўлишсада, нега аниқ чора-тадбирлар  кўришмаяпти? Воҳа марказида йўловчилар ва  транспорт воситалари ҳаракати билан боғлиқ тартибсизликларга   қачон  барҳам берилади? Шаҳримизнинг  ҳуснига  доғ бўлаётган  бу  каби  оғриқли   муаммоларга  қачонгача  панжа  ортидан қаралади?

Саволлар  кўп, амалий жавобни эса мутасаддилардан  кутиб  қоламиз.

Сарвар   ТЎРАЕВ, 
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сувга чўкишдан сақланинг!

Сўнгги вақтларда вилоятимиз ҳудудида фуқароларнинг, айниқса вояга етмаганларнинг сув ҳавзаларида чўкиб кетиши билан боғлиқ нохуш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE