Бош саҳифа / Жамият / Йўллар йўлларга уланди, диллар дилларга

Йўллар йўлларга уланди, диллар дилларга

Азалдан йўллар халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини боғловчи кўприк вазифасини бажарган. Ўзбек ва тожик халқлари азалдан бир дарёдан сув ичган, қон-қариндошлик, қуда-андачилик ришталари билан мустаҳкам боғланган.

Шу боис, бизни “икки тилда гаплашувчи бир халқ” дейишади. Динимиз бир, анъаналаримиз ва турмуш тарзимиз, қадриятларимиз, ҳаётга қарашларимиз ҳам бир-бирига ўхшаш. Ўзбекис- тон ва Тожикистон республикалари ўртасидаги муносабатларда илиқлик, ижобий ўзгаришлар даври кузатилмоқда. Айни жиҳатларни “Термиз — Душанбе”, “Денов — Душанбе” ҳамда “Душанбе — Термиз”, “Душанбе — Денов” йўналишларида халқаро автобуслар қатновининг йўлга қўйилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирларда ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Янги авто қатнов йўналишлари очилиши муносабати билан Термиз ва Душанбе шаҳарларида ўтказилган тадбирларда автобуслар қатновининг йўлга қўйилиши икки давлат аҳолисига қатор қулайликлар яратиши, ўзаро ҳамкорликнинг янги имкониятларини очиши таъкидланди.

Дастлаб, Ўзбекистон делегацияси аъзолари янги йўналишда илк қатновни амалга оширган, барча қулайликларга эга автобусда Душанбе шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишишди. Қўшни мамлакат ҳукумати ҳамда Душанбе шаҳри раҳбарияти вакиллари билан чегараолди минтақалар ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш борасида эришилган келишувлар ижроси юзасидан мулоқотлар ўтказилди. Шунингдек, Тожикистоннинг Душанбе шаҳридан йўлга чиққан замонавий автобусда тожикистонлик делегация аъзолари дастлаб Сариосиё туманининг “Чумчуқлижар” чегара-назорат пунктида тантанали равишда кутиб олинди. Мазкур чегара-назорат пунктида яратилган қулай шароитлар “Душанбе — Термиз” халқаро автобусининг биринчи йўловчилари бўлган 28 нафар делегация аъзоларини қувонтирди.

Термизга кириб келган Тожикистон делегацияси аъзоларини шаҳар автошоҳбекатида вилоят ва Термиз шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари, давлат ва жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари кутиб олишди. Ўтказилган тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекис тон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларда кузатилаётган ижобий ўзгаришлар ҳақида сўз юритдилар. Шундан сўнг, Тожикистон делегацияси аъзолари Термиз шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳат қилишди.

— Давлатларимиз ўртасида автомобиль қатнови йўналишларининг қайта тикланиши, турли соҳаларда ўзаро алоқаларнинг тобора кенгайиб бораётганлиги икки мамлакат раҳбарларининг одилона сиёсати натижасидир, — дейди вилоят тожик миллий-маданий маркази аъзоси, шоир Юсуф Вализода Дарбандий.

Шу йилнинг 8 cентябридан бошлаб воҳамиз ва қўшни давлат ўртасида халқаро автобуслар қатновининг йўлга қўйилиши давлатларнинг чегараолди минтақалари ўртасидаги алоқаларини янада мус- таҳкамлашга замин яратади. Маълумот ўрнида айтиш керакки, “Душанбе — Термиз” хал қаро автобус йўналишининг масофаси 251 километр бўлиб, қатновга сарфланадиган умумий вақт 5 соату 39 дақиқани ташкил этади. Йўл ҳақи Термиздан Душанбегача — 70 минг сўм. Душанбедан Термизгача эса 70 сомоний қилиб белгиланган. Йўналиш масофаси 107 километр бўлган “Денов — Душанбе” халқаро автобус йўналишида йўловчилар 2 соат 25 дақиқада ўз манзилига етказилади. Йўлкира ҳақи ташувчилар томонидан Деновдан Душанбегача 40 минг сўм, Душанбедан Деновгача эса 40 сомоний этиб белгиланди.

Сарвар ТЎРАЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ногиронлар – эътиборда

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, айниқса, уларга сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш, зарурий тиббий-ижтимоий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE