Бош саҳифа / Жамият / Юлдузнинг парвози

Юлдузнинг парвози

Бир оз аввал Термиз шаҳрида бўлиб ўтган I Халқаро бахшичилик санъати фестивалида вилоятимиз қўрғонларининг бирини айланиб юрарканман, чет эллик меҳмонларга чанқовуз чалиш сирларини ўргатаётган бир ёш қиз эътиборимни тортди. Яқинроқ бориб қарасам, телевидение орқали намойиш этиладиган “Болажон – шоу”да “урчуқ рақси” ҳамда халқимизнинг “чеча”си Азиза Бегматова билан чанқовузда ажойиб куйлар ижро қилган Юлдуз Эргашева экан. Ўша куни бу ёш истеъдод ҳақида нимадир ёзишни кўнглимга тугиб қўйган эдим.

Шу муносабат билан Юлдуз Эргашева аъзо бўлган вилоят “Баркамол авлод” болалар марказидаги “Ёш журналист ва нотиқ” тўгараги фаолияти билан танишдик. Аҳамиятли жиҳати шундаки, ушбу тўгаракни унинг онаси Сайёра Исломова бошқарар экан. Бугунги кунда ушбу тўгаракда 70 га яқин ёшлар журналистика ва нотиқлик сир-асрорларини ўрганишмоқда.

Бир-бир санайверсак, Юлдузнинг ютуқлари анча салмоқли. Шу жумладан, “Камалак юлдузлари” республика танлови лауреати, шаҳар босқичида биринчи ўринни олиб, вилоятда фаол иштирок этди. Юлдуз Эргашева 2013 йилдан вилоят “Баркамол авлод” болалар марказида тўгарак аъзоси саналади. Мана, 6 йилдирки, телевидениеда “Экранда болажон”, “Болалар дунёси”, “Қувноқ болажон” каби кўрсатувларда ҳамда вилоят радиосида “Гулғунча” эшиттиришида бошловчилик қилади. Айни кунларда вилоят мактабгача таълим бошқармаси билан ҳамкорликда “Илк қадам” давлат дастури асосида кўрсатувлар олиб бормоқда.

Аълочи, ташаббускорлиги сабаб ўтган йили Халқ таълими вазирлиги томонидан сертификатга эга бўлди. Шунингдек, жорий йилнинг март ойидан буён ўтказилаётган “Аъло таълим” лойиҳасининг фаол иштирокчиси бўлди.

— Онам каби мактабни “Олтин медаль”га битирмоқчиман. Келажакда танлаган йўналишим бўйича пухта билим эгаллаб, етук журналист бўлиш ниятим бор, -дейди Юлдуз Эргашева.

Юлдуз Эргашева вилоят “Камалак” болалар ташкилотида “Матбуот сардори” сифатида республика миқёсидаги тадбирларда ўз лойиҳалари билан қатнашиб, вилоятимиз ёшларининг иқтидорини намойиш этмоқда. У яқинда бўлиб ўтган
I Халқаро бахшичилик санъати фестивали ҳақида ўз фикрларини “Мен фольклор йўналишида ижод қиламан, рақс тушаман, чанқовуз чаламан, аммо бугун гувоҳи бўлаяпманки, бахшичилик жуда мураккаб санъат тури экан. Бугундан бошлаб “Алпомиш” достонини ёдлашга киришаман. Ҳали кўрасиз, келгуси фестивалда, албатта, саҳнага чиқиб достон куйлайман. Шундай тинч замонда Президентимиз томонидан мамлакат ёшларига яратилаётган шароитдан оқилона фойдаланиб қолишимиз керак”, — дея баён қилди.

Юлдуз Эргашева кўп қиррали ёшлардан. У барча санъат турлари билан шуғулланиш билан бир қаторда бўш вақтларида ҳикоя, эртак, мақола ва сценарийлар ёзади. Унинг бу ютуқларидан онаси ва қолаверса, барча устозлари фахрланишади. Халқимизда “Интилганга толе ёр”, деб бежизга айтилмаган. Ахир, бугун олинган ҳар қандай илм – келажак учун қўйилган мустаҳкам пойдевордир. Зеро, илм – чироқ, илм – нур, кимки илм эгалласа, эртаси ёруғ ва нурафшон бўлади.

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳидоят деб залолатга кетманг!

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар кузатилаяпти. Муқаддас динимизга қаратилган эътибор …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE