Бош саҳифа / Жамият / Йўлдошали бобонинг ташаккури

Йўлдошали бобонинг ташаккури

Таҳририятимизга Олтинсой тумани Карсаган қишлоғида яшовчи меҳнат фахрийси Йўлдошали Аҳмедовдан шикоят хати келди.

Унда Хўжаипок дарёсининг суви саратон чилласида озайиб қолиши, боғларни, томорқани сувлаш муаммо бўлиши, артезиан қудуғи ишламай қолганлиги, қишлоқ врачлик пункти жуда узоқда эканлиги ҳақида куйиниб ёзилган. Буни қарангки, икки-уч кундан сўнг хат муаллифи бу шикоят газетада чоп этилишини талаб қилиб, қўнғироқ қила бошлади.

Бош муҳаррир шикоят хати  мазмуни билан Олтинсой туман ҳокими Э. Бойниёзовни таништириб, муаммони ҳал этишга ёрдам беришини сўради. Бироқ Йўлдошали бобонинг норозилик қўнғироқлари тинай демасди.  Шунинг учун шикоят хатини чоп этишга тайёрладик. Хат саҳифага қўйилаётганда Олтинсой туманидан Йўлдошали бобо қўнғироқ қилиб қолди.

— Ҳаммаси учун сизларга раҳмат. Илоё умрларингиздан барака топинглар. Меҳнатларингнинг роҳатини кўринглар! Кеча уйимга туман ҳокими Э. Бойниёзов келиб, нафақат мени, бутун қишлоқдошларимнинг кўнглини тоғдек кўтарди. Муаммоларнинг бир қисми ҳал этилди. Қолганини ҳам бажаришга ваъда берди. Энг муҳими, бугунги кунда фуқароларнинг ариза-шикояти, мурожаати бежиз кетмаслигига амин бўлдик.

Биз ҳам меҳнат фахрийси Й. Аҳмедовга самимий тилакларимизни билдирдик. Асосийси,  отахоннинг хатлари газета саҳифасида чоп этилмаса-да, қишлоқ муаммолари ўз ечимини топди. Бундан таҳририят жамоаси ҳам, карсаганликлар ҳам мамнунлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим, деб ўйлаймиз.

Азиз муштарийлар, ўзингиз яшаб турган қишлоқ, шаҳар ва маҳалладаги янгиликлар ва камчиликлар ҳақида бизга мактуб йўлланг. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида биз билан ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлишингиздан миннатдормиз.

Сафар АЛИ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳидоят деб залолатга кетманг!

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар кузатилаяпти. Муқаддас динимизга қаратилган эътибор …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE