Йўл талашган қўшнилар

0
65

ёхуд фуқаролик ишлари бўйича Денов
туманлараро суди қарорларидаги англашилмовчиликлар
нимадан далолат беради?

Муборак ҳадису шарифларда пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом қўшничилик ҳақида шундай лутф қилганлар, Ойиша (р.а)  айтдилар: “Расулуллоҳ (с.а.в): “Ҳазрати Жаброил қўшни ҳақига риоя қилиш тўғрисида менга шу қадар кўп васият (топшириқ) қилдиларки, мен уни ҳатто молимга ҳам меросхўр қилиб қўйсалар керак, деб ўйладим,” дедилар.

Исломий таълимотга кўра, қўшнининг қўшнида учтагача ҳаққи бўлиши мумкин экан. Биринчиси, қўшничилик ҳаққи, иккинчиси, оғайнигарчилик ҳаққи, учинчиси, агар мусулмон бўлса, мусулмонлик ҳаққи. Истайсизми, йўқми, бизнинг назаримизда арзимас кишилардек бўлиб туюладиган қўшнилар ўрни келса, яқин оғайнидан ҳам яқинроқ бўлади. Қариндошингиз билан нари борса, ҳафтада, ойда бир кўришасиз, аммо қўшни билан ҳар куни бир неча бора кўришишга мажбурсиз. Иссиқ-совуғидан бохабар бўлиб турасиз. Инчунун, масала қўни-қўшнилар ўртасидаги келишмовчиликка бориб тақаладиган ҳолатда, бирини айбсиз ёки иккинчисини айбдор, деб бўлмайди.  Улар қўшничилик ҳаққига амал қилмаганликлари учун ҳар иккаласи ҳам теппа-тенг айбдор бўладилар.

Халқимизда “Бош ёрилса, дўппи остида”, деган нақл бор. Зийрак инсон дарров бунинг мағзини чақиб олади. Аммо баъзида қуруқ сукут сақлаган билан масала ўз-ўзидан ечилиб қолмайди. Инсоний муносабатларда ҳикмат кўп, олди-бердилар эса ўткинчи, аммо шуниси муҳимки, масаланинг туб илдизи — моҳиятда. Муаммонинг ечими сари ҳаракат қилсангизу аммо атрофдагилар сизнинг хатти-ҳаракатларингизни қўллаб-қувватламасдан, бош- қача талқин қилаверишса, одамда ҳафсала қоларканми?!

Денов туман “Холчаён” СИУ, “Қорабоғтепа” маҳалласида яшовчи фуқаро Ислом Ҳайдаровнинг таҳририятимизга йўллаган шикоят аризасини ўрганиш давомида шунга яна бир карра амин бўлдик. И. Ҳайдаров ён қўшниси Нарзулло Бўтаевнинг зовур ёқасидаги йўлни ёпиб, ўзи ва оила аъзоларига азият бераётганлиги, бунинг оқибатида икки қўшнининг фарзандлари орасида келишмовчиликлар келиб чиқаётганлиги айтилади. Ўйлаб қарасангиз, ростдан ҳам икки қўшнининг муаммоси тор мавзу бўлиб туюлиши мумкин. Аслини олганда шундай. Ачинарлиси шундаки, бу муаммо икки қўшни ўртасида ўзаро муросаю мадора йўли билан ўз ечимини топиши керак эди. Аммо томонлар муросага келмади. Бунинг устига, маҳалла-кўй, “Яраштирув” комиссияси оқсоқоллари ҳам қўшниларнинг жанжалига панжа орасидан қараб туришган кўринади.

2016 йил 11 ноябрда вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бошлиғи К. Эшматовнинг номидан келган хатда: “Ўрганиш жараёнида “Қорабоғтепа” маҳалласида яшовчи фуқаро Бўтаев Нарзулло хўжалик ички йўлини ёпиб 12 кв.м ер майдонга дарвоза ҳамда каналнинг муҳофаза ҳудудида 2 қаватли молхона қурганлиги аниқланди”, дейилади. Ва шу сана билан фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судига Денов тумани (собиқ) ҳокими Б. Маматқуловнинг 01-11/546-сонли хати асосида даъво аризаси киритилган. Даъво аризасида шундай жумлалар бор:

“Фуқаро Бўтаев Нарзулло томонидан тикланган бино ҳеч қандай юридик ҳужжатларсиз ўзбошимчалик билан туман ҳокимлиги, архитектура ва қурилиш бўлими  ҳамда тегишли ташкилотларнинг рухсати олинмаган ва у томонидан амалга оширилган қурилишлар Ўзбекис тон Республикаси Президентининг 2009 йил 12 февралдаги “Аҳоли пунктларини комплекс қурилишда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари қатъий бажарилишини назорат қилишни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига зиддир. Фуқаро Бўтаев Нарзулло томонидан қурилган молхона ва ўрнатилган дарвозани бузиб олиш ҳамда хўжалик ички йўлини ўз ҳолатига қайтариш ҳақида оғзаки ва ёзма тарзда огоҳлантириш хатини олиб, ноқонуний қурилишини бузиб, фойдаланиб келаётган ерни ўз ҳолига келтиришдан бош тортиб келмоқда”. Орадан 3 ойча вақт ўтиб, 2017 йил 24 февралда фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди У. Мамадиевнинг раислигида даъвогар Денов туман ҳокимлигининг жавобгари  Бўтаев Нарзуллога нисбатан ишни кўриб чиқиб, даъво аризаси қаноатлантирилган.

Аммо И. Ҳайдаровнинг хурсандчилиги узоққа бормади. Суд қарорининг ижроси таъминланмади. Сабаби, 2017 йил 26 апрель куни яна ўша  суд ажрим чиқарди. Унга кўра, суд маҳкамаси жавобгар Н. Бўтаевнинг суд мажлиси унинг иштирокисиз ўтганлиги,  чақирув қоғози етиб бормаганлиги важи қаноатлантирилган. Яъни “Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судининг 2017 йил 24 февраль кунидаги ҳал қилув қарори бекор қилинсин!”, дея ўз қарорини ўзи бекор қилиб қўя қолган. Ушбу ҳолатлардан кўриниб турибдики, суд маҳкамаси ишни атрофлича ўрганмасдан йўл-йўлакай қарор чиқарган. Акс ҳолда, бу сингари оворагарчиликлар юзага келмаган бўларди. Аро йўлда сарсон-саргардон бўлиб икки йилдан буён оддий бир ҳолатга ечим  тополмай  юрган фуқаро  И. Ҳайдаровга  ичингиз ачийди. Ҳамма ҳужжатлар Н. Бўтаевнинг йўлга эгалик ҳуқуқи йўқлигини тасдиқлаб турсаю тегишли мутасадди раҳбарлар бунга эътиборсизлик қилишса.

2016 йил 8 апрелдаги Денов туман ер ресурслари  ва  давлат кадастри бўлими бошлиғи Я. Мамадияровнинг ариза муаллифига берган маълумотномасида И. Ҳайдаровнинг уй-жойи ва томорқасига борадиган йўл умумий фойдаланишдаги ер, яъни сервитут эканлиги айтилади. Шунингдек, Денов туман архитектори Р. Сатторовнинг 2017 йил сентябрь ойида туман ҳокими ва Н. Бўтаевга йўллаган хатида “Холчаён” СИУ нинг ер харитаси ўрганилганда Ҳайдаров Исломнинг уйига фуқаро Бўтаев Нарзуллонинг уйи ёнидан йўл кўрсатилганлиги, бошқа томондан кўрсатилган йўлнинг боши берк эканлиги маълум бўлди”, дея хулосаланади.

Энг ажабланарлиси, орадан етти ой ўтиб, 2017 йил 27 октябрь куни ҳокимликка алоқадор ташкилот раҳбарлари ва мутасаддилар иштироки ва гувоҳлигида, У. Мамадиевнинг раислигида ўтган суд мажлисида фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди 2017 йил 24 февралдаги қарорига тескари равишда суд ишини Бўтаев Нарзуллонинг фойдасига ҳал қилган. Аслида йўлни  ёпиб ўтирган фуқарога ён босилиб, йўл сўраган фуқаро И. Ҳайдаров ва унинг ўғли жаримага тортилган. Мана сизга ҳангома! Суд қарорларини қўя турайлик, аммо маҳалла оқсоқолларига нима бўлган? Айтинг, икки қўшнининг можаросига сабаб бўлаётган йўлда кимнинг қандай ҳаққи бор? Аслида ушбу йўл зовурнинг ҳимоя зонасига киради. Зовурнинг ҳимоя зонаси мутахассисларнинг берган маълумотига кўра, 6 метр эканлиги ўз тасдиғини  топган. Унда на Нарзулла Бўтаевнинг, на Ислом Ҳайдаровнинг ҳаққи бор. Шундай экан, Нарзулла Бўтаев ҳам ён қўшни, жон қўшниси бўлган И. Ҳайдаровга нисбатан шахсий адоват ва жиззакилик қилмасдан йўлни тўсишни бас қилса, яхши бўларди. Турли тарафдан келаётган текширувчилар, хусусан, маҳалла оқсоқоллари орасида йўлни беркитишга уринаётган Нарзулла Бўтаевни инсофга чақириб, “Ҳей, биродар, йўл сенинг елкангдан ўтганми, ёки қўшниларинг ўтса, сенинг елкангдан ўтаяптими?”, дея чўрт кесадиган марднинг ўзи йўқ. Аммо қачондир бу сингари муаммоларга кимдир чек қўйиши керак-ку! Деновнинг чекка бир қишлоғида истиқомат қиладиган икки қўшнининг жанжали бутун воҳага овоза бўлишининг ўзи ўша ҳудудда истиқомат қилаётган аҳоли учун уят эмасми? Бас, суд органи, тегишли идоралардан иш битмаётган экан, масалани шу ернинг ўзида ечишнинг чораларини кўрайлик!

ХУЛОСА ЎРНИДА:

қадимда ота-боболаримиз имкон топса, ариқ қазиб сув чиқарган, йўл ва кўприклар қурган. Бундан мурод, савоб олиш бўлган. Аксинча бўлса, гуноҳ саналган. Қиссадан ҳисса, қўлингдан келса, сен ҳам савоб амаллар қил! Агар бунга қодир бўлмасанг, ҳеч бўлмаса, ёмонлик қилишдан ўзингни тий! Худо инсофни ҳар кимнинг ўзига берсин!

 

Холмуҳаммад
ТОҒАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги” мухбири

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг