Бош саҳифа / Жамият / Ёшлик ва шижоат байрами

Ёшлик ва шижоат байрами

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил топган кун — 30 июнь санаси мамлакатимизда икки йилдирки, “Ёшлар куни” сифатида кенг нишонланаяпти.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ёшларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, маънавий етук ва жисмонан соғлом, баркамол авлодни вояга етказиш, уларнинг хуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилаяпти. Жойларда, авваламбор чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган кўп сонли ёшларнинг ўз иқтидори ва истеъдодини рўёбга чиқаришлари, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун имкониятлар яратишга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатилаяпти. Термиз шаҳридаги “Сурхон” спорт мажмуаси ўйингоҳида ўтказилган байрам тантаналарида ана шу жиҳатлар алоҳида тилга олинди.

Қўлларига Ўзбекистон байроғини даст кўтариб олган ўғил-қизлар ўйингоҳ марказида намойиш этилаётган ҳар бир кўргазмали чиқишларни қарсаклар билан қўллаб-қувватлаб туришди.

Байрам тадбирида иштирок этган вилоят ҳокими Т.Боболов Президентимизнинг байрам муносабати билан ёшларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги 2017 йил 5 июлдаги фармони ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ички ишлар бошқармасининг тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди катта мутахассис — ўқчиси, икки карра жаҳон чемпиони Шаҳзод Азизов ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг вилоятимиздаги Н ҳарбий қисми мутахассиси, икки карра жаҳон чемпиони Алишер Шербоевга “Мард ўғлон” давлат мукофотини топширди.

Бундан ташқари, жамоат ишларида фаоллик кўрсатаётган, вилоятимизнинг турли гўшаларида яшаб меҳнат қилаётган 22 нафар ёшларга номинациялар бўйича мукофотлар берилди. Мукофотланганлар орасида Термиз туманидаги 10-умумтаълим мактаби ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси Феруза Авазова ҳам бор эди. Унга чин маънода омад кулди. Сабаби — мактабнинг ўқувчи ёшларини тарбиялашдаги хизматлари эвазига мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларининг бирига, ўзи истаган факультетга имтиёзли равишда ўқишга кириш йўлланмаси берилди.

Вилоятимиздаги ёшларни демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлидаги ислоҳотларда фаоллигини ошириш, юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқараш ва чуқур билимларга эга ташаббускор, шижоатли, эл-юрт манфаати йўлида бор куч-ғайрати, билим ва салоҳиятини сафарбар қиладиган, мамлакат истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир ёшлар сафини кенгайтиришга қўшаётган муносиб ҳиссаси учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Шерзод Олимовга вилоят ҳокими “ISUZI” русумли автобус калитини топширди.

Байрам тантаналари тун алламаҳалигача давом этди. Санъаткорлар ўзларининг дилтортар куй-қўшиқлари билан ёшларни хушнуд этишган бўлса, ҳарбий қисм аскарларининг кўргазмали чиқишлари ўйингоҳда йиғилганларни ҳаяжонга солди.

Ўз мухбиримиз

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE