Бош саҳифа / Жамият / Ёшларимиз – истиқболли йўлларда

Ёшларимиз – истиқболли йўлларда

Кейинги йилларда юртимиз ёшларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. 2017 йил 30 июнда ташкил этилган Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ёшларнинг талаб ва истакларини бирлаштирган ҳолда фаолият олиб боряпти.

Бу жараёнда “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун дастуриламал бўлмоқда.

Айтиш керакки, турли зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги дунё манзараларида ёшларимизнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам долзарброқ эканини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди. Шу боис Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус алоҳида аҳамият касб этади. Маълумки, давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди.

Биринчи ташаббус ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади.

Иккинчи ташаббус ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароит яратишга йўналтирилган.

Учинчи ташаббус аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган.

Тўртинчи ташаббус ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган.

Бешинчи ташаббус хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларини назарда тутади.

Мазкур 5 ташаббус вилоятимиз жамоатчилиги томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Вилоят ҳокими ўринбосари Р.Чориев бу тажрибани вилоятнинг барча ҳудудларида кенг жорий қилиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Маданият ва спорт, халқ таълими вилоят бошқармаларига, туман ҳокимликлари билан биргаликда маданият марказлари ва умумтаълим мактабларида ёшларнинг қизиқишидан келиб чиқиб, қўшимча тўгараклар ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Иккинчи ташаббусга доир масалалар муҳокама қилинар экан, ёшларни жисмоний тарбия ва оммавий спортга қамраб олиш даражаси етарли эмаслиги қайд этилди. Умумтаълим мактабларининг спорт анжомлари билан жиҳозланиш кўрсаткичи пастлиги айтилди.

Туман ва шаҳарлар ҳокимлари ўринбосарларига мутахассислар билан биргаликда ёшларнинг спорт турларига қизиқиши ҳамда спорт иншоотларининг жиҳозланиш даражасини ўрганиб, шу асосда таклифлар бериш вазифаси юклатилди.

Олис ва чекка қишлоқларда кичик спорт заллари ва сунъий қопламали майдонлар қуриш, бунинг учун тадбиркорларга ер ва “Ёшлар — келажагимиз” дастури доирасида имтиёзли кредитлар ажратилади.

Йиғилишда ёшларни интернетдаги зарарли хуружлардан асраш, уларни ахборот технологияларидан унумли фойдаланишга ўргатиш масалаларига ҳам алоҳида аҳамият қаратилди.

Шаҳринисо ФАРҲОДОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE