Бош саҳифа / Адабиёт / Ёшларга ҳавасим келди

Ёшларга ҳавасим келди

“Ёш китобхон” танлови ҳақида гап кетганда, ойнаи жаҳон орқали эфирга узатилган телевизион танловдаги лавҳалар, тиллари бийрон, фикрлари ва таассуротларини гапириб тугата олмаган китобхон ёшларнинг зукколиги, “Спарк” соҳибига айланганлари бир-бир кўз ўнгимизда гавдаланади.

Китобхон деганда ҳар йили кашф этиладиган ҳақиқий маънодаги китобга меҳр қўйган, мутолаадан завқ оладиган ёшларни тасаввур қиламиз. Бугун юртимизда китобхонлик давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, ҳар бир ёш қатламлари орасида “Ёш китобхон” танловининг ташкил этилгани кишини янада қувонтиради.

Жорий йил бошидан буён “Ёш китобхон” танловининг низоми ишлаб чиқилиб, янада бойитилди, қўшимчалар киритилди. Дунёвий ва диний илм-фан тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ аждодларимизнинг ноёб асарларини асраб-авайлаш, келгуси авлодларга безавол етказиш, уларнинг нодир меросини, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, ёшларимизни ўзлигини англаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг оммалаштириш мақсадида ташкил этилган танловдан кутилган натижа эса олдингиларидан ҳам яхши ўтказилиши мақсад қилингани тайин.

Йил бошида китобхонликка даъвогар 48 288 нафар вилоятимиз ёшлари Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг туман ва шаҳар кенгашларига ариза билан мурожаат қилган эди. Рақамлар, бир қараганда, кишининг кўзларини қамаштириб, хурсанд қилади. Воҳамизда мана шунча китобхон ёш бор экан-да, дейсиз беихтиёр. Улар ҳақиқатдан ҳам китобхонми ёки танловга қўйилган “Спарк” автомашинаси танловга етаклаганмикан? Мана шундай саволлар кўнгдаланг ташланганда, секингина натижаларни, танловнинг саралаш босқичларини кута бошлаймиз. Сабаби, саволларга жавобларни ёшларнинг билим ва салоҳияти, иштироки аниқлаб беради-да!

Май, июнь ойларида “Ёш китобхон” танловининг туман ва шаҳар босқичидан ёшлар тоифаси бўйича 42 нафар китобхон йигит-қиз вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритган эди. Куни кеча эса Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, вилоят ҳокимлиги, халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда “Ёшлар маркази”да танловнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Марказга кираверишда “Спарк” автомашиналари безатилган ҳолатда савлат тўкиб турибди. Ичкарига кирганингиз сари китоблар мамлакатига келиб қолгандек ҳис қиласиз ўзингизни. Атроф китоб жавонлари, рамзий безаклар билан безатилган. Ҳар қадамдан бир фалсафа уқасиз. Бир қатор бўлиб саф тортган ҳакамлар одиллик ва холислик билан иштирокчиларни баҳолаб боришга шай. Иштирокчилар “Буюк мутафаккир ва адиб” ҳамда “Бадиий асарлар билимдони” шартлари орқали ўз билимларини синаб кўришди. Дастлаб танлов шартларини бажариш учун иштирокчилар кетма-кетлиги аниқлаб олинди. Хатжилдда республикадан келтирилган саволлар иштирокчиларнинг оила аъзолари томонидан холисона очиб берилди. Барча иштирокчилар шартларнинг низомига асосан 1 дақиқа ўйлаш ҳамда 2 дақиқали маълумотларни ҳар бир саволга жавоб тариқасида айтиб ўтди.

 Уч кун давомида 3 нафар ғолиб аниқлаб олинди. 10-14 ёшлилар орасида жарқўрғонлик Шаҳзода Ўралова, 15-19 ёшлар орасида Шўрчи туманидан Шоҳсанам Ҳазратқулова, 20-30 ёшлар ўртасида Жарқўрғондан Нурислом Чориевлар ғолиб деб топилиб, танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритдилар. Танлов якунида ғолибларга диплом ва китоблар шодаси туҳфа этилди. Аммо, сўзларимни шу ўринларда хулоса қилишни истамадим. Сабаби, танлов жараёни, у ердаги ҳолат каминани анча ўйлашга мажбур этди. Ва бу ўйловларни, ҳакамлар ва бошқа томошабинлар қалбидан кечган оғриқларни қоғозга туширишга қарор қилдим.

“Ёш китобхон” танловининг вилоят босқичи 10-14 ёш тоифасида ўтказилган кун иштирокчилар ҳар икки шарт бўйича ҳам жавоб бера олдилар. Ёшларнинг зукколиги, тиришқоқлик билан китоб ўқиганликлари, уларнинг жавоб беришларидан сезилиб турарди. Ўқиган асарлари ҳақида ҳикоя қилишар экан, воқеалар бола нутқида дунёқарашига хос фикрлар билан баён этилар, асар китобхонга нечоғлик таъсир қилганини сезиш қийинмасди. Демак, ёшларимиз яхши китобхон, мутолаа завқини билишар экан, шу йўлда ташкил этилган танлов эса ўзини оқлабди, деган хулосага келишингиз тайин. Аммо бу хулосага шошилманг, чунки, танловнинг иккинчи куни 15-19 ёшлилар билими бироз панд бердими, ёхуд хотиралари, хуллас, ҳолат мақтагулик эмасди. Бу ҳам майли, танловнинг сўнгги кунида 20-30 ёшлилар орасидаги иштирокчилар асосан она тили ва адабиёт фани ўқитувчиларидан иборат эди. Уларнинг 60 фоизидан кўпроғи саволларга деярли “топа олмадим”, “билмайман”, “ўқимаганман”, “эслай олмадим” каби жавоблар билан навбатини ўтказдилар. Келажак авлодга сабоқ бериб келаётган педагогларнинг минбарга чиқиб, бу тарзда мулзам тортиши ачинарли ҳолат эмасми? Бу ҳам етмагандек, ўқиган асари ҳақида маълумотни айтишар экан, нутқлари ҳам ҳамин қадар, баъзилари айтишга сўз топа олмаётганини қандай тушуниш мумкин? Танлов якунида иштирокчиларга сўз берилганда, улардан бир нечтаси танлов учун берилган адабиётлар рўйхати кеч чиққанини, ҳажман катта-катта асарлар бўлгани учун қисқа вақтда ёдда сақлаш қийинлик қилганини айтиб, айбларини хаспўшлашди. Наҳотки, танлов учун ўқишган бўлса, ўзларини ғолиб бўлиш учун зўрма-зўраки китобхон қилиб кўрсатишган бўлса?.. Бадиий адабиётларни севиб ўқийдиган китобхонлар ҳам бор-ку, нега энди саҳнага ўзини китобхон қилиб кўрсатувчи сохта китобхонлар уялмасдан бўй-бастини кўрсатса, тил ва адабиёт фани ўқитувчилари. Ана шундай сохта китобхон педагоглар кўпаяр экан, сўнгги ўн-ўн беш йил ичида улар қўлидан етишиб чиқадиган келажак авлод тақдири қандай кечади?!

Танлов якунида қутловлар эмас, аччиқ ҳақиқатлар ёғила бошлади. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари ўзларининг танқидий фикрларини билдириб ўтдилар. Томошабинлар орасида танловни кузатиб бораётган, 10-14 ёш тоифасида иккинчи ўрин соҳиби термизлик Аҳрор Холиёров ҳам бор эди. У сўзга чиқиб:

–        Китоб ўқиш севимли машғулотим. Мен ҳам шу танловда иштирок этдим. Ўз тенгдошларимнинг китобхонлигини, интилишларини кўриб, янада кўпроқ ўз устимда ишлашим кераклигини тушундим. Чунки 10-14 ёшдагиларнинг барчаси пухта тайёрланиб келишган экан. 15-19 ёшлар ўртасидаги танлов шартларини ҳамма ҳам тўлиқ бажара олмади. Аммо ҳаракат қилишди. Бугунги 20-30 ёшдаги устоз иштирокчиларнинг чиқишлари, тайёргарликларини кўриб, тўғриси, ҳайрон қолдим. Сабаби, уларнинг жавоблари ҳам, билимлари ҳам мени қониқтирмади, — деган дангал фикрни билдирди.

Тақдирланиш, рағбатланиш яхши, аммо унга муносиб бўлмоқ лозим. Мутасадди ташкилотлар “Ёш китобхон” танловининг вилоят босқичини кўтаринки руҳда ўтказилиши, китобхонларни кашф қилишлари учун қанча меҳнат ва ҳаракат қилишмади дейсиз, қанча вақт, қанча декорациялар… Буларнинг ортида қанчадан-қанча киши елиб-югурди, меҳнати сингди. Ахир, республикага мана бизнинг қаҳрамонлар, дейдиган китобхон керак эди-да. Хўш, бизнинг китобхонлар танловнинг республика босқичида ойнаи жаҳон орқали қандай чиқиш қиларкан? Ишқилиб, юзимизни ерга қаратишмаса бўлгани…

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Аҳиллик самараси

Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда Хоразмга яқин бир қишлоқда одамлар жуда аҳил …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE