Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Ёш олимнинг янги нави

Ёш олимнинг янги нави

Ангор туманининг Карвон маҳалласида вояга етган Бахтиёр Амонов ёшликдан илмга қизиқди, олим бўлишни ният қилди. Бунинг учун ўқиб-изланиш кераклигини, машаққатлардан чўчимай меҳнат қилиш зарурлигини англаб етди. 2003 йил Термиз Давлат университети бакалавриятини тамомлагач, Тошкент давлат аграр университети магистратурасида ўқиди. 2006-2015 йиллар Ўзбекистон ФА Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти “Ғўза систематикаси ва интродукцияси” лабораториясида аспирант, кичик илмий ходим, катта илмий ходим сифатида фаолият кўрсатди.

2012-2014 йил “Дунё ғўза генофонди тетраплоид турлари навларининг хилма-хиллигини ўрганиш, хўжалик ва биологик хусусиятларига ҳамда селекциявий потенциалига баҳо бериш” мавзусидаги ФА-А8-Т026-рақамли амалий, 2012-2015 йиллар “Gossypium L. туркумининг полиморф турларининг турича ва турлараро био хилма-хилликларининг филогенетик қариндошлик даражаси” мавзусидаги ФА-Ф5-Т024-рақамли фундаментал грант лойиҳаларида катта илмий ходим, 2012-2013 йиллар “Ғўза генофонди коллекцияси” мавзусидаги ноёб объект бўйича изланишларда мутахассис, 2014-2015 йиллар “Генофонд-2” ғўза навини республиканинг икки экологик минтақаларида кўпайтириш ҳамда хўжалик ва биологик кўрсаткичларининг барқарорлиги” мавзусидаги 5-Ф-0-11219-рақамли инновацион грант лойиҳаларида катта илмий ходим, 2015 йилда “Ғўза генофондининг диплоид ва тетраплоид турларига оид дунёвий хилма-хилликлари орасидан турли услублар қўллаш асосида қимматли намуналар ажратиб олиш, баҳолаш, селекциявий жараённи жадаллаштириш” мавзусидаги ФА-А8-Т017-рақамли амалий лойиҳасида катта илмий ходим бўлиб изланишларни давом эттирди. Ғўзанинг дунё генофондида сақланаётган ингичка толали турича био хилма-хилликларидан амалий селекцияда фойдаланиш самарадорлиги билан боғлиқлигини, биологик ва хўжалик қимматини ҳамда генофонднинг ҳали фойдаланилмаган манбаларини селекция ишларида қўллаш ва пахтачиликнинг истиқболини белгиловчи долзарб муаммоларни ҳал қилишда фаол қатнашмоқда.

“Перу ғўза турларининг генетик хилма-хилликлари ва морфо-хўжалик белгиларининг ирсийланиши” мавзуси бўйича 2010 йил номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Перу ғўза турларининг турича хилма-хилликлари ва турлараро дурагайларининг филогенетик муносабатлари ва морфо-хўжалик белгиларининг ирсийланиши ҳамда ўзгарувчанлигини аниқлаган. Ёш олим “Перу ғўза турларини турича ва турлараро дурагайлаш асосида генетик жиҳатдан бойитилган тизмалар олиш” мавзусида докторлик (DSc) диссертациясининг тадқикот ишларини олиб борди ва 2019 йил 6 февралда биология фанлари бўйича фан доктори (DSc) диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.

Мамлакатимиз иқтисодиётида ялпи ички маҳсулотнинг салмоқли улуши пахта толаси экспорти ҳисобига тўғри келади. Шунинг учун ғўзанинг қурғоқчиликка, шўрхокликка, зараркунандаларга чидамли ва юқори сифатли тола берадиган янги навларини яратиш муҳим ҳисобланади. Иқтидорли олим ғўзанинг янги ингичка толали “Ангор” навини яратди. Gbarbadense L. ssp.vitifblium кенжа турини маҳаллий “Қарши-8” навини дурагайлаш ва кўп йиллик танлов олиб бориш асосида яратилган бу нав 0-1 типли шохланишга эга, тезпишар. Битта кўсагидаги пахта вазни ўртача 4,8 грамм, 1000 та чигит вазни 141 грамм, тола чиқими 36,7 фоиз, тола индекси 7,5 грамм, тола узунлиги 40,2 миллиметр сингари кўрсаткичларга эга. “Ангор” нави барча қимматли хўжалик белгилари бўйича районлашган навлардан ҳар томонлама устун.

 Айни пайтда “Ангор” нави қишлоқ хўжалик экинлари нав синаш участкаларида синовдан ўтказилмокда. 38 ёшли олимнинг 100 дан ортиқ илмий ишлари республика ва хорижий илмий журнал ва тўпламларда чоп этилган. У “Ғўза систематикаси ва интродукцияси” лабораториясида яратилган янги “Генофонд-2” ғўза нави ҳаммуаллифи ва патент олишга талабнома берилган. Ушбу нав 2013 йил истиқболли ғўза навлари қаторига киритилиб, Жиззах вилояти ерларида экилмоқда.

Бахтиёр Амонов Ўзбекистон Республикаси ФА Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти ёш олимлар кенгаши аъзоси. Жамоат ишларида фаоллик кўрсатмоқда.

Ўз мухбиримиз

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Деҳқонларга қўшимча даромад

Бу йил ғаллакорларимиз юқори ҳосил етиштириб, давлатга дон сотиш режасини ошириб бажаргани кўпчиликка маълум. Яхши …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE