Бош саҳифа / Жамият / Ёш ижодкорлар клуби – маҳорат мактаби

Ёш ижодкорлар клуби – маҳорат мактаби

2011 йил эди ўшанда. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Менгнор Олломуродов шоир эмасми, ижод аҳлини қадрлайди, қаерга бормасин, ўзидан из қолдиришга уринади. Эътибор бериб қараса, вилоятда ҳеч қандай адабий тўгарак ташкил этилмаган.

Воҳада истеъдодлар, ижодкор ёшлар эса жуда кўп. Улар ёзган шеърларини, ҳикояларини кўтариб, ҳали у газета, ҳали бу газета таҳририятига келади. Газетада ишлар қизғин, ижодкорларга маслаҳат берадиган, йўл кўрсатадиган йўқ. Устоз кўп ўйлади ва муносиб ечим топгандек бўлди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими қошида “Сурхон” ёш ижодкорлар адабий клубини ташкил этди. Клубга ўзи раҳбарлик қилиб, қалбидаги орзуларни амалга оширишга маҳкам бел боғлади.

—     Илм-фан ривож топган даврда нега энди ижодкорлар учун Термизда клуб ташкил этиб бўлмас экан, деган ўй билан бошланган ташаббусим, аввалига жуда кўп қийинчиликларга учради, дейди М. Олломуродов.Клуб аъзоларига машғулотларни ўтиш учун жой топиш муаммоси туғилди. Ҳали Термиз давлат университети ўқув хоналарида, ҳали вилоят касаба уюшмалари биносида дарслар ўтказила бошланди. Бир муддат клуб ўз фаолиятини “Маънавият гулшани” газетаси таҳририятидан ажратилган хонада ҳам давом эттирди. 2014-2015 йилларда “Термиз оқшоми” газетасига бош муҳаррир вазифасига тайинланганим туфайли клуб ҳам ўша ерга кўчирилди. Газетада махсус саҳифа ташкил этиб, мунтазам равишда клуб иштирокчиларининг ижодидан намуналар бериб бордик.

 Мана, бир йилдирки, клубга вилоят “Матбуот уйи”дан 3 та хона ажратилган ва дарслар доимий ўтказиб келинмоқда. Энг қувонарлиси шундаки, бир неча йиллик сарсон-саргардончиликка қарамай, ижодкор ёшлар тарқаб кетмади. Бирдамликда, ҳамжиҳатликда ижодга шўнғидилар, билим ва ижод булоғидан тинмай баҳра олавердилар. Ҳозирда 40 дан ошиқ ёш ижодкорни ўзида бирлаштирган “Сурхон” ёш ижодкорлар адабий клуби тинимсиз ҳаракатда ва изланишда. Жамоа республика миқёсида ташкил этилган турли семинар ва танловларда иштирок этиб келаётир. Бу ҳам катта бахт ва омад аслида. Клуб аъзолари ичида Афғон таълим маркази талабалари ҳам бор.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими республика Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда клуб аъзоларидан энг истеъдодли 4 нафарининг шеърлари жамланиб, китоб ҳолида нашр эттириш ишлари кетмоқда.

— Мен “Сурхон” ёш ижодкорлар адабий клубининг биринчи аъзолариданман, дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимида адабий ходим вазифасида ишлаб келаётган Донохол Жумаева. Айни пайтда эса устоз банд пайтларида ёш ижодкорларга дарс ўтиб тураман. Ижодкор аҳли тинимсиз ҳаракатда ва ўз устида ишлаши керак. Акс ҳолда қотиб қолади. Яқинда ёш ижодкорларимиз билан бирга Шеробод туманидаги “Бешбулоқ” болалар оромгоҳида “Сурхондарё ёш ижодкорларининг биринчи семинари“да иштирок этиб қайтдик.

Менгнор Олломуродовнинг ўз дарс услуби, ижод усуллари бор. Дарс ва машғулотлар жараёнида барча ижодкорлар ўз ижодидан намуналар ўқишади. Сўнг барчанинг ижоди таҳлил қилинади, баҳо берилади. Энг яхши деб топилган шеър ва ҳикоялар вилоятдаги газеталарда эълон қилинади. Бу ҳам рағбатнинг бир кўриниши. Ҳақиқий истеъдодлар клубда қайта юз очгандек бўлади, ўзлигини англаб, дунёқараши ва савиясини кенгайтиришда клуб катта мактаб вазифасини ўтайди.

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE