Бош саҳифа / Адабиёт / Ёруғ орзулари унинг йўлдоши

Ёруғ орзулари унинг йўлдоши

Аёл — табиатан шоира. У мунчоқдек кўзларини ярқиратиб ётган гўдагини бағрига босиб, эркалаганда, бу дунёнинг энг гапга чечан, лабларидан ҳаётбахш сўзлар учаётган инсонига айланади.

Аёл — ҳофиза. У алла айтганида, товушлари меҳр қанотларида ипакдек товланганида, бу оламнинг энг жозибали қўшиқчиси, куйчиси бўлиб қолади.

Бу — яратгандан ҳадя этилган табиий истеъдодга қўшимча озгина таъби назм ҳам юқтирилган бўлса, аёл маънавият кишиси бўлиб яшайди.

Воҳадошимиз зиёли аёл ҳаётини мактаб, маориф, маънавият билан боғлаб яшаб келаётган Рўзихол Раҳмон қизи ҳам шеърият, адабиёт ошуфтаси.

Унинг:
Агар ёри бўлса суянчиқ,
Тоғларни ҳам кўтарар аёл…

Ёки:
Элдан дуо олган
йигит кам бўлмайди…

Ёки:
Бир фарзандинг бўлса
қоя, қўрғондек…

каби сатрлари она қалбининг истак-тилакларга тўла манзаралари сифатида намоён бўлади.

Рўзихолнинг “Томчида уммон акси” дегандек мана шундай сатрлари уни шеъриятга яқинлаштиради.

Рўзихол 1955 йилда Термиз туманидаги Янгиариқ қишлоғида туғилган. 1971 йилда Термиз туманидаги Ҳамза номли ўрта мактабни, 1976 йилда Термиз давлат педагогика институтининг инглиз тили факультетини тугатган.

1975-1988 йилларда Музработ туманидаги 14-ўрта мактабда ўқитувчи, 1988 йилдан 1999 йилгача вилоят халқ таълими бошқармасининг ижодкорлик маркази раҳбари лавозимида ишлаган. Ихтирочилиги, ҳунармандлиги, изланувчан мураббийлиги туфайли мамлакат миқёсидаги ўнлаб кўрик-танловларнинг совриндори бўлган. Кўплаб хотин-қизларга зардўзлик, тикувчилик сир-асрорларини ўргатиб келмоқда. У Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлимида ҳам фаолият юритади. Рўзихолбонунинг илк китоби “Тоза руҳ ҳайратлари” номи билан аллақачонлар ўқувчиларга етиб борганди.

Мажмуа хусусида шоир Азим Суюн қуйидагиларни битганди:

“Рўзихолнинг илк шеърий тўпламидаги дардчил сатрлар кишини маҳзун ўйга толдиради. Аллақачонлар фарзандлари элга қўшилган, бир этак невараларнинг суюкли момоси бўлиб улгурган бу жонсарак аёлга энди бундайин оғир юкни кўнгилга жойлашнинг нима зарурати бор экан деган саволга рўбарў келасан, киши.

Демак, тақдир фарзанду давлатни, бахту қайғуни инсоннинг ёшига қараб бермагани каби ижод дардини ҳам ногаҳон раво кўрар экан-да. Абжиру чайир чавандозлар билан бир қаторда шунчаки ҳашаки от миниб, саноқда юрганларга лиқ тўлиб кетган бу майдондан улоқ айириш осонмикан?

Шундай бўлса-да, Рўзихолбонуга ёруғ орзулар йўлдош бўлсин дейман”.

Дарҳақиқат, шоира Рўзихолнинг илк шеърий тўпламидаги туғёнли сатрлар кишини ўйга толдиради. Бир томондан шоир ҳақ гапни айтган. Лекин шеър инсон қалбининг мевасидир. У қалб буюрганини қилади. Айниқса, бошига ўлим соя ташлаганида ва ёши бир жойга етганда унга “Ундай ёз, бундай ёз” деб бўлмайди. Аввало, у ҳар бир ўзгаришни Ҳақнинг ҳукмига, тақдирга боғлайди.

Ҳақ не берди-топдим,
 олса, йўқотдим.
Минг шукур, ҳар нечук
 бахтли яшадим дейди.

Ҳа, билимдон оғасини, ўн беш кунлик тўлин ойдек ўғли Фарҳодни, суқсурдек қизи Барноойни Аллоҳга топширган она дардини шеърга битмайдими?

Рўзихолбонунинг “Олтин остона” китобидан 40 га яқин турли мавзудаги шеърлари ўрин олган. Уларда Ватанга, эл-юртга меҳр-муҳаббат, эътиқод ва иймонга, пайғамбар ва унинг умматларига ихлос, ишонч, эзгу тилаклар ўз ифодасини топган. “Ўзбекистон”, “Шаҳид оғам”, “Қайдан излай энди?”, “Шундай ўғил”, “Аллоҳнинг мўъжизаси”, “Иймон-Ватан севгиси” каби кўнгилга яқин, ажойиб шеърлари ўрин олган.

Шеър — қалб фарзанди. Рўзихолбону ижоди, дил ўртар шеърлари хусусида кўп гапириш мумкин.Сўзимни мухтасар қилиб, мақолани шоира, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Қутлибека Раҳимбоеванинг қуйидаги сўзлари билан тугатишни мақсадга мувофиқ деб билдим.

“Адабиёт шайдоси, шеър ошиғи турлича кайфият билан турфа машқлар битиши мумкин. Лекин уларнинг ҳаммаси шеърий китоб учун зийнат бўлавермайди.

Бугунги баланд шеърият талабларига, мезонларига мос келадиган шеърларни танлабгина китоб қилинса, муаллиф ҳам, ўқувчи ҳам ютқазмайди.

Ўйлайманки, бир умр юксак маънавият учун хизмат қилиб келаётган Рўзихол Раҳмон қизи бу ҳақиқатни яхши англайди ва китоб тайёрлашда ана шу мезонларга амал қилади”.

Холмўмин ХУДОЙҚУЛОВ,
Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси,

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ёшларга ҳавасим келди

“Ёш китобхон” танлови ҳақида гап кетганда, ойнаи жаҳон орқали эфирга узатилган телевизион танловдаги лавҳалар, тиллари …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE