Бош саҳифа / Жамият / Ёмон гумон омад йўлимизни боғлайди

Ёмон гумон омад йўлимизни боғлайди

Толҳа ибн Абдурроҳман ибн Авф ўз замонасида Қурайшнинг энг саховатли кишиси эди. Бир куни унга хотини:

 – Сизнинг биродарларингиздек пасткаш инсонларни кўрмаганман, –  деди.

 У:

 – Нима учун бундай деяпсан? – деб сўради.

 Хотини эса:

– Агар сиз бойиб кетсангиз, улар сиздан ажралишмайди, агар сиз камбағал бўлиб қолсангиз, (хабар олиб) келишмайди – деди.

Толҳа хотинига қараб:

 – Аллоҳга қасамки, бу уларнинг мукаррам хулқ соҳиблари эканидандир. Уларга саховат кўрсатишга имконимиз бор пайтда келишади, агар уларнинг ҳаққини адо қилишдан ожиз бўлиб қолсак, (бизни безовта қилиб, хижолатга қўймаслик учун) келишмайди, – деб жавоб берди.

Биласизми, Имом Мовардий ушбу қиссага қўшимча қилиб шундай дейди:

 – Унинг олийжаноблик билан қилган таъвилини қаранг! Биродарларининг хунук ишларидан яхшиликни гумон қиляпти, хиёнатларини эса вафо деб таъвил қиляпти. Аллоҳга қасамки, бу – соғлом қалбнинг дунёда роҳат, охиратда эса муваффақият эканига далолат қилади. Бу ҳам жаннатга кириш сабабларидан биридир!

Ҳа, атрофдаги кишиларимиз ҳақида доим яхши гумонда бўлиш мўминликнинг, балки инсонийликнинг ҳам олий намунасидир. Бундай одам, бошқалардан фақат яхшилик излайди, бўлиб ўтаётган ҳар бир воқеа-ҳодисанинг хайрли томонини кўра олади.

Баъзан кўча-кўйда кетаётиб ҳам танимаган кишиларимиз ҳақида турли ёмон гумонларга борамиз. Баъзан эса яқинларимиз ва ё ҳамкасб-дўстларимиз тўғрисида бошқаларни шубҳалантирадиган гаплар айтиб юборамиз. Онгимиздаги ёмон гумон ва шубҳалар баъзан яқинларимиз билан ҳам ўртамизга низо солади, муносабатлар ипини узишгача боради, кўнгилларни парчалайди. Буларнинг бари йиғила бориб, ўзимизнинг оёғимизни кишанлайди. Қаранг, ёмон ўй, шубҳали фикрлар бизни ҳар қадамда таъқиб этиши, эндигина унаётган ишимизни чаппасига айлантириши мумкин экан.

Чунки улар аурамизни негатив энергия билан тўлдириб ташлайди ва булар бизнинг ҳаёт тарзимизга ўз-ўзидан таъсир кўрсата бошлайди. Кейин “Нега ишим юришмаяпти, нега бошқалар менга ёмон муносабатда бўлишаяпти, нега мақсадимга озгина қолганда ҳаммаси чиппакка чиқаяпти?” каби саволлар билан ўзимизни қийнаймиз.

Аслида буларнинг жавоби оддий. Биз миямизни ёмон ўй, гумонлар, ўзгаларни ғийбат қилишдек негативлар билан тўлдириб ташлаганмиз. Мана шунинг учун!

Ибн Сийрин роҳматуллоҳи алайҳи айтганлар:

“Биродаринг ҳақида бирон нарса эшитсанг, унинг узрини қидир. Агар унга узр топа олмасанг, “Балки мен билмайдиган узри бордир” – дегин”.

Олтинга тенг ҳикмат!

Унутманг, қачонки биз бошқалар ҳақида яхши гумонда бўлсакгина, улар ҳам биз ҳақимизда шундай ўйлашади. Бу эса атрофдагилар билан муносабатларимизни яхшилайди. Ҳаётда ҳар нарсадан яхшилик излаб яшаш эса йўлимиздаги ҳар қандай нохушлик, кўнгилсизлик ва тўсиқларни олиб ташлайди. Омадимиз юришади, ўйлаган эзгу ниятларимиз сари йўллар очилишни бошлайди. Шундай экан, демак, ҳар доим яхши гумонда бўлинг, яхшиликлар сари одимлашдан тўхтаманг!

Феруза Раҳмонқулова

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Қоидани бузманг, имтиёз муддати тугади!

Маълумки, чет давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига келиши ва кетиши, шунингдек, Ўзбекистон …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan