Бош саҳифа / Жамият / Ёмон бўлиб туғилмайди инсон аслида

Ёмон бўлиб туғилмайди инсон аслида

…У туғилганида ҳеч ким қувонмади. Ҳатто отаси юзини ҳам кўрмаганди. Онасининг эса уни боқишга қурби етмасди, оладиган арзимасгина алимент пулини боласининг уст-бошига сарфласинми, қорнини тўқласинми. Жажжи болажонлар таълим-тарбия олаётган боғчанингку кўчасидан ҳам ўтмади. Шўрлик она эса ёшликда қилиб қўйган хатосининг мевасига тузукроқ эътибор ҳам қаратолмасди. Устига устак эски қилиғини ҳам канда қилмасди. Кеч кетиб эрта тонгда “иш”дан қайтарди. Бола ақли билан у буни сира тушунмасди. Нега ёнидаги қўшни болаларнинг ота-онаси кундуз куни ишлайдию унинг онаси тунда. У доим бувиси билан уйда қолади. Телевизор томоша қилади.

У шу тариқа мактаб ёшига чиққанида, амал-тақал қилиб форма ҳам олинди. Шунда ҳам жеркиниш, қарғаниш аралаш эгнига илинган формасида таълим олишга отланди. Яхши ўқий бошлади. Кичик бўлсада катта ўй бошида айланарди. Онасининг қўлтиғидан кириб рўзғорга кўмаклашишни кўнглига тугди. Бунинг учун эса аъло ўқиш кераклигини, инсон яхши ўқиб-ўрганса, у албатта келажакда етук шахсга айланиб, муносиб шароитда ишлашини гўдак қалби билан секин-аста илғай бошлади. Аммо тўсатдан ўзидан бир синф баландда ўқийдиган боладан “сенинг онанг ёмон аёл, сен ҳеч қачон яхши инсон бўлолмайсан”, деган дашномни эшитдию шу жойда тош қотди. Онасини фаришта билсада бу гап барибир таъсирли бўлди. Аммо бир куни онасининг номақул қилиқларини ўз кўзи билан кўриб қолдию буткул тўхтади. Дарсларда бетартиб ўтирадиган, вазифаларни умуман бажармайдиган, тенгдошлари билан жанжаллашадиган одат чиқарди. Энг биринчи онасини ҳақорат қилган болани дўпослашга ахд қилди. Бу хатти-ҳаракатлар бора-бора эгри қадамга айланди. Натижада уни ахлоқ тузатиш колониясига юборишди…

Статистика вилоятимизда ҳам ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этган ёшлар сонининг талайгина эканлигига гувоҳлик беради. Ўтган бир йил мобайнида вилоятимизда  679 нафар ёшлар томонидан 634 та жиноятлар содир этилган. Энг ачинарлиси, ушбу жиноятларнинг 4 таси қотиллик, 19 таси оғир тан жароҳати етказиш, 3 таси номусга тегиш, 4 таси босқинчилик, 9 таси талончилик, 63 таси безорилик, 76 таси ўғирлик, 39 таси эса гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлардир.

— Аксарият болаларнинг фел-атворида жиноятчиликка, нотўғри қадам ташлашга мойиллик бўлади, —  дейди психолог Нигора Нормаҳмадова. — улардаги бу мойилликни тафаккурини шакллантириш, китобга ошно қилиш орқали ҳам ўзгартириш мумкин. Аввало оила тўғри тарбия беришни оиладан бошлаш керак. Масаланинг икинчи томони ҳам бор. Бошқа тарафдан ёндашадиган бўлсак, ота ёки онанинг ўзи маънавий кўмакка мухтож бўла туриб фарзандига яхши тарбия бера олмаслиги кундай равшан.

Агар бола ноқобил оилада тарбияланаётгн бўлса, ундай ҳолатда мактабдаги ўқитувчилар, маҳалладаги кўпни кўрган оқсоқоллар кўмакка келиши керак. Ҳозир мактабгача таълим ташкилотларида ҳам, мактабларда ҳам психологлар фаолият юритади. Улар жиноятчиликка, безориликка мойиллиги бор болалар билан якка тартибда иш олиб боришлари мақсадга мувофиқ. Тўғри ушбу мутахассислар болалар билан машғулотлар олиб боришади, аммо маҳалладаги нотинч оилалар билан, айниқса уйда ўтирадиган аёлларга руҳий кўмак бериши учун ҳам маҳаллаларда ҳам психологлар штати ташкил этилиши керак, назаримда.

Оилада муаммоси бор инсон яхши фикрлай олмайди. Танасида дарди бор инсон олға интилишда ўзига куч топа билмайди. Турли хил ташқи таъсирлардан ҳам қочишнинг имкони йўқ.

Адолат Мўминова

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ёмон гумон омад йўлимизни боғлайди

Толҳа ибн Абдурроҳман ибн Авф ўз замонасида Қурайшнинг энг саховатли кишиси эди. Бир куни унга …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan