Бош саҳифа / Жамият / Йилт этган истеъдод учқуни

Йилт этган истеъдод учқуни

ЭЪТИБОР ҚИЛИНГАН ЕРДАГИНА АЛАНГА ОЛАДИ

Дарҳақиқат, бу гапда жон бор. Чунки қуёшнинг нури барчага баробар бўлса ҳам саҳрода тикану бўстонда сарву гул битиши ҳаммага аён ҳақиқат. Шу боис, бугун ана шундай иқтидор эгаларини аниқлаш, уларнинг истеъдодини камол топтириш мақсадида воҳада ҳам ибратли ишлар қилинаяпти. Жумладан, вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан 16-30 ёшли қаламкашлар ўртасида ташкил этилган “Йилнинг энг фаол журналисти” кўрик-танловининг ҳам мақсади шунга қаратилган.

Сир эмас, газетамизда танлов ҳақида эълон берилгач, кўплаб мунозараларга сабаб бўлди. Кимдир “Унда ҳеч ким қатнашмайди”, дея энса қотирган бўлса, яна кимдир “Барибир адолатли бўлмайди”га ўхшаш эътирозларни билдирди. Бироқ, таҳририят имкон қадар танловнинг юқори савияда ташкил этилиши, адолатли ўтиши учун ҳаракат қилди.

Зарина Лодонова — 1998 йил Термиз тумани, “Чегара” маҳалласида туғилган. Зарина ҳозирда “Сурхон нашр” масъулияти чекланган жамиятида фаолият юритиш билан бирга газетамиз саҳифалари орқали жамиятдаги иллатлар, бола тарбияси борасидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашиб туради.

Очиғи, танлов учун таҳририятимизга келган аксарият ижодий ишлардан кўнглимиз тўлмади. Сабаби, танлов низомига кўра, Ўзбекис- тон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши Ҳаракатлар стратегияси бўйича юртимизда юз бераётган ўзгаришлар, энг сўнги янгиликлар, соҳаларда, жойларда мавжуд ижтимоий аҳамиятга эга муаммолар, иллатларга холис баҳо берилган мақолалар берилиши керак эди. Бироқ, уларнинг айримлари мавзудан йироқлиги, айримларида эса услубий хатолар, таҳлиллар йўқлиги боис уларни мукаммал даражада ёзилган ижодий ишлар деб бўлмайди. Ҳатто, мавзуларга саёз ёндашилган ҳолатлар ҳам бўлди. Шунинг учун газетамизда чоп этилган ижод намуналарининг аксарияти деярли қайта ишланди. Кузатилган камчиликларни кўриб, иштирокчилар ҳали ижод сирларини ўрганиши, кўп китоб ўқиши ва тажриба тўплаши лозимлигига амин бўлдик.

Албатта,  ёшлар орасида йилт этган учқунлар ҳам борлиги бизни қувонтирди. Жумладан, Муқаддам Алимардонова, Адолат Мўминова, Мақсуда Абдуқаюмова, Наргиза Одинаева, Бобуржон Хидиров, Сирожиддин Ибрагимов каби иқтидорли ёшларнинг ижод маҳсулларида равон тил, холислик, муаммони тўғри таҳлил қила олишга интилиш бор. Қолаверса, бу ижодкор ёшларнинг ҳар бири ўзига хос услуби ва ижодий ёндашуви билан ажралиб турибди.

Айниқса, танлов жараёнида Хуршид Қаршиевнинг “Ҳаммаси бир кунда тугайди” сарлавҳали мақоласи шов-шувга айланди. Таҳририятимизга ушбу мақола юзасидан муносабат билдирилган мактублар жуда кўп келди. Бу албатта, муаллифнинг ютуғи. Бироқ, унда келтирилган танқидий фикрлар, таҳлилларни ҳамма ҳам тўғри қабул қила олмаганини таҳририятга ва муаллифга билдирилган эътироз ва тазйиқларлардан фаҳмладик. Ҳолбуки, танқидни ҳазм қила олиш улуғлик белгиси эканлигини унутмаслик керак.

Ҳар қандай соҳада ёшларга яхши устоз зарур. Худди шундай журналистикада ҳам. Кўрик-танлов иштирокчилари орасида мактаб ўқувчиси ҳам бор. Энг қизиғи, биз айнан ўқувчи орқали шогирдининг иқтидорини пайқаб, унга куюнчаклик билан кўмак берган устозларни кашф қилдик. Бунга мисол қилиб Термиз шаҳридаги 11-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Дилбар Нормуродовани айтиш мумкин. Истардикки, туман таълим муассасаларидаги она тили ва адабиёти ўқитувчилари ҳам ана шундай жонбозлик кўрсатиб, қалами ўткир ёшларни тарбияласа, нур устига нур бўларди. Бинобарин, устоз-шогирд анъанаси кўп асрлардан бери мева бериб келаётганини инкор этолмаймиз. Ушбу анъана вилоятимизда айнан журналистика соҳасига ҳам кенг жорий қилинса, иқтидорлилар сафи янада ортишига замин яратади.

Воҳамизда қалби завқ-шавққа тўла, жўшқин ижодкор ёшлар кўп. Уларнинг кўпчилиги туманлар, чекка қишлоқларда эътибордан бироз нарида. Аслида мақсадимиз ана шу истеъдод эгаларини ҳам юзага чиқариш эди. Бунда албатта, туман матбуот нашрлари вакиллари ҳам фаол бўлишганда, бугунги хулосаларимиз бироз бошқачароқ бўлармиди. Ўйлаймизки, келгуси йили улар ҳам фаоллик кўрсатишади.

Журналистика “ҳаётнинг ичида” бўлишни, янгиликлардан бир қадам олдинда юришни талаб этади. Матбуот эса хонадонимизда, ҳар куни рўпарамизда турадиган, туриш-турмушимизни акс эттирувчи ойнадир. Фаросатли, маърифатли киши унга ўзини тез-тез солиб, нуқсонларини кўриб, феъл-атворини, ҳаракату аъмолини тузатиб боради. Бунга эришиш учун қаламкаш, энг аввало, аниқ танқид, чуқур таҳлил, холис кузатувга асосланган фактлар, мулоҳазалар ўз ўрнида келтирилган мақолаларни омма эътиборига ҳавола этиши керак. Муҳими, кўтарилган мавзу аҳолида ижтимоий фикр уйғотиши шарт. Бундай сифатларга эга бўлиш учун эса, айниқса, журналистикага қадам қўйишни ният қилган ёшлар унинг маҳорат чиғириғидан ўтиши лозим. Ушбуларни инобатга олиб, кейинги йилдан таҳририятимиз қошида “Журналистик маҳорат мактаби”ни ташкил этиш лойиҳаси устида иш олиб борилаяпти. Ўйлаймизки, унда маҳоратини оширган, журналистиканинг тарихидан тортиб, энг сўнги билимларни эгаллаган, бевосита саҳифалаш жараёнида иштирок этган тингловчилар туман матбуоти учун маҳоратли қаламкашларни тарбиялаб беради. Шунингдек, бу лойиҳа вилоятда маҳоратли журналист кадрларга бўлган эҳтиёжни тўлдиришга маълум маънода ёрдам беришига умид қиламиз.

Сирожиддин Ибрагимов —1993 йил Шеробод тумани, Зарабоғ қишлоғида туғилган. “Сурхон ёшлари” газетаси мухбири. У нимаики мавзуга қўл урмасин, юракдан ёзади. Ўқиган сари ўқигингиз келади.

 

Адолат Мўминова —1988 йил Қумқўрғон тумани, “Гултепа” маҳалласида туғилган. Адолат бу йил Ўзбекистон миллий университети журналистика факультетини тамомлади. Унда журналистларга хос жонкуярлик бор.

 

Хуршид Қаршиев —1990 йил Термиз шаҳри, “Гулистон” маҳалласида туғилган. Термиз давлат университети хорижий тиллар филологияси факультетини тамомлаган. Хуршид тенгдошларига нисбатан анча журъатли ёш қаламкашлардан.

 

Сарвиноз Омонқулова — 1995 йил Музработ туманида туғилган. Термиз давлат университети табиий фанлар факультетининг география йўналиши 3-босқич талабаси. Сарвиноз бадиий асарлардаги айрим ёшлар илғай олмайдиган нозик жиҳатларни фарқлай оладиган қобилият эгаси.

 

Наргиза Одинаева — 1988 йил Қумқўрғон туманида туғилган. Унинг “Йўлдаги мактублар”, “Тўрт томон” каби шеърий тўпламлари чоп этилган. Унинг мақолаларида ўзига хос услуб, халқона тил, оддийлик ва самимийлик бор. Наргиза айни пайтда Термиз давлат университети талабаси.

 

Шаҳринисо Фарҳодова — 1995 йил Шўрчи тумани,  “Тамаддун” маҳалласида туғилган. Ўзликка назар ташлаб яшаш керак деган ақида унинг ҳаётдаги шиоридир.

 

Бобуржон Хидиров —1994 йил Денов тумани, “Остона” маҳалласида туғилган. Термиз давлат университети физика-математика факультетининг 4-босқич талабаси. Бобуржон “Халқ йўли” газетасида қалами чархланаётган ёшлардан. У “Ноанъанавий энергия қурилмаларидан фойдаланишнинг назарий асослари” каби илмий ҳамда жамиятдаги ўзгаришлар ва янгиликлар, кишиларни лоқайдлик кайфиятидан чиқишга ундайдиган 30 дан ортиқ мақолалар муаллифи.

 

Муқаддам Алимардонова — 1988 йил Бойсун туманида туғилган. Вилоят телерадиокомпаниясида ишлайди. Унинг таълим, тиббиёт ва яна бошқа кўплаб ижтимоий соҳалардаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими ёритилган кўрсатувлари кўпчиликка манзур бўлган.

 

Мақсуда АбдуҚаюмова — 1991 йил Олтинсой тумани, Мармин қишлоғида туғилган. Айни пайтда вилоят телерадиокомпаниясида ишлайди. Мақсуда фаол ёшлар ҳаёти ҳамда тарихий мавзуларга қўл урган ёш журналистлардан. Унинг китоблар, археологик қазилмалар ҳамда топилмалар ҳақидаги “Маънавият қалб кўзгуси”, “Мозий кўзгуси” каби туркум кўрсатувлари томошабинларни маънавиятли ва маърифатли бўлишга ундайди.

 

Озода Чориева —  Термиз тумани, “Аму Соҳили” маҳалласида туғилган. Тумандаги 5-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси. Озода ёш бўлишига қарамай  атрофдаги одамларни ҳамиша уйғоқ бўлишга чорлайдиган мақолалар ёзишга қизиқади. Шунингдек, у мактабда фаол ва аълочи ўқувчилардан бири.

 

Лобар Отамуродова —1999 йил Қизириқ тумани, “Гулобод” маҳалласида туғилган. У Қизириқ қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси. Лобар қишлоқ ҳаёти ва ундаги меҳнаткаш одамлардан ўрнак олиб яшаш керак деб ҳисоблайди.

 

Муслимбек Ботиров — 1993 йил Денов тумани, “Чўнтош” маҳалласида туғилган. Муслимбек “Денов овози” газетасида ўзининг ОИТС ва гиёҳвандликка қарши курашиш, шунингдек, папайя етиштиришнинг қулай усулига бағишланган мақолалари билан фаол иштирок этиб келади.

 

Соҳибжамол Катаева —1998 йил Термиз шаҳри, “Дўстлик” маҳалласида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети талабаси. Соҳибжамол атрофдаги ўзгаришларни тезда англайдиган, тенгдошларидан доим бир қадам олдин юрадиган тиришқоқ бўлажак журналистлардан бири.

 

Умида Абдуразоқова —2002 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Термиз шаҳридаги 11-умумтаълим мактабида 10-синфда ўқийди. Тенгдошларининг ҳаётига таҳдид солаётган иллатлардан огоҳ этувчи мавзулардаги мақолалари матбуотда чоп этилган. Муҳими, унда устозидан ўтган куюнчаклик бор.

 

Дилдора Ашурова — 2000 йилда Термиз шаҳрида туғилган. Термиз педагогика коллежида таҳсил олмоқда. Дилдора атрофдаги ҳамма нарсадан ҳайратланиб яшайди. Ва бу уни ижод қилишга ундайди.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Битирувчилар МИБда ишлаши мумкинми?

Бу саволга талабалар Термиз давлат университетида Маж-бурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси вакиллари билан ўтказилган …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan