Бош саҳифа / Жамият / Япониялик журналистлар воҳамизда

Япониялик журналистлар воҳамизда

Япониялик журналистлар Сурхондарё вилоятидаги ижодий сафарини Термиз туманидаги Султон Саодат меъморий мажмуаси ва Қирққиз тарихий обидаси билан танишишдан бошлади.

Жарқўрғон туманидаги осмонўпар минора ва минтақамизда ягона Термиз археология музейи ижодий гуруҳда бой таассурот уйғотди.

Саёҳатнинг иккинчи куни Термиз туманидаги Фаёзтепа ва Қоратепа буддавийлик марказлари Япония ОАВ вакилларидан иборат делегация аъзоларини мафтун этди.

Фаёзтепа эрамизнинг I-VII асрларида буддавийлик монастри вазифасини ўтаган. Бу жойдан топилган ёзув намуналарига кўра, диний марказ “Haya-Vihara” яъни “Отлилар монастри“, деб аталган. Археологик ёдгорликдан оқтош ва ганчдан ишланган будда ва ботҳисатва ҳайкаллари, деворий суратлар, қадимги ёзувлар, Кушон подшолари номидан зарб этилган танга, ҳунармандлик буюмлари ва бошқа асори-атиқалар топилган.

Қоратепага эрамизнинг I аср ўртасида асос солинган. Мажмуа бундан 91 йил илгари аниқланган. 58 йилдан буён бу ердаги ер усти ва ғорсимон иншоотларда илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Ўзбек-япон экспедицияси таркибида япониялик машҳур археолог олим Като Кюдзо ноёб топилмаларни излаб топган. Мажмуадан топилган қадимги ёзувларда бу ер “Khadeuka Vixara” яъни, “ҳукмдор монастири“, деб юритилган.

Ўтмишдаги аждодларнинг ҳаёт тарзи, ҳунармандчилик ривожи ва буддавийлик таълимотидан сўйлайдиган ҳар иккала мажмуа ҳақида меҳмонларга атрофлича маълумот берилди.

— Ўзбекистонда биринчи марта бўлишим, — дейди Япониядаги “Mainchi shinbun” газетаси ходими Маэтани Хироши. — Гўзал ва мафтункор, турли даврларга оид тарихий обидаларга бой юрт экан. Термиз шаҳрида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, тинч-осуда турмуш ва тарихи жуда узоқ ўтмишга бориб тақаладиган обидалари билан яқиндан танишдик. Ўзбекистон билан Афғонистонни ажратиб турадиган Амударёни кўрдик. Албатта, бу ердан олган таассуротларимизни газетамиз саҳифаларида кенг ёритиб, ватандошларимизни мафтункор бу юрт билан янада яқинроқ таништирамиз.

ЎзА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan