Бош саҳифа / Адабиёт / Янги шеърлар

Янги шеърлар

Билиб бўлмас

Яхшилар ҳеч эсдан чиқмас, ёмонотни билиб бўлмас,
Турфа феълу, турфа аъмол, одамзотни билиб бўлмас.

Амал отин минар бўлсанг, ўз-ўзидан пайдо бўлар,
Аҳли ҳабиб, дўстлар аро садоқатни билиб бўлмас.

Ҳар инсоннинг юзи ёруғ, тилаги пок бўлсин экан,
Айро иймон, ёлғон-ёпиқ ҳисоботни билиб бўлмас.

Кўз илғамас тайёралар кашф қилдик билмай тиним,
На боши бор, на охири, самовотни билиб бўлмас.

Олтин балиқ бир куни бор, бир куни йўқ эртак каби,
Йўқ жойлардан ҳосил бўлган даромадни билиб бўлмас.

Ҳайдар Тўра олим бўлдинг, ўқиб туну саҳарлари,
Ҳар бир бошга бир кун келар, қиёматни билиб бўлмас.


Ёлғоннинг ҳукмидан қўрқаман,
Қўрқаман туҳматлар тошидан.
Худодан тиланган бандаман,
Кўзига ёш томган қошидан.

Барибир алдовлар фош бўлар,
Алдовлар ёмоннинг чораси.
Узоқми, яқинми ўлчанар,
Бу дунё, у дунё ораси…

 Ҳайдар ТЎРА


Ёлғиз аёл

Дардин айтай деса ул дардкаши йўқ,
Дилим овлагувчи дил дилкаши йўқ,
Кўнгил осмонининг ой баркаши йўқ,
Кўрган куни кунми ёлғиз аёлнинг.

Изтиробга эмиш жисм ила жони,
Ханжар уриб боқинг, оқмайди қони.
Таҳликада кечар ҳар дам, ҳар они
Кўрган куни кунми ёлғиз аёлнинг.

Эгмоқни истамас ғурурли бошин,
Йиғлай олар кўздан оқизмай ёшин.
Куйманиб гоҳида куйдирар ошин,
Кўрган куни кунми ёлғиз аёлнинг

Гоҳ тил тиғи билан бағрини тилманг,
Унинг бахти ярим, буни унутманг.
Ҳасадин емангиз, ҳавас ҳам қилманг
Кўрган куни кунми ёлғиз аёлнинг

Меҳнатданда мудом қўллари қадоғ
Қисмат қийноғидан қалб тубида доғ.
Яйралиб кулса гоҳ, деманг “вақти чоғ”
Кўрган куни кунми ёлғиз аёлнинг

Эл оғзида элак шаънин элайди,
Кимдир қора, кимдир оққа белайди…


Насиба

Ликобчада икки дона қанд,
Бирисини солдим оғзимга.
Чойга қўшиб ютдим-у ҳарчанд,
Ўт тушгандай эди бўғзимга.

Иккинчиси турарди гўё,
“Тегма менга, тегма” дегандек.
Унга қўлим бормасди асло,
Шунисин ҳам бўлдим “егандек”.

“Ўзинг яхши биласан,балли,
Ахир, унинг ризқиман,”— дер қанд.
Насибанинг эгаси ҳали
Ташқарида шўхлик билан банд.

Ликобчада биттагина қанд…

Каромат ОСТОНОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

ҚЎНҒИРОҚ БОНГ УРДИ

Қўнғироқ бонг урди. Соч-соқоли чанг, Жиловни қўйвормай мудрайди сарбон. Ҳар ён пучмоқларда бораётир жанг, Жанглар …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan