Бош саҳифа / Жамият / Янги масжид муборак

Янги масжид муборак

Кеча Термиз шаҳрида Ҳаким Термизий номидаги янги жомеъ масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Янги жомеъ масжидининг очилишида вилоят ҳокими Т. Боболов иштирок этиб, ҳомийлик қилган “Сурхон ипаги” масъулияти чекланган жамиятига ва қурилишни амалга оширган “Профгрупп” масъулияти чекланган жамияти қурувчиларига миннатдорчилик билдирди. Эҳтиром рамзи сифатида қурувчиларга тўнлар совға қилинди. Масжиднинг рўйхатдан ўтганлик гувоҳномаси ҳам Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси вилоят вакиллигига топширилди.

Бугун вилоятимизда 108 та жомеъ масжиди фаолият юритмоқда. Мусулмонларимиз масжидларда жамоат билан намозларини адо этиб, Ватанимиз тинчлиги ва фаровонлиги, тараққиётимиз учун дуода бўлишмоқда.

Жума кунлари муҳим тарбиявий, ахлоқий, маърифий мавзуларда маърузалар қилиниб, ибратли амаллар ҳақида сўз юритилмоқда. Эндиликда уларнинг сони яна биттага кўпайди. Буюк аждодимиз Ҳаким Термизий номи билан аталадиган ушбу муҳташам масжид вилоятимиз аҳлига Рамазон ойидаги гўзал туҳфа бўлди.

Айтиш жоизки, яқингача ҳам Термиз шаҳрида сиғими бўйича бундай масжид йўқ эди. Президентимизнинг “Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида марказ ёнида жомеъ масжиди қурилиши кўзда тутилганди. Мазкур ташаббус “Сурхон ипаги” масъулияти чекланган жамият томонидан қўллаб-қувватланиб, 2250 намозхонга мўлжалланган масжид ва таҳоратхона қуришга киришилганди.— Муборак Рамазон ойида фойдаланишга топширилган янги масжид элимизга, яхшиликлар учун хизмат қилади, — дейди Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси вилоят вакили Алиакбар Сайфуддинов.

Н.БАҲРОМОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳидоят деб залолатга кетманг!

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар кузатилаяпти. Муқаддас динимизга қаратилган эътибор …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE