Бош саҳифа / Сиёсат / Янги кодекс – янгича сайлов

Янги кодекс – янгича сайлов

Демократик ҳуқуқий давлатни барпо этиш ва фуқаролик жамиятини шакллантиришда сайлов жараёнларининг аҳамияти беқиёсдир. Ҳар бир давлат сайловларнинг адолатли ва холисона ўтишига алоҳида эътибор беради ва сайлов жараёнларининг мазмунига қараб сайловларга баҳо берилади.

Мамлакатимизда сайлов ҳуқуқи Конституциямизнинг бир қатор моддалари ва алоҳида 23-бобнинг 117-моддасида ўз ифодасини топган. Конституциянинг 43-моддасига мувофиқ давлат фуқароларининг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлайди. 44-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқаросига унинг сайлов ҳуқуқлари суд йўли билан ҳимоя этилиши, сайлов комиссияларининг, давлат органларининг, мансабдор шахсларнинг, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қалиш имкониятлари кафолатланади”, деб мустаҳкамлаб қўйилган. Энг асосий кафолатлар Конституциямизда ва бошқа қонун ҳужжатларида ифодасини топган.

 Президентимиз ташаббуси билан 2019 йилнинг 25 июнида 18-боб, 103-моддадан иборат янги “Сайлов кодекси”нинг қабул қилиниши истиқлол йилларида шаклланган миллий сайлов қонунчилигимизни, демократик сайловларни ўтказиш бўйича қарийб 30 йиллик тажрибамизни янада мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш сари қўйилган катта қадам бўлди.

Маълумки,фуқароларнинг сайловга доир ҳуқуқларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган “Сайлов кодекси” лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси, Президентимиз томонидан Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили Давлат дастурини тасдиқлашга доир фармонида аниқ белгилаб берилган эди.

Эътиборли томони шундаки,Сайлов кодекси лойиҳасини тайёрлаш жараёнида ишчи гуруҳи томонидан 20 дан ортиқ давлат, жумладан, Франция, Нидерландия, Канада, Италия, Швеция, Бельгия, Польша, Албания, Беларусь, Озарбайжон, Туркия каби мамлакатлар тажрибаси ҳамда ушбу соҳадаги халқаро стандартлар пухта ўрганиб чиқилди. Сайловга доир 10 дан ортиқ халқаро ҳужжатлар атрофлича таҳлил қилиниб, уларнинг асосий ғоя ва стандартлари лойиҳа нормаларига чуқур сингдирилди.“Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”, “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пакт”, “ЕХҲТнинг Инсонийлик мезонлари” тўғрисидаги ҳужжатлари шулар жумласидандир.

Сайлов кодекси қабул қилинди, унинг афзалликлари нималардан иборат?, Аввало, сайловга оид мавжуд бир қатор қонунлар ва қонуности ҳужжатлари яхлит ҳужжатга жамланди.Пировардида эса қонун нормалари билан сайлов жараёнларида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига сўзсиз риоя этилиши, сайловчиларга эркин иштирок этиши учун зарур шарт-шароит яратиш, депутатликка, Президент ликка номзод кўрсатадиган сиёсий партиялар ва номзодларга сайлов кампанияси давомида тенг шароит яратиш имконияти янада ҳуқуқий мустаҳкамланди.

Эътиборли томони шундаки, Сайлов кодекси кучга киритилиши муносабати билан 30 га яқин қонун ҳамда қонунларга кейинчалик киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, шунингдек, қонуности ҳужжатлари ўз кучини йўқотди. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир. Айтиш жоизки, уларнинг барчасида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига доир деярли бир хил нормалар такрорланарди.Сайловга оид қонунлар кўплиги уларни қўллашда муайян қийинчиликлар туғдирганлиги ҳам ўз-ўзидан тушунарли.

Сайлов кодексидан шу пайтгача миллий сайловчилигимизда бўлмаган ўнлаб янги норма ва қоидалар жой олди, амалда бўлган айрим тартиб-қоидалар бекор қилинди. Жумладан, номзодлар ишончли вакиллари Ўзбекистон Республикасидаги сафар харажатларини сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағ ҳисобидан тўлаш тартиби белгиланди. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзодларнинг ишончли вакиллари сони 3 дан 5 нафаргача кўпайтирилди.

Бундан ташқари, ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг сайловда иштирокини чекловчи нормалар чиқариб ташланди. Қонунчилик палатасида амалдаги депутатлик ўринлари (150 ўрин) сақлаб қолингани ҳолда, Қонунчилик палатасида депутатлик ўринлари учун Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакилларига квота ажратиш институти бекор қилинди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзод кўрсатиш тартиби барҳам топди.Эндиликда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш Кодекс билан тартибга солинади. Сиёсий партиялар томонидан имзо йиғиш жараёнида сайловчилар бундан кейин бир ёки бир нечта номзодни ёхуд партияни қўллаб имзо қўйиши мумкин бўлади.

Шунингдек, кодексда сайлов жараёнлари билан боғлиқ бир қатор янги қоидалар ҳам жорий этилди. Жумладан, сайлов участкасида овозларни санаш баённомасининг нусхасини дарҳол жойлаштириш, овоз бериш тугаганидан кейин­участка сайлов комиссияси томонидан амалга ошириладиган ҳаракатлар (овозларни санаб чиқиш, баённома тузиш ва бошқалар), фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари томонидан участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш тартиби белгиланди.

Қонунчилик палатасига, маҳаллий Кенгашларга сайлов бир вақтда ўтказилган тақдирда ягона сайлов участкалари тузилади. Илгари Марказий сайлов комиссияси қарори билан тасдиқланган Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш тартиби тўғрисидаги низом бекор қилиниб, Сенат аъзоларини ҳам Сайлов кодексига биноан сайлаш тартиби жорий этилди.

Сайлов кодекси қабул қилиниши муносабати билан энг кўзга ташланадиган қуйидаги ўзгаришларни таъкидлаш жоиз. Ўзбекистон Президентлигига номзод,Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод, маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига фақат сиёсий партиялар эга бўлди. Аввал маҳаллий кенгашларга фуқароларнинг ташаббускор гуруҳлари ҳам номзод кўрсатиши мумкин эди.

Енгил жиноят учун қамалганлар ҳам овоз бериши мумкин бўлди.

Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун 150 та ҳудудий сайлов округи тузилади. Илгари 135 та округ тузилган ва 15 нафар депутат Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган эди.

Эндиликда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантириладиган бўлди.

Илгари соат 6 дан соат 20 гача ўтказилган бўлса,энди сайловлар соат 8 дан 20 гача ўтказилади.

Юртбошимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган ҳамда “Инсон манфаатлари-ҳар нарсадан устун!” деган ҳаётбахш демократик ғояни ўзида мужассам этган Сайлов кодекси юртимизда сайловлар соҳасидаги ислоҳотларнинг янги, юксалиш даврини бошлаб бериши, шубҳасиз. Кодекс сайловларимизнинг ошкоралик, шаффофлик, ҳаққонийлик, холислик каби демократик тартиб-тамойиллар асосида ўтишида муҳим омил бўлиши баробарида, сайловчи ва сайланувчилар учун кенг имкониятлар ва қулайликлар яратиб беради.

Бу Кодекс фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини халқаро стандарт талаблари асосида таъминлайди.

Жуманазар ХОЛМЎМИНОВ,
ТДЮУ профессори, юридик фанлари доктори

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Электрон рўйхат афзаллиги нимада?

Бугун давлат ва жамият ҳаёти ахборот технологияларидан айри ҳолда ривожлана олмайди. Замонавий ахборот техноло-гияларидан фойдаланиш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan