Бош саҳифа / Адабиёт / Янги китоблар тақдимоти

Янги китоблар тақдимоти

Илк бор ўтказилаётган I Халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ва Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамкорлигида сурхондарёлик бахши-шоирлардан ёзиб олинган, айни пайтда марказий илмий муассасалар архивида сақланаётган халқ достонларининг чоп этилиши муносабати билан матбуот анжуманлари бўлиб ўтмоқда.

Вилоят “Матбуот уйи”да ўтказилган навбатдаги анжуманда Умир бахши Сафаров ҳамда Мардонақул Авлиёқул ўғли талқинидаги “Алпомиш” достони, Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёнов томонидан куйланган “Олтин қобоқ”, Чоршанби Раҳматуллаев, Шоберди Болтаев ҳамда Абдуназар Поёнов талқинидаги “Малла савдогар”, Ўзбекистон халқ бахшиси Чори Умиров куйлаган “Шерали” достонлари, Шодмон Хўжамбердиевнинг “Куйла, Сурхон дўмбираси” ҳамда Муҳаммад Темирали ўғлининг “Устозлар” номли термалари, фольклоршунос олим Абдуолим Эргашевнинг “Оилавий бахшилар сулоласи” номли китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда сўз олган маънавият ва  маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Фирдавс Шарипов, Термиз давлат университети ўқитувчилари Шаҳноза Норқулова, филология фанлари бўйича фалсафа фанлари доктори (PhD) Обид Шофиев, филология фанлари номзоди Муҳайё Ҳамроева, “Сурхон нашр” нашриётининг бош муҳаррири Исроил Шомировлар мазкур китобларнинг бадиий қиммати, ёшлар тарбияси ва илмий тадқиқотлар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилишини таъкидладилар. Айниқса, достонларнинг янги талқинлари борасидаги таҳлилий мулоҳазалар йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.

Анжуман доирасида бахшилар достон ва термалардан парчалар куйладилар. Иштирокчиларга янги нашрлардан совға қилинди. Ўзбекистон халқ бахшиси Расул бахши Умиров “Сурхон нашр” нашриётининг бош муҳаррири Исроил Шомировга рамзий равишда дўмбира совға қилиб, бахшилар хазинаси янада бойишини тилади.

Баҳром НОРМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Рамазон илҳомлари

Ўн саккиз минг олам сарвари Сен сан, Жамики кўзларнинг гавҳари Сен сан, Нега нил бузилди …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan