Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Янги газ ҳисоблагич бепул ўрнатилаяптими?

Янги газ ҳисоблагич бепул ўрнатилаяптими?

Рақамли технологиялар хизматлар сифатини ошириб, ортиқча харажатларни камайтириш билан бирга коррупциянинг олдини олиш имконини бериши рост. Буни бугун кўплаб соҳаларда синовдан ўтказяпмиз. Албатта, натижалар ҳам шунга яраша.

Хонадонимизга етказиб бериладиган табиий газнинг қанча миқдорда сарфини назоратга олишда ҳам айни замонага мос йўлга ўтилмоқдаки, бу таъминотчига ҳам, истеъмолчига ҳам қулайлик яратмоқда.

      “Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиалида ҳам “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳаси амалга киритилди. Унинг доирасида 2020-2021 йилларда жами 107 833 дона электрон газ ҳисоблагичлари ўрнатиш белгиланиб, ҳозирда жами 23 288 дона электрон газ ҳисоблаш ускуналари (ЭГҲУ) истеъмолчиларга етказиб берилди.

“Ақлли газ ҳисоблагич” қандай ишлайди?

Бу Ўзбекистонда газ етказиб беришнинг янги табиий газни назорат қилишнинг автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизими (АСКУГ) деб номланади ва “online” тартибда ишлайди.

Умуман, АСКУГ тизимини жорий этишга сабаб маиший секторда бугунги кунда газ истеъмолчиларининг ўртача 70 фоизида газ ҳисоблагичлари ўрнатилганидир. Уларнинг аксарияти 10 йилдан ортиқ вақт давомида ишлатилгани, маънан ва жисмонан эскиргани сабабли ҳисоблашдаги хатоликлар рухсат этилган кўрсатгичлардан ошиб кетади.

Албатта, АСКУГ тизимини жорий этиш зарурати, энг аввало, мамлакатда газ истеъмоли ва ҳисобга олишни назорат қилувчи замонавий маълумотларни йиғиш бошқарув тизимининг йўқлигидан келиб чиқмоқда. Шу сабабли, газ таъминотчиси ва энергия мажмуининг яна бир қатор тузилмалари юзлаб миллиард сўмларни йўқотмоқда.

Бундан ташқари, бир ҳудуд миқёсида газ учун дебиторлик қарзларни ҳисоблаб чиқишда, аҳоли, ёқилғи қуйиш шохобчалари, иссиқхоналар, ғишт заводлари ва шу каби барча тоифадаги истеъмолчиларнинг ҳақиқий газ истеъмоли сарфи ҳажмини аниқлаш учун аниқ механизмлар зарур. Шунингдек бу, оддий аҳолининг баъзи виждонсиз ҳамда қонунбузар тадбиркорлар томонидан ўғирланган газ учун ёки газ таъминоти корхонаси томонидан инсон омили сабабли юзага келувчи хатоликлар учун пул тўламасликлари учун ҳам ўта муҳимдир.

Табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини татбиқ этиш орқали тизимда қарздорлик билан боғлиқ муаммо ва узилишлар вужудга келишининг олдини олиш, йўқотишларни камайтириш ҳамда газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари тўғрисида таъминотчини огоҳлантиришга эришилади.

Унинг яна бир афзаллиги эса аҳоли мобил телефони орқали назорат қилиши мумкин. Яъни қанча газ сарфлаётгани, қанча пул тўлаётганини кўриб туради. Албатта, тўловларни мобил телефон орқали амалга оширса ҳам бўлади. Олдинги ҳисобдонларимиз ҳар 4 йилда давлат кўригидан ўтказилар ва бу истеъмолчилар учун ортиқча харажат, ортиқча ташвиш эди. Янги ҳисобдонлар 10 йилда 1 марта давлат кўригидан ўтказилади ва бу жараён таъминотчи томонидан бепул амалга оширилмоқда.

 «Ақлли ҳисоблагичлар» барча тоифадаги истеъмолчиларга бепул ўрнатиб берилмоқда.

Аввал “Қизил” ҳудуларга

         Бугунги кунга қадар вилоятимизда 23 288 дона (режага нисбатан 21%) электрон газ ҳисоблагич ускуналари, 3614 дона (4%) махсус ҳимоя қутилари ва 4238 дона(10%) босим ростлагичлар ўрнатилди.

        Давлат раҳбарининг тегишли қарори билан тасдиқланган графикка мувофиқ ЭГҲУларни биринчи навбатда дебитор қарздорлиги ва табиий газ истеъмоли юқори бўлган “Қизил” ҳудудга киритилган Термиз шаҳар табиий газ аҳоли истеъмолчилари ҳонадонларига ўрнатиш белгиланиб, ҳозирда Термиз шаҳрида жами 21547 дона ЭГҲУлар етказилди ва шаҳар аҳоли хонадонларига жами 10514 дона (39%) ЭГҲУлар қўйилди.

Азиз Машрабов,

“Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти

 филиали матбуот котиби

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

1 июлдан пенсия ва нафақалар оширилди

Президентнинг 2021 йил 4 июндаги “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan