Бош саҳифа / Жамият / ЯХШИСИ, УЙДА ҚОЛИНГ!

ЯХШИСИ, УЙДА ҚОЛИНГ!

          Бугунги  коронавирусга   қарши  карантин  шароитида  ҳуқуқ- тартибот органлари, соғлиқни сақлаш муассасалари ходимлари  зиммаларидаги  вазифани  бажариш  учун туну кун фаолият олиб бормоқдалар. Улар жамоат жойлари, корхоналар, муассасалар, кўчалар, хиёбонлар, бозорлар, озиқ-овқат дўконлари, маҳаллаларда бўлишиб,  тегишли тартиб-қоидаларни  аҳолига  қайта ва қайта эслатишдан чарчамайдилар. Бундан  ташқари,  ҳар куни бозор ва дўконлардаги нарх- навони узлуксиз назорат қилиб туришмоқда.

           Айни туш пайти. Музработ туман деҳқон бозорида мижозларга ниқоб тақмай хизмат  кўрсатаётган икки нафар сотувчига  нисбатан маъмурий баённома  расмийлаштирилди. Инсон табиати   қизиқ-да,  бозордаги барча одамлар кўриб турган нарсани  сотувчи  кўзини  лўқ қилганча  инкор этишга  ҳаракат  қиларди.  Ҳатто, қасам ичишга,  “сенлар  қонунга  тескари  иш қилаяпсан”,  дейишдан ҳам тойишмади.  Шу биргина воқеадан ҳам кўриниб турибдики, ҳуқуқ-тартибот  идоралари  ходимларининг карантин даврида олиб бораётган ишлари  нақадар масъулиятли.

           —Кеча карантин  қоидаларига   амал қилмаётган  10 нафар  шахсга  нисбатан  маъмурий  баённома  расмийлаштирилганди.  Мана,  ўзингиз гувоҳ бўлдингиз.  Айримлар “туманимизда, вилоятимизда  коронавирус  тарқалмаган-ку?” деган  важни ҳам айтишади. Ҳали  кун ярим бўлмасдан  билиб билмай карантин  қоидаларини бузган   8 нафар  фуқарога  нисбатан  маъмурий  чора   кўришга мажур бўлдик, – дейди биз билан суҳбатда  Музработ туман ИИБ  ХОБ инспекторлари  Ж.  Тошбоев ва  З. Аноровлар.

            Шунингдек,  туман деҳқон бозорида  барча   озиқ-овқат  маҳсулотлари нархи ва сотилиши  қатъий  назоратга  олинган.  Масалан,  картошка  3 минг,  пиёз  2  минг, қорамол гўшти  аҳолига   45 минг сўмдан  сотилмоқда. Бундан  аҳоли  хотиржам ва мамнун  эканлигини алоҳида  таъкидлаш лозим.  

          Юртбошимиз айтганларидек, карантин даврида  хотиржамликка берилишга  ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Чунки кўза  кунда эмас,  кунида синади, деган гап  бежиз айтилмаган. Шундай экан, ўзимизни, болаларимизни, ватандошларимизни  бу  офатдан ҳимоя  қилиш  учун биринчи навбатда  амалдаги қонун-қоидаларга  қатъий  риоя қилишимиз  ҳам фарз, ҳам қарздир.

                                                 Сафар Омон, «Сурхон тонги» мухбири
                                                             

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan