Бош саҳифа / Жамият / Яхши газетанинг ҳамиша ўқувчиси бўлади

Яхши газетанинг ҳамиша ўқувчиси бўлади

Бугунги ахборот технологиялари ривожланган бир даврда инсониятнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондира оладиган унсурлар жуда кўп. Улардан бири оммавий ахборот воситаларидир.

Айниқса, босма нашрлар ўқиш ва олиб юриш учун, қайта ва қайта фойдаланиш учун жуда қулай. Тўғри, ҳар ким ўз эҳтиёжи ва танловига қараб истаган газета ё бошқа нашр воситаларини танлаши мумкин. Айни шу жиҳатдан олиб қараганда ўз фаолиятимни юритаётган Термиз шаҳридаги 13-мактаб маъмурияти республика ва вилоят миқёсида қатор газеталарга обуна бўлган. Улар орасида газетхон сифатида эътироф этиб ўтмоқчи бўлган нашрим “Сурхон тонги” газетасидир. Ушбу газетада вилоятда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар, янгиликлар, ўзгаришлар доимий равишда бериб борилади. Шу сабабдан ҳам “Сурхон тонги” газетасига ҳар йили обуна бўламиз. Рўзномадаги муаммоли мавзулар, танқидий-таҳлилий мақолаларни доимий равишда кузатиб бораман ва дарс жараёнида, айниқса, маънавият соатларида ўқувчилар билан муҳокама қилиш севимли одатимга айланган.

Газета — эркин минбар, шундай экан, оммавий ахборот воситаларининг ютуқлари билан бирга ундаги камчиликларни айтишни газетхонлик бурчим, деб биламан. Бир неча йиллик кузатишларим давомида биламанки, баъзи газеталарда “Бир жиноят изидан” рукни остида жиноятчининг қилмишлари фош этилади. Аммо, содир этилган жиноятни бир неча йил ўтиб газетага эълон қилишлари нечоғлик тўғри. Ҳамма ишни ҳам ўз вақтида ва ўз ўрнида бўлганига нима етсин. Бу ҳам етмагандек, жиноятчининг исм шарифи ўзгартирилган, деб мақола ичида қистириб ўтилади. Жиноят қилишга уялмаган инсоннинг гуноҳларини айтаётиб, кимлигини айтиш қачондан бери уят саналаяпти. Шундай бўлишини истамаса, жиноят содир этмасин эди.

Деярли барча газеталарда бир неча йилдирки, диний ақидапарастлик, терроризм, гиёҳванд лик мавзуларида материаллар бериб борилади. Сарлавҳа ҳар хил, аммо мазмун бир хил. Бундай бир қолипли мақолаларни ҳеч бир газетхон ўқимаса керак. Нега энди уларнинг ўрнига шу мавзуда имом-хатиблар, дин пешволари, олимлар, мутахассисларнинг ўқишли, ибрат бўладиган, фактлар билан исботланган мақолалари берилмайди. Газеталар мана шу каби камчиликлардан ўзини соқит эта олсагина сифат жиҳатдан анча яхшиланиб, ўз мухлисларининг сонини янада оширган бўлармиди…

Ойсара ТЎРАЕВА,

география фани ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ногиронлар – эътиборда

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, айниқса, уларга сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш, зарурий тиббий-ижтимоий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE