Қизнинг тарбияси ота-онага зеб

0
29

Жамиятнинг юксалишида аёлларнинг ўрни беқиёс. Шу нуқтаи назардан бугун қизлар тарбияси муҳим масалага айланмоқда. Уларнинг маънан, жисмонан етук бўлиб вояга етишига, аввало, ота-она, қолаверса, бутун жамият масъул. Сўнгги пайтларда тарбияси оғир ёшларни нопок йўлларга кириб кетиш ҳоллари ҳам, афсуски, учрамоқда.

Бу каби муаммоларнинг олдини олишга қаратилган йиғилиш “Аёллар саломатлик ва гўзаллик маркази ижтимоий-ҳуқуқий кўникма маркази”да бўлиб ўтди. Йиғилишдан кўзланган асосий мақсад маҳаллаларда ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, муаммоларни биргалашиб ҳал қилиш каби миллий қадриятларни тарғиб этиш ҳамда оилаларда ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитга ва фарзандлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни олдини олишга қаратилди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари Мавлуда Қобулова, психологлар, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар, журналистлар ҳамда барча ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда М. Қобулова сўзга чиқиб, қизлар тарбиясида ота-она, маҳалла, кенг жамоатчиликнинг ролини ошириш муҳим масала эканлиги, ёшларнинг маънавий ва ахлоқий тарбиясига янада масъулроқ бўлиш кераклигини таъкидлади. Шундан сўнг, йиғилганларга жиноят содир этган аёлларнинг пушаймонлиги акс этган видеоролик ҳам намойиш этилди. Тадбирда сўзга чиққан вилоят соғ лиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари А. Абдуллаев нопок йўлларга кириб кетаётган аёллар ўзлари билмаган ҳолда турли хилдаги юқумли касалликларни юқтириб олиши ва бу билан ҳам ўз соғлиғига ҳам жамиятга катта зарар етказишини тиббий нуқтаи назардан тушунтирди.

—    Қизлар тарбиясида ота-онанинг масъулиятини ошириш керак, — дейди Термиз тумани “Истиқлол” маҳалласи мутахассиси Зилола Қодирова. — Баъзи бир ота-оналар ўз қизларининг хатти-ҳаракатларини, қандай либосда юрганини назорат қилмасдан маҳалла назоратига ташлаб қўймоқда. Тўғри, биз маҳалладаги хонадонларга уйма-уй кириб тушунтириш ишларини олиб бораяпмиз, тадбирлар қилаяпмиз, аммо ота-она кечаю кундуз фарзанди билан кўпроқ бирга бўлади, наҳотки уларга фарзандининг нима иш қилиб юргани қизиқ бўлмаса.

Шундай экан, ахлоқида салбий ўзгариш сезилаётган жамиятдаги айрим хотин-қизларнинг маънавий камолоти йўлида ҳаракат қилиш ҳамда уларни нопок йўлдан қайтариш, уларнинг бандлигини таъминлаб, жамиятда ўз ўрнига эга бўлишида ҳар биримиз масъулмиз.

Адолат МЎМИНОВА

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг