Бош саҳифа / Жамият / Изланувчан олима

Изланувчан олима

Замира Нурова тўрт фарзанднинг меҳрибон онаси.
Ҳозирги кунда Термиз давлат университети биология кафедраси доценти сифатида талаба-ёшларга асаб тизими ва ички муҳит физиологияси ҳамда биохилма-хиллик фанларидан сабоқ бериб келмоқда. Шу билан бир вақтда Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиалида тиббий биология ва генетика кафедрасида фаолият юритиб келаяпти.

Замира Нурова Ўзбекистон Фанлар академиясига қарашли Иммунология институтида 2008 йил “Экспериментда олтингугуртли, йодбромли ва қумли ванналарнинг иммуногенезга таъсири” мавзусида номзодлик диссертациясини  ҳимоя қилган.

— Мен ушбу тажрибамни биринчи навбатда зотдор оқ сичқон ва 14 кунлик жўжада синаб кўрдим, — дейди Замира Нурова. — Тажрибани айнан зотдор оқ сичқонда синаб кўрилишининг сабаби, унинг тана ҳарорати инсон тана ҳароратига яқин. Тажрибада жониворлар танасига гепатит касаллигини келтириб чиқарувчи вирус, ундан кейин гемолитик анимия юқтирилди. Жонивор нимжон ҳолатга келиб қолди. Шундан сўнг, жонивор олтингугуртводородли ваннага солинди. Иммун тизим ошиши натижасида тананинг ёшариш функцияси шаклланди ҳамда организмнинг тетиклашиши кузатилди. Йодбромли ванналар эса асаб тизимининг ҳужайравийлиги ошишини таъминлади. Жонивор қумли ваннага солинганда оёқ бўғимларида оғриқ йўқолди ва тананинг иммун тизимини рағбатлантиришга асос яратилди. Тажриба ижобий натижа бергандан сўнг 18 та беморда синаб кўрилди. Ҳозирги кунда ёдбромли, олтингугуртводородли, қумли ванналар тиббиётда кенг қўлланилмоқда.

Табиий шароитда Тошкент шаҳридаги “Семашко” номидаги НИИ терапия илмий-тадқиқот институтида, Термиз туманида жойлашган “Термиз марвариди” санаториясида табиий равишда ёдбромли, олтингугуртводородли, қумли ванналар билан даволаш йўлга қўйилган. “Жайронхона” дам олиш масканида ҳам ушбу ванналардан кенг фойдаланилади.

Олиманинг айтишича, буни уй шароитида ҳам қўллаш мумкин, лекин юқори натижа кузатилмайди. Бунда йодни олиб сув билан аралаштириб ванна қабул қилинса, танада ёднинг ошишига ёрдам беради.

Бундай ванналар инсон танасида бегона моддаларга, яъни токсинга қарши иммун ҳосил қилади. Бу эса тананинг турли касалликларга қарши курашувчанлигини оширади. Ушбу тажриба оддий сув ёрдамида амалга оширилганда инсон танаси 5-10 фоизгача тетиклашган бўлса, олтингугуртводородли, йодбромли ванна қабул қилган танада тетиклик 70 фоизгача ошганлигини кузатиш мумкин.

Олиманинг “Табиатшуносликнинг фалсафий муаммолари”, “Дунёнинг илмий манзараси тўғрисидаги замонавий концепцияси”, “Тафаккур ва унинг индивидуал хусусиятлари” ҳамда Биринчи Президентимиз асарлари асосида тайёрланган “Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш шароитида сиёсий маданиятни юксалтириш” сингари ўқув-услубий қўлланмалари ҳам чоп этилган. Бундан ташқари, 60 га яқин илмий-оммабоп мақолалари республика нашрларида эълон қилинган

Олима файласуф Рене Декартнинг “Мен фикрлаяпман, демак, мен мавжудман” сўзларини ўзига ҳаётий шиор қилиб олган. Умрнинг ҳар бир дақиқасини бефойда ўтказишни хоҳламайдиган олима келгусида соғломлаштириш маркази очиш ниятида. Замира опа ўз муваффақиятларида авваламбор, турмуш ўртоғи, қолаверса, профессорлар Ш. Хуррамов, Ш. Самадовларнинг хизматлари катта эканлигини мамнуният билан гапириб берди.

Замира Нурованинг вақтини режалаштириб яшайдиган инсонни бахтли деб биламан, деган сўзларидан шижоати, келажакка умиди баландлиги, қатъий ҳаётий позицияга эга аёл эканлиги яққол сезилиб туради. Олима фаолияти давомида ТерДУ биология кафедрасида 20 дан ортиқ диплом ишларига илмий раҳбарлик қилган. Олиманинг хорижий давлат нашрларида, хусусан, Американинг “American science” журналида “DO SCHOULS KILL CREATIVITY?” (Мактаб ижодкорликни йўқотадими?), Англянинг “British journal of science” журналида “ENHANCING VOCABULARY THROUGH EDUCATIONAL GAME” (таълимий ўйинлар орқали луғат бойлигини ўстириш усуллари) номли илмий мақолалари ҳам эълон қилинган.

Адолат МЎМИНОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Uchovlonning to’rtinchisi

Ommaviy axborot vositalari odatda to‘rtinchi hokimiyat sifatida tilga olinadi. Jurnalistlar esa bevosita jamiyatda mavjud uch …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan