Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Изланувчан олим ва раҳбар эди

Изланувчан олим ва раҳбар эди

Сурхондарё — қоракўл зотли қўйлари билан ҳам довруқ таратган юрт. Айниқса,Қумқўрғондаги “Оққапчиғай” хўжалигида сурув-сурув қоракўл қўйлари боқилар, ранг-баранг сур тери етиштириш бўйича хўжаликнинг чўпон-чўлиқлари ўзаро баҳслашиб меҳнат қилишарди.

Бу жойда қоракўл тери етиштириш юзасидан кўпгина мутахассислар номзодлик ва докторлик диссертацияларини ёқлашган. Маҳаллий кадрлардан бир нечтаси сур териларнинг ранги ва тусини ўзгартириш бўйича ҳам илмий изланишлар олиб боришди. Чунки ўша кезлар жаҳон бозорида турфа рангда товланувчи сур териларга эҳтиёж катта, шунинг учун ҳам қоракўл қўйларининг териси нархи баланд эди.

 Мирхолиқ Менглиев чорвадор ота-боболари изидан эргашиб, қўйчиликка қизиқди. Лекин у чўпон бўлмади, балки қоракўл зотли қўйларнинг наслини яхшилаш, терилар сифатини ошириш бўйича илмий изланиш олиб борди. Самарқанд қишлоқ хўжалик институтини битиргач, вилоят совхозлар трести йўлланмаси билан хўжаликка ишга келди, наслчилик бўйича мутахассис бўлди. Янги рангдор қўйлар яратиш устида илмий изланишларни давом эттирди.

 Бу орада унга бош зоотехниклик вазифасини ишониб топширишди. Ҳам илмий иш қилди, ҳам қўйларни кўпайтириш йўлида тинимсиз изланди.

У “Кўк қоракўл қўйларини бир хил жуфтлашишда қўй туслари ва унинг селекциясидаги аҳамияти” мавзуидаги номзодлик диссертациясини ҳимоялаган 1965 йили совхоз иттифоқ аҳамиятидаги наслчилик заводи деб аталди. М.Менглиев шу наслчилик заводига директор этиб тайинланди.Илмий ишларини давом эттирган олим-директор урчитиш-селекцияси ихтисоси бўйича қишлоқ хўжалик фанлари номзоди бўлди.

М.Менглиев раҳбарлик қилган Гагарин наслчилик заводи саксонинчи йилларда оқ-қоракўл қўйлар завод типи, Сайхон гавҳари рангли қўйлари ҳамда Боботоғ кўк қўй завод турлари синовдан ўтказилиб, катта обрўга эга бўлди. 1982 йили рангдор қоракўлчиликни ривожлантиришдаги хизматлари учун бир гуруҳ мутахассис ва олимларга давлат мукофоти берилди. Улар орасида Мирхолиқ Менглиев ҳам бор эди.

Собиқ иттифоқ Давлат мукофоти лауреати, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган чорвадор унвони соҳиби бўлган М. Менглиев илмий ишларини давом эттириш билан бирга хўжаликка тадбиркорлик билан раҳбарлик қилди, қоракўл зотли қўйларнинг кўпайиши ва сифатли тери тайёрлашга ўзининг бой тажриба ва маҳоратини сафарбар этганди. Бугунги кунда “Оққапчиғай”, “Сайхон” хўжаликларида боқилаётган қоракўл зотли қўйларнинг зоти, насли яхшиланишида ўз даврида кечани кеча, кундузни кундуз демай ишлаган кўп мутахассислар қатори, етук олим ва тажрибали раҳбар бўлган Мирхолиқ Менглиевнинг ҳам ҳиссаси катта бўлган. У киши бугун орамизда йўқ. Лекин хўжаликни ободонлаштириш бўйича қилган ишлари, чорвадорларга яратган шароитлари ҳамон одамлар ёдида.

Йўлдошали ДАВЛАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Деҳқонларга қўшимча даромад

Бу йил ғаллакорларимиз юқори ҳосил етиштириб, давлатга дон сотиш режасини ошириб бажаргани кўпчиликка маълум. Яхши …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE