Бош саҳифа / Жамият / Қизим бахтли бўлсин десангиз…

Қизим бахтли бўлсин десангиз…

Оилада фарзанд дунёга келдими, унинг тарбияси билан жиддий шуғулланмоқ кераклигини азалдан ота-боболаримиз ҳам уқтириб келишади. Айниқса, қиз бола тарбияси ўта нозик иш бўлиб, уларнинг ҳам соғлом, ҳам ақлли ва илмли бўлиб ўсишлари учун тўғри тарбияламоқ лозим.

Қизларнинг тарбиясига аввало оналаримиз масъулдир. Улар ўз қизларига барча уй юмушларини, пазандалик, тикувчилик каби зарур ҳунарларни ўргатишлари керак. Момоларимиз ҳам “бир куни ўзга хонадонга келин бўлиб кетса, юзимни ёруғ қилсин” деб, қизларга турмуш дарсини бериб боришган. Улар уйда қизи вояга етаётган оналарнинг ўзига хос одоби бўлиши керак, дея уқтириб келганлар. Унга риоя этган оналар эса қизларини янги уйга меҳрли қилиб ўстиришлари, сув келса, симириб, тош келса, кемириб бўлса ҳам чин уйини бўстон қилишга даъват этишлари лозим деб ҳисоблашган. Муҳаббатини авайлашга, рост сўзлашга, хизматдан оғринмасликка ундаганлар.

Қизи бор уйга келган совчилар ҳам биринчи навбатда қизнинг онасига эътибор беришлари бежиз эмас. Зеро, халқда “Онасини кўриб, қизини ол!” деган гап ҳам бор. Лекин бугун ҳамма оилаларда ҳам қизларимиз рисоладагидай тарбия қи-линяптимикан? Катталарга ҳурмат, кичикларга иззат кўрсатиш каби хислатларга эга бўлиб ўсяптими?

Атрофимизга назар солсак, узатилаётган баъзи қизларимиз оддий овқат пиширишни ёки ўзгаларга одоб билан муомала қилишни билишмайди. Аксарият оилалардаги низоларнинг бош сабабчиси ҳам келинларимизнинг бетгачопарлигию, гап билиб, иш билмасликлари, хонадон эгаларининг ҳурматини жойига қўймасликлари бўлиб қолаётганига, афсуски, тез-тез гувоҳ бўляпмиз. Негаки, баъзида қизларимизни чиройли кийинтириб, қимматбаҳо тақинчоқларга буркаб, сепларига қиммат мебеллару гиламлар, чиннилар олиб бериш учун эртаю кеч меҳнат қиляпмизу, аммо уларнинг тарбиясига келганда етарлича шуғулланмаяпмиз, вақтимизни қизғаняпмиз.

Фикримча, қизим бировдан кам бўлмасин деб сеп йиғгандан кўра, уларни ширинсўз, одобли ва андишали, илмга ошно қилиб ўстирсак, юрагини яхшиликлар билан тўлдирсак, ҳам оиламизнинг, ҳам қизимизнинг бахтини тўкислатган бўламиз.

Назира ҚОРЁҒДИЕВА,
 Сариосиё тумани

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Янги масжид муборак

Кеча Термиз шаҳрида Ҳаким Термизий номидаги янги жомеъ масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Янги жомеъ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan