Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Ижро интизоми ва тўлов маданияти

Ижро интизоми ва тўлов маданияти

Президентимизнинг жорий йил 29 майдаги «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Бош прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди.

Бу тузилма электр энергияси ҳамда табиий газ етказиб бериш ва истеъмол қилиш соҳасида шартнома мажбуриятларига сўзсиз риоя этиш, шунинг- дек, суд ҳамда бошқа органлар ҳужжатлари ижросида таъсирчан механизм бўлиши лозим. Тизимда тежамкорлик, истеъмолчилар масъулияти, тўлов маданиятини ошириш кўзда тутилган.

Сўнгги йилларда энергия ресурсларидан дебитор қарздорликни камайтириш, улардан ноқонуний фойдаланишни бартараф қилиш борасида таъсирчан ишлар олиб борилмаган.

Электр ҳамда газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш, ҳисобга олиш асбобларига шикаст етказиш ва уларнинг кўрсаткичларини ўзгартириш каби ҳуқуқбузарликлар нисбатан ошган. Суд ҳужжатлари ҳамда бошқа органлар ҳужжатлари ижроси ҳам қониқарли эмас. Қонунийликни ва ижро интизомини мустаҳкамлаш ишларида йўл қўйилган камчиликлар оқибатида кўплаб соҳа ходимлари жиноий жавобгарликка тортилган.

Мажбурий ижро бюроси мана шу муаммолар ҳал этилиши, энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ҳамда тўлиқ ундирилиши, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-торож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш, қолаверса, суд ҳужжатларининг ижросини таъминлашга масъулдир.

Электр энергияси соҳасидаги истеъмолчиларнинг асосий қисмига электрон ҳисоблагичлар ўрнатилган бўлса, қолгани эски ҳисоблагичлар асосида иш олиб боради. Газ соҳасида аҳвол бундан ҳам ночорлиги маълум. Айтиш лозимки, ҳисоблагичларга зарар етказиш, уни бузиш, кўрсаткичларини ўзгартиришга уриниш, шу орқали ишлатилган электр энергияси ёки газ учун тўловдан қочиш ҳолатлари ҳам кўп учраб туради. Бугунги кунда бундай ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун жавобгарлик кучайтирилди.

Янгиликлардан яна бири, электр энергияси ва табиий газни ҳисоблашнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилади. Бу ҳақда давлатимиз раҳбарининг тегишли фармойиши қабул қилинган. Мазкур тизимнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у масофадан туриб бошқарилади. Ҳар битта тармоққа ноқонуний аралашув ҳолати автоматик равишда масофадан туриб масъул идораларда кўрилади.

Президентимиз фармонида ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш, шунингдек, энергия ресурслари учун қарздорлик мавжуд бўлганда, истеъмолчиларни тармоқдан узиш тартиби аниқлаштирилди. Унга мувофиқ, жорий йил 1 июлдан бошлаб истеъмолчи – жисмоний шахслар ҳар ойнинг 10-санасига қадар ўтган ойда истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилишлари шарт. Юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларга энергия ресурслари олдиндан 100 фоизлик ҳақ тўлаш асосида етказиб берилади. Тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган тақдирда, истеъмолчилар тармоқдан мажбурий узилади. Бунда қайта улаш учун жисмоний шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари, юридик шахслардан эса энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида тўлов ундирилади. Тармоқдан мажбурий узишнинг тартиб-таомиллари тегишли ҳужжатларда белгилаб қўйилди. Бунда адолат мезонлари асосида иш тутилади.

Эслатиб ўтиш жоизки, электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш идоралари ходимлари уйма-уй юрмайди. Борган тақдирда ҳам уларга тўлов амалга оширилмаслиги лозим. Фақат бюро ходимлари махсус намунадаги кийим ҳамда хизмат гувоҳномаларини кўрсатгандан кейин тўлов қилиш мумкин.

Шу ўринда қайд этиш керакки, бугунги кунда истеъмолчилар билан ўзаро ҳисоб-китоб- ларнинг ҳолати тўғрисидаги ҳаққоний маълумотларни тақдим қиладиган ва электрон тўлов тизимлари билан интеграциялаштирилган Уй-жой коммунал, электр ҳамда газ таъминоти хизматлари кўрсатишнинг ягона биллинг тизимини ташкил этиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 15 июнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 майдаги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида яна бир ҳужжат Президентимиз томонидан имзоланди. Унга кўра, Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди. Жамғармани бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари бошқарадиган Кузатув кенгаши томонидан амалга оширилади.

Бугунги кунда вилоятимизда прокуратура ва мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан фармон талабларидан келиб чиқиб, амалий ишлар бошлаб юборилган. Хусусан, мажбурий ижро бюроси ходимлари ишлаши учун барча қулайликларга эга зарур бинолар тайёрланмоқда.

Мажбурий ижро бюроси кадр лари масаласига алоҳида эътибор берилмоқда. Вилоят ҳудуди бўйича қарийб 616 нафар жисмоний етук, олий маълумотли, ишига садоқатли ходимлар танлов асосида қабул қилинмоқда. Кадрлар шаҳар ва туманларнинг ижтимоий аҳволидан келиб чиқиб тақсимланади. Масалан, Термиз шаҳар бўлимида 44, Денов шаҳар бўлимида 69 нафар ходим фаолият олиб борса, туманларда 41 нафар ходим ишлайди.

Айни вақтда вилоят прокуратураси органлари мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда мазкур фармон мазмун-моҳиятини электр энергияси ва табиий газ корхоналари ходимлари ва аҳолига тушунтириш учун мунтазам равишда учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этмоқда. Уларда соҳа ходимлари ва фуқароларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб берилмоқда.

Хулоса ўрнида айтганда, янги ташкил этилган тузилма соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, турли қинғирликларнинг олдини олиш, электр энергияси ҳамда газ тармоқларидан мақсадли фойдаланиш, тўлов маданиятини шакллантиришга хизмат қилади.

 

Р.НАМАЗОВ,
мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси
бошлиғи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Воҳанинг экспорт салоҳияти

Вилоятимиздаги экспортёр корхоналар ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан навбатдаги учрашув ўтказилди. Ўтган ҳафта вилоят ҳокими …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan