Ижодкорларга эҳтиром

0
59

Сўз эркинлиги мисоли шахснинг эрки, озодлигига  қиёсланса, бугун соҳа вакилларига берилаётган имконият ва эътиборнинг не чоғли эканини тасаввур қилиш қийин эмас, албатта.

Жамиятнинг ҳар жабҳасида ошкоралик руҳи устувор бўлиб, журналистдан ниманидир яширишга уриниш хато эканлигини бугун барча қалбан англамоқда. Ахборот олиш манбаларининг очиқлиги ва имкониятларнинг тобора кенгайиб бораётгани бунинг яққол далилидир. Давлатимиз томонидан ижодкорлар меҳнати доимий рағбатлантириб келинаётганини ана шу юксак эътибор ифодаси дейиш мумкин.

27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан эрта тонгданоқ Термиз шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш учун вилоят ҳокимлиги вакиллари, журналистлар, ижодий жамоалар ва фахрийлар тўпланишди. Тадбирда сўзга чиққан  вилоят  ҳокимининг ўринбосари  Р. Чориев, Термиз  давлат  университети  ректори А. Тошқулов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари М. Олломуродовлар  журналистика соҳасида  рўй бераётган ижобий ўзгаришлар,   касб машаққатларию шу йўлда фидойилик кўрсатаётган ижодкорлар меҳнати ҳақида гапирди. Байрам иштирокчилари сўз мулкининг султонига эҳтиром кўрсатишиб, шоир ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди. Тадбир иштирокчилари учун шу куни медиатур ташкил этилиб, махсус ажратилган автобусларда саёҳатлар уюштирилди. Дастлаб, муҳташам санъат саройида вилоят мусиқали драма театри ижодий жамоаси томонидан драматург Комил Ҳамроев қаламига мансуб “Зиё қалъаси” номли спектакль премьераси бўлиб ўтди. Истеъдодли режиссёр Фарҳод Болтаев талқинидаги саҳна асарида Термиздаги аёллар илм маскани — Қирқ- қиз қалъасида фаолият юритган олима аёл Руҳайдаи Даврон қиёфаси кенг очиб берилган. Айниқса, асар қаҳрамонининг илм-маърифат, Ватан шаънини ҳимоя этишдаги жасорати ёшларимизга ибрат эканлиги алоҳида эътироф этилди.

Медиатур иштирокчилари янгидан барпо этилган адиб Собир Термизий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ҳамда “Амударё” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ҳам бўлишди. Ижодкорларга бу ерда ёшларимиз учун яратилган шарт-шароитлар, китоб мутолааси ва мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун қулайликлар,  оромгоҳдаги мавсум ҳақида батафсил маълумот берилди. Иштирокчиларга оромгоҳ ўқувчиларининг бадиий чиқишлари намойиш этилди.

Байрамнинг асосий тантаналари Термиздаги “Яккасарой” мажмуасида бўлиб ўтди. Унда сўз олган вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов воҳамиз ижодкорларини байрам билан самимий қутлади. Уларнинг бир гуруҳига вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ва  қимматбаҳо совғаларини топширди. Шунингдек, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва жараёнларни ёритишда фаоллик кўрсатаётган журналистларга ҳам вилоят ташкилотларининг байрам совғалари топширилди.

— Воҳамиз ижодкорлари учун илк бор байрамда медиатур ўтказилди, — дейди журналист Абдумалик Ҳайдаров. — Ҳамкасбларимиз билан яқин мулоқот муҳитининг яратилиши бизнинг бир мақсад йўлида ҳамжиҳат эканлигимизни ҳам англатади.

Айёмда тақдирланган ҳамкасбларимизнинг барчасини, хусусан, жамоамиз аъзолари бўлган журналистлар Усмонали Норматов, Динара Эгамбердиева, Сарвар Тўраевларни чин дилдан табриклаймиз.

Баҳром НОРМУРОДОВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг