Бош саҳифа / Маданият / Ижодкорлар семинари олдидан

Ижодкорлар семинари олдидан

Истеъдодлар билан  минглаб учрашув онларини кузатган таниқли ўзбек мунаққидларидан бири Озод Шарофиддинов бу дамларни бахтга қиёс этганди.

Ҳақиқатда, юрагида қуёшни кўтарган кечинмалар соҳибига, унинг туйғуларига юзма-юз бўлиш чинакам саодат. Шундай фурсатларга имконият яратиш, янги номларни кашф этиш  мақсадида Жиззах вилоятининг Зомин туманида ёш ижодкорларнинг  анъанавий республика  ўқув-семинари узоқ йиллардан буён ўтказиб келинади. Унинг иштирокчилари бўлган кўплаб ижодкорлар бугун адабиёт, публицистика, драматургия, болалар адабиёти ва бадиий таржима соҳаларида забардаст қаламкашлар сифатида бўй кўрсатишди.

Дастлаб, ушбу ўқув- семинар иштирокчиларининг сара ижодий ишлари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан “Биринчи китобим” рукнида китоб ҳолида чоп этилди. Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантиришга қаратилган юксак эътибор кўплаб янги истеъдодларни юзага чиқарди. Сурхондарёлик болалар адабиёти вакили Азиза Қудратованинг “Олтин тариқ” номли китоби катта нусхада нашр этилган бўлса, фаол иштирокчи Малоҳат Нуриддинованинг биринчи китоби дунё юзини кўриш арафасида.

Термиз давлат университетида бу йилги ёш ижодкорлар ўқув-семинари олдидан Қашқадарё ва вилоятимиз ёшлари иштирокида ҳудудий семинар бўлиб ўтди. Унда “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Асад Дилмурод ва Носиржон Жўраевлар иштирок этишди. Дастлаб, иштирокчиларга бугунги учрашувдан кўзланган мақсад, хусусан, Президентимизнинг жорий йил 5 апрелида “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қабул қилган қарорида ёш истеъдод соҳибларини излаб топиш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқаришга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Шундан сўнг, семинар қатнашчиларининг наср, назм, драматургия, болалар адабиёти, бадиий таржима йўналишларидаги ижодий ишлари кўриб чиқилди. Суҳбат тарзида кечган мулоқотларда 20 дан ортиқ иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

— Бугун кўзлари ёниб турган икки вилоят ёшларининг бу учрашуви узоқ йиллик ижодий дўстликка асос бўлмоқда, — дейди “Жаҳон адабиёти ” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев. — Зоминда ўтказиладиган семинарда иштирок этишга лойиқ кўплаб ёшларни, истеъдодларни кўриб қувондик. Уларнинг ижодий парвози доимо баланд бўлсин, дейман.

Семинар иштирокчиларининг ишлари йўналишлар бўйича ўрганиб чиқилади ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ушбу ўқув-семинарига таклиф этилади. Унинг ҳудудий бос- қичида ҳам барча номзодларнинг ишлари қабул қилиниб, уларнинг ҳар бири билан алоҳида ижодий мулоқотлар ўтказилди. Иштирокчилар ва меҳмонларга вилоят ҳокимлиги томонидан воҳа ижодкорларининг китоб лари ва эсдалик совғалар топширилди.

Баҳром НОРМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

ДУНЁ ХАЛҚЛАРИНИ РОМ ЭТГАН САНЪАТ

Илиев Вания — Сербия мусиқа ассоциацияси бўлим мудири, журналист, Сербия Европа мамлакатида санъат йўналишидаги таълим …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan