Бош саҳифа / Таълим / Ижодий ёндошаман

Ижодий ёндошаман

Мактаб улуғ даргоҳ. Ҳар бир ота-она фарзандларини мактабга топшириб, келажакда Ватаннинг муносиб ворислари бўлиб етишишини чин дилдан орзу қилади. Шундай экан, мактаб ёшларнинг келажагини белгилаб берувчи, ҳаётга мустақил қадам қўйишга, фикрлашга, хуллас, одам бўлишга тайёрлайдиган маскан ҳисобланади.

Хўш, мен бу фикрларни нимага айтаяпман? Менинг фикрим шундан иборатки, мактабдаги ҳар бир ўқитувчи айниқса, бошланғич синф ўқитувчиси ўқувчиларга дарс ўтиш, билим бериш жараёнида бир қолипга тушиб эмас, ноанъанавий усулларга риоя қилиши керак. Бунинг учун ўқитувчи ташаббускор ва ижодкор бўлиши зарур. Тажрибамдан келиб чиқиб, шунга амин бўлдимки, инсон ёшликдан билимга меҳр қўйса, айниқса, китоб ўқишга чоғланса, ўқитувчи унинг қобилиятини ўз вақтида илғаб олиб, шогирди истеъдодини кўз-кўз қилишга эришса, демак, бундай ўқувчи келажакда, албатта, ўз истеъдодини намоён этади.

Ҳозир Республикамизда китобхонлик, китобга меҳр, китоб мутолаасига эътибор менда ҳам катта таассурот қолдирмоқда. Мен китобдан фойдаланишдан ташқари кунлик матбуотга ҳам бефарқ эмасман: ўзим ёшликдан адабиётга, шеъриятга меҳр қўйганим боис вилоят ва республикамизда чиқадиган нашрларни мунтазам ўқиб бораман. Менга, айниқса, узоқ йиллардан бери вилоятда чоп этиб келинаётган “Сурхон тонги “ рўзномаси жуда қадрдон. Ундаги долзарб сиёсий, иқтисодий ва бошқа мавзулардаги мақолалар, айниқса, китобхонлик мавзусидаги чиқишлар мени бефарқ қолдирмайди.

Ҳар бир дарсимда столимга “Сурхон тонги” газетасининг янги сонини олиб қўяман. Чунки педагогик жамоамиз бир неча нусха газетага обуна бўлган ва у ўз вақтида етказиб берилади. Шундай экан, мен унда чоп этилаётган мақолаларни китобхонликка оид фикр ларни ўқувчиларим билан баҳам кўраман. Бу изланишлар ва бу усулдаги дарсларим самарасиз кетмаётир. Синфимда китобга меҳр қўйган ўқувчиларим кўпчиликни ташкил этади. Улар орасида Иззатулла Қамбаралиев деган ўқувчимнинг китобга бўлган қизиқиши ўзгача. У мактабда ташкил этилган “Ким кўп шеър билади?”, “Ким кўп китоб ўқийди?” танловларида ҳамиша биринчиликни олишга ҳаракат қилади.

Яқинда мактаб жамоаси ўртасида ўтказилган танловда ҳам ғолибликни қўлга киритди. Мен тажрибамдан келиб чиқиб, ҳар бир ўқитувчи янги усуллар билан дарс ўтишини, дарснинг ижодий жиҳатларига эътибор беришини истардим. Шундагина кўзланган мақсадга эришиш мумкин.

Дилфуза САЛОМОВА,
Термиз шаҳридаги
7-умум таълим
мактаби ўқитувчиси.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Унутилмас учрашув

Анъанага айланиб келаётган “Устоз ва шогирдлар учрашуви” бу йил ҳар қачонгидан ҳам ўзгача руҳда ўтди. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan