Бош саҳифа / Таълим / Ижод ва ёшлик байрами

Ижод ва ёшлик байрами

Бу дунёда яхшиликни соғинганлар, яхшилар, эзгулик тарғиботчилари эзгулик маёғи остида, инсониятга нажот бахш айлагувчи эзгу ғоялар, ёруғ ниятлар тадоригида бир ерда жам бўлсалар, билингки, бу яна юз карра яхшилик, нафақат адиблар, билъакс, бутун Сурхон ёшлари, улар тимсолида келажак авлодларга қўл етмас юксак чўққиларни ҳеч бир чўчимасдан забт этишга ундов, чорлов бўлиб хизмат қилса, не тонг.

Зеро заифгина йилтиллаган зарра зиё ҳам зулматнинг кўксини тилиб, ҳаётнинг тунд ва хира манзилларига ажиб бир ёруғлик олиб кириши айни ҳақиқат. Ёруғлик кириб борган манзиллар бахтдан нурафшон, эзгулик тантанасидан чароғондир. Инчинун, зулматлар чекинар экан, бу манзилда яхшилар, яхшиликлар тантана қилгусидир.

Баъзан давра тор келса-да, ниятлар қанчалик улуғворлик касб этса, кўзланган манзилу маконларга етишиш шунчалар осон бўлгай. Осмону фалакларга туташиб кетган Кўҳитанг тоғларининг пурвиқор чўққиларини парқу булутлар силайди. Ўз бағрида қанчадан-қанча сир-синоатларни яшириб ётган бу кўҳна,хилват маконларда бир пайтнинг ўзида дунёнинг 7 мўъжизасини кўриш мумкин. Мўъжизакор, шифоли, маржон булоқлари, минг дардга даво гиёҳлари, яссиликларда, сойликларда минг, миллион йиллардан буён мудраб ётган баҳайбат ҳарсангтошлар, ёввойи ҳайвонлари, парранда-ю даррандалари ва яна киши билмас ажойиботлари ақлни шоширадиган даражада бетакрор, гўзал.

20-21 июль кунлари Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида Шеробод туманидаги “Бешбулоқ – Сурхон – Шеробод” болалар оромгоҳида “Сурхондарё ёш ижодкорлари” 1-семинарининг бўлиб ўтганлиги воҳа ижод аҳли учун янгилик бўлди. Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари кўринишида ташкил этилган, вилоятимизда яшаб, ижод қилаётган 40 нафар ёш қаламкашни ўз атрофида жамлаган мазкур семинарда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Менгнор Олломуродов ва уюшма аъзолари: Нарзулла Сўфиев, Фолькин, Исроил Шомиров, Эркин Норсафар каби ижодкорлар иштирок этишди. Ўзбек адабиётининг кенжа вакиллари икки кун мобайнида устозларнинг маҳорат сабоқларидан баҳраманд бўлишди.

— Сўнгги йилларда воҳамиздан кўплаб истеъдодли ёшлар етишиб чиқаётганига ажабланмаса ҳам бўлади. Зеро ўзбек халқ оғзаки ижодининг илк намунлари шу заминда яратилган. Шу заминда тараққий топган, шу туфайли бўлса керак, вилоятимиз истеъдодларга ниҳоят даражада бой. Бугунги кунда уларни ижодга янада рағбатлантириш, шарт-шароит яратиш биз, катталарнинг вазифамиздир. Шаҳноза Ишмирзаева, Наргиза Одинаева, Лайло Дўсёрова, Гулмира Абдураимова, Зулфизар Ражабова, Ширинмоҳ Тўраева, Шаҳрибону Турсунова, Малоҳат Нуриддинова, Муборак Ўсарова, Ситора Сатторова, Ёдгора Тўхтамишева, Рухшона Абдураззоқова, Севара Раҳмонова, Сайёдхон Ишмўминова сингари ёш ижодкорларнинг ижод намуналари кишига умид бағишлайди. Бу семинарга қатнаша олмаган яна юзлаб ёшлар ҳақида ҳам ана шундай илиқ фикрларни айтиш мумкин, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Менгнор Олломуродов.

Умидли ижодкор ёшлар икки кун мобайнида устоз ижодкорларнинг маҳорат дарсларини тинглаш билан бир қаторда ўз ижод намунларидан ўқиб, тенгдошлари билан фикр алмашдилар.

Семинар кун тартибидан жой олган бахшилар билан учрашув тадбирида вилоятимизда кўзга кўринган моҳир бахши, Термиз шаҳар 22-сонли Болалар мусиқа, санъат ва бахшичилик мактаби ўқитувчиси Муҳаммад Эшбоев терма ва достонлар айтиб, ижодкор ёшларда улкан таассурот уйғотди. Ёшларнинг халқ оғзаки ижодига бўлган қизиқиши, албатта, таҳсинга лойиқ.

Семинарда иштирок этган вилоят ҳокимининг ўринбосари Рўзимурод Чориев ёшларнинг ижод намуналарини тингларкан, ўз фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашди. Таклиф ва мулоҳазалар тингланди. Тадбир сўнггида барча иштирокчи ёшлар вилоят ҳокимлиги ва Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимининг эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлари билан тақдирланишди.

Х. ТОҒАЙМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Раҳбар кадрлар тайёрлаш – бош мақсадимиз

Муҳтарам юртбошимизнинг 2018 йил 30 майдаги “Истиқболли бошқарув кадрларни танлов асосида” танлаб олишнинг замонавий тизимини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE