Бош саҳифа / Маданият / Ижод мўъжизаси ва сўз салтанати

Ижод мўъжизаси ва сўз салтанати

Минг йиллардан буён адабиёт башариятга ҳаётдан сабоқ бериб келади. Инсон руҳиятини, камолотини такомиллаштириш билан бирга, жамиятдаги у ёки бу муаммоларни, нуқсонларни бадиий акс эттириб, унинг ечимини топишга, атрофга зийрак нигоҳ билан разм солишга ундайди. Замонавий ўзбек адабиёти вакиллари бугунги кунда ана шу вазифани астойдил бажариб келишмоқда.

Бугунги кунда ижод оламига илк қадам қўяётган ёшлардан тортиб, ўзига хос мактаб яратган, эл ардоғидаги ёзувчи ва шоирларгача ўзининг заҳматли ижодий фаолияти билан миллий қадриятларимиз, миллий маънавиятимиз, миллий мафкурамиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келишмоқда. Ана шулардан бири Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, давлат мукофотлари совриндори Муҳаммадали Аҳмедовдир.

Адабиёт кунлари доирасида воҳамизга ташриф буюрган ижодкорлар Термиз халқаро аэропортида гулдастлар ва нон-туз билан кутиб олинди. Унда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Р. Чориев, сенаторлар, воҳадаги етакчи ижодкорлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, жамоатчилик вакиллари ҳозир бўлдилар.

Денов туман ҳокимлиги биноси олдида карнай-сурнай садолари ва анвойи гуллар билан ижодкорлар гуруҳи кутиб олинди. Шундан сўнг туман ҳокимлиги мажлислар залида адабий учрашув бошланди. Адабий учрашувни тумандаги 67-умумтаълим мактаби ўқувчилари композицион саҳна кўриниши билан бошлашди. Унда Муҳаммад Алининг болалик, ўқувчилик, талабалик давридан бугунги кундаги фаолиятигача анжуман иштирокчиларига маълумот бериб ўтилди.

Шундан сўнг минбарга чиққан академик Бахтиёр Назаров адиб ижодига тўхталар экан унинг “Сарбадорлар” шеърий романи ва айниқса, тўрт китобдан иборат бўлган “Буюк салтанат” эпопеяси ҳақида алоҳида тўхталиб, бу асар нафақат ўзбек адабиётида, балки жаҳон адабиётида ҳам ўз ўрни ва мавқега эга эканлигини таъкидлаб, ёзувчини 75 йиллик юбилейи билан самимий табриклади. Шундан сўнг юбилярни таниқли адабиётшунос олис Адҳамбек Алимбеков, тумандаги 78-мактаб ўқитувчиси М. Бердиева, адабиётшунос Тўлқин Ҳайит, “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири Сирожиддин Рауф, “Фермер” журнали бош муҳаррири А. Жумақулов, деновлик ижодкор Насриддин Исмоиловлар сўзга чиқиб, Муҳаммад Алининг ўзбек адабиётига қўшган ҳиссаси, унинг ижод қирралари ҳақида гапиришиб, қизғин муборакбод этишди.

Йиғилиш сўнггида минбарга чиққан адиб олим ва ижодкорларнинг билдирган фикр-мулоҳазалари учун самимий миннатдорлик изҳор этди. Туман ҳокими Баҳром Маматқулов етмиш беш ёшини нишонлаётган Маҳаммадали Аҳмедов ва Тоштемир Турдиевга дил изҳорларини билдириб, туман ҳокимлиги, Денов аҳли ва барча ижодкорлар номидан меҳмонларга тўн ёпиб, дўппи кийгизиб, белбоғ билан белини боғлаб қўйди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, шахсан ўз номидан Т. Турдиевни юбилейи билан табриклаб, зарбоби тўн ёпган Муҳаммад Али уюшманинг фахрий ёрлиғи ва пул мукофотини топширди.

Эртаси куни Тошкентдан ташриф буюрган меҳмонлар Амир Темур ҳайкали ва атоқли ижодкор, давлат арбоби Шароф Рашидов бюстига гулчамбарлар қўйдилар. Шундан сўнг туман енгил саноат касб-ҳунар коллежида адабий учрашув бўлиб ўтди. Унда адабиёт ихлосмандлари, ижодкорлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Туман маданият бўлими санъаткорлари томонидан махсус концерт дастури намойиш этилди. Тошкентдан ташриф буюрган шоирлар, ёзувчилар Муҳаммад Али фаолияти ҳақида самимий фикрларни билдириб, ўз ижод намуналаридан ўқиб беришди. Ундан ташқари, Р. Узоқова номидаги Денов педагогика коллежида ҳам ижодкорлар билан бўлган учрашув юксак савияда амалга оширилди. Шунингдек, меҳмонлар тумандаги муқаддас зиёратгоҳлар ва диққатга сазовор жойларда ҳам бўлишди.

Адабий учрашувларда Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, академик Бахтиёр Назаров, шоир Сирожиддин Рауф, Тўлқин Ҳайит, Ахтамқул Каримов, А. Жумақулов, Адҳамбек Алимбековнинг чиқишларини адабиёт ихлосмандлари қарсаклар билан эътироф этишди. Бир сўз билан айтганда, юртимизнинг улкан ижодкори Муҳаммад Али юбилейи муносабати билан ўтказилган адабиёт кунлари анжуман иштирокчиларида унутилмас таассуротлар қолдирди.

Сафар ОМОН

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мард ўғлонлар хотираси қалбимизда

Жанубий оператив қўмондонлик ҳарбий хизматчилари қўмондонлик бошлиғи, полковник Қодиржон Турсунов бошчилигида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan