Ижод кенгликларида

0
88

Аслида шеър — бу руҳият тасвиридир. Инсон ўз кечинмаларини, ички талотўмларини шеър орқали қоғозга туширади. Бунинг учун фақат истеъдоднинг ўзи камлик қилади, кўпроқ китоб мутолаа қилиш, буюк шоирларимиз ижодидан баҳраманд бўлиб туриш ҳам лозим саналади. Шундагина  шеър ёзиш техникаси шаклланади, тажриба ортади. Ёзганларимиз эса қалбга етиб борадиган мисраларга айланади.

Таҳририятимизга шеърий машқларини мактуб орқали йўллайдиган ижодкорлар, ижодга ҳавасмандлар кўп. Мисол учун, Музработ туманидан Нормуҳаммад Муҳаммадиев маданият бешиги саналмиш гўзал маскан Бойсун ҳақида ташбеҳларга бой ашъор битган:

Осмон билан бўйлашади Бойсун тоғ,
Чиройингга мафтун бўлдим, гўзал боғ.
Эрам боғдан зиёдасан, жаннатсан,
Алпомишга ўтов бўлган Бойсун тоғ.

Музработлик яна бир муштарийимиз Зайнаб Бахшиқулова ҳам шеърларида юртбошимиз бошчилигида амалга оширилаётган эзгу ишларни маҳорат билан тасвирлаган.

Жарқўрғонлик Пардабой Қулатов эса бири-биридан ажойиб, ҳаётий ҳажвий шеърларини юборган. Муаллиф тўртликларнинг бирида

Хасиснинг уйида қўноқ бўлмасмиш,
Устоз кўрган шогирд нўноқ бўлмасмиш,
Ғурурин узрдан устун қўйганлар,
Меҳрсиз қариндош иноқ бўлмасмиш,

— дея одамларни ҳушёрликка чақиради. Худди шундай Даҳандузий тахаллуси остида ижод қиладиган воҳадошимиз Очилбой Хидиров ҳам ҳажвий йўналишда ёзилган ижод намуналарини йўллаган. Уларда тақдир синовларида сабрсизлик қилиш, тўй маросимларидаги ортиқча дабдабалар танқид остига олинган.

Деновлик фахрий ўқитувчи Худойқул Раҳимовнинг китобхонликни тарғиб қилувчи шеърида ўқувчига таъсир қилувчи ажойиб мисралар ўрин олган:

Илмларнинг хили кўпдир,
Бу дунёнинг охири йўқдир.
Сир-синоат жуда кўпдир.
Билай десанг, китоб ўқи.

Термиз тумани “Азиз” фермер хўжалиги раиси Азиз Бердиёров ҳамда Норгул Қурбоноваларнинг ижод намуналарига ҳам шундай таъриф бериш мумкин.

Бойсун тумани “Шўрсой” маҳалласидан яна бир ижодга ҳавасманд газетхонимиз Ўғилой Нормамат қизи шеърий мисраларида “Ташвишлари бисёр, бағри дунёлардан кенг халқим,

Андишага, матонат-ла кенг оламга тенг хал- қим”,  дея ўзбек халқининг бағрикенглигию, тантилигини шарафлаб ёзган.

Шунингдек, кўнглида ижодга ўзгача ҳавас уйғонган бир қатор ёшларимиздан ҳам мактублар келган. Жумладан, Термиз давлат университети талабалари Ҳусниддин Соатов, Фотимахон Боқиева, Нодира Раҳматова, Муҳаббат Раупова, Шоҳида Қодирова, Наргиза Қобилова, шунингдек, ўқувчилардан Сўғдиёна Султонова, Термиз туманидан Муштарий Ҳамроқулова, жарқўрғонлик Маҳфуза Хўжақулова, шўрчилик Рисолат Абдуқаюмова, Термиз шаҳридан Мадина Мамасаидова, бойсунлик Нодирабону Абдурофиевалар шеърий машқларини юборишган. Улар орасида Сариосиё тумани “Боғиобод” маҳалласида яшовчи шоира қизимиз Тахмина Худойназарованинг “Ўзлигини йўқотмаган ўзбегим” номли шеърида ҳароратли мисралар битилганини таъкидлашни истардик.

Урф-одати миллийликдир азалдан,
Қизларининг сўзи ширин асалдан.
Буюклари машҳур шеъру ғазалдан,
Ўзлигини йўқотмаган ўзбегим.

Бу ёш ижодкорларимиз ҳали кўплаб машқ қилишлари, элимизнинг суюкли шоирларининг ижод намуналарини ёд олиб, устозлардан сабоқ олишлари лозим.

Бундан ташқари, шерободлик Элёр Раҳматов, қумқўрғонлик Муниса Хуррамовалар Биринчи Президентимиз И.Каримов хотирасига бағишлаб ёзган ижод намуналари ҳақида ҳам илиқ фикрларни айтиш мумкин. Улар буюк ишлар қилган инсонларнинг хотираси қалбларда абадий муҳрланади, деган таассурот уйғотади кишида. Шу ўринда ижодкор ўқитувчиларимиздан Қизириқ тумани 68-умумтаълим мактабидан Раъно Хуррамова ҳамда Музработ тумани 16-умумтаълим мактабидан Йўлдош Абраевларнинг шеърларида кўнгилга таскин берувчи ҳароратли мисралар борлигини алоҳида қайд этиш жоиз. Уларда баҳор тасвири, мўътабар оналаримизнинг фидо- йилиги мадҳ этилган.

Таҳририятимизга умид билан мактуб ёзувчи қалби уйғоқ муштарийларимиз борлиги бизни қувонтиради. Бундан ке- йин ҳам ҳайрати сўнмаган, ижодкор газетхонларимизнинг бир-биридан ажойиб ижод намуналарини кутиб қоламиз.

ТАҲРИРИЯТ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг