Бош саҳифа / Адабиёт / “ИЖОД БЎСТОНИ” саҳифаси

“ИЖОД БЎСТОНИ” саҳифаси

Адабиёт – бу илм

Ижодкорнинг кўнгли нозик бўлади. Ҳа деганда, дилидагини тилига чиқаравермайди. Шунда у қўлига қалам олиб, ҳаётнинг паст-баландию тақдирнинг тортиқлари ёки азиятларидан туйган кечинмалаларини қоғозга туширади. Таҳририятимизга ана шундай нозик қалб эгаларидан кўплаб мактублар келган.

Уларда турли мавзулар ёритилган ижод намуналарини кўриш мумкин. Мисол учун, Қумқўрғон тумани “Исломобод” маҳалласида яшовчи Одил Эркинов ўзининг ва тенгдошлари — тумандаги 30-умумтаълим мактаби ўқувчиси Аслиддин Амир қулов ҳамда 59-умумтаълим мактаби ўқувчиси Муниса Хуррамоваларнинг шеърий машқларини мактуб орқали йўллаган. Уларда:

“Ҳаёт ҳеч ўзингга ўхшамайсан-да,
Баъзида бебошсан, баъзан меҳрибон.
Синовларинг билан мени қийнама,
Не бўлса кўрармиз, бош бўлса омон”

каби ҳаёт, она мадҳини куйловчи шеърий машқлар ўрин олган.

Дарвоқе, онани мадҳ этмаган, унинг номини, меҳнатини, машаққатию меҳрибонлигини куйламаган шоир, ижодкор бўлмаса керак. Газетхонларимиз ижодида ҳам бу мавзудаги шеърлар бисёр. Улар орасида бизнинг доимий муштарийимиз, ажойиб шоира олтинсойлик Зулфия Менгтошеванинг “Мунисгинам” деб номланган шеърини алоҳида эътироф этиш мумкин. Унда:

“Меҳринг қиёслайин неларга,
Қуёшгами ва ёки ойга,
Ўзанини топмасдан жўшиб,
Тошиб оққан тошқинроқ сойга”

каби ташбеҳли мисраларни кўрамиз. Олтинсой туманидаги 43-умумтаълим мактаби ахборот ресурс маркази ходими сифатида фаолият юритаётган бу мухлисамиз яқинда ёшларни китобга меҳр қўйишга ундовчи тадбирлари, ташаббуслари учун вилоят халқ таълими ахборот ресурс маркази томонидан алоҳида тақдирланибди. Мухлисамизнинг ютуғидан биз ҳам беҳад қувондик.

Яна бир мактуб узоқ Бойсун туманидаги 45-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Эшқобил Назаровдан келган. Муаллиф ўзининг “Юксак эътироф” номли шеърида адиб Чингиз Айтматовнинг хотираси, унинг асарларидаги машҳур қаҳрамонларни гавдалантирган.

Мактублар орасида эндигина шеърият оламига кириб келаётган ҳаваскорларнинг ижод намуналари ҳам бор. Термиз давлат университети талабаси Зарнигор Бобомуродованинг “Розимасман”, олтинсойлик Шоҳрух Қодиров, 2-мактаб ўқувчиси Мунавар Каримоваларнинг “Конституциямиз — фахримиз”,“Дўстлик”, Асрор Турсуновнинг “Дунё кимга шодлик, кимга ғусса ғам”, Лобар Бердиеванинг “Юрак айтгин”, Термиз туманидан Зубайда Тошпўлатованинг “Ҳаёт ўгити”, “Сўнгги пушаймон” шунингдек, шерободлик ҳамшира Шарофат Норбоеваларнинг “Ўзбекистоним”, “Сурхоним” номли шеърий машқлари шулар жумласидан.

Бизга илм бериб, ҳаётда ўз ўрнимизни топишимиз учун тўғри йўл-йўриқ кўрсатадиган зот бу устоздир. Шу боис устозларимизни қанча таърифласак, эътироф этсак ҳам шунча оз. Музработлик Адиба Чоршанбиева, Тошкент давлат аграр университети Термиз филиали талабаси Бобур Ҳайдаров, қизириқлик Нишон Эшмирзаевлар устозларга бағишлаб ёзилган шеърларида устозларимизнинг меҳнатини вақтида қадрлашимиз уқтирилади. Буни Бобур Ҳайдаровнинг мисраларида ҳам кузатамиз:

Устоз отангдек улуғ дейдилар,
Ақлда, зеҳнда буюк дейдилар,
Ҳар қадам қадрланг берган илмини,
Қалби пок, онадек суюк узтозим!

Хулоса ўрнида айтиш керакки, адабиёт бу шунчаки иқтидор эмас, балки илмдир. Уни ўқиб, уқиш ҳам керак. Яъни ижод қилиш учун шунчаки иқтидорнинг ўзи етарли эмас, бунинг учун катта шоирларнинг шеърларидан ёд олишимиз, бадиий адабиётлар билан билимимизни бойитишимиз, тафаккуримизни чархлашимиз лозим. Шундагина ижодимиз пиллапоялардан кўтарила олади, шундагина одамларнинг кўнглидан жой оладиган шеърлар ёза оламиз. Ижодкор дўстларимизга эса ижодий ишларига омад тилаймиз.

ТАҲРИРИЯТ

Газетхонлар ижодидан

УСТОЗ

Муҳаммад Юсуфга

Устоз, сизга менинг меҳрим бўлакча,
Сиз ҳақда ўйлайман, фикр қиламан.
Сиз билан бир вақтда, битта гўшада,
Яшаганимга ҳам шукр қиламан.

Устоз, сиз ёқтирган қизғалдоғингиз,
Ҳилпираб турибди сизни соғиниб.
Бахмалда туғилган қўзичоғингиз,
Юрибди хаёллар билан овуниб.

Устоз, сиз ёқтирган ул эрка кийик,
Эркалашингизни кутиб турибди.
Хушбўй ҳидларини таратиб райҳон,
Ҳовлингизда сизни излаб юрибди.

Гўзал жайрон эса кўз ёшин артиб,
Сизга даво учун гиёҳ терибди.
Ариқ бўйидаги митти бинафша,
Шоирлар тўйида ўйнаб юрибди.

Ватанни мадҳ этиб шеърлар ёздингиз,
Ларзага келтириб бутун жаҳонни.
Икки дунёда ҳам ҳеч ким сизчалик,
Севолмаса керак Ўзбекистонни!

Ўзгадан қизғониб ҳатто соясин,
Ватанига жонин бахшида этган.
Римга алишмасдан бедапоясин,
Суйган шоирини унутмас Ватан.

Шеърларининг бари зўр қўшиқ бўлган,
Содда Муҳаммадсиз бахти бенуқсон.
Сиз каби шоирни тарбия қилган,
Азиз волидангиз энг бахтли инсон.

Жуфти ҳалолини пинҳона суйган,
Шогирдлари учун доим қилган лутф.
Қизларин ўғилдан устунроқ қўйган,
Эл севган шоирсиз Муҳаммад Юсуф.

ОНА ТИЛИМ

Алифбе китобда илк бор кўргандим,
Навоий “Хамса”син ўқиб билгандим,
Маҳмуд Қошғарийдан сени ўргандим.
Сендан сўзлашганлар бахтлидир тилим,
Қалбимга яқинсан, эй она тилим.

Сен борсан янграгай онам алласи,
Сен билан бетакрор ёшлик палласи,
Сенга боғлиқ эрур ҳамма-ҳаммаси.
Бу мурғак қалбимда очилган гулим,
Қалбимга яқинсан, эй она тилим.

Ўзбегимнинг яхши фазилати кўп,
Доно кексаларин насиҳати кўп,
Улар дуосин ол, қўлларини ўп,
Ўшанда ўзбекка ўхшайсан синглим,
Қалбимга яқинсан, эй она тилим.

Кун келиб оқлайман берган нон-тузинг,
Қалбимга ёқади ҳар битта сўзинг,
Бунчалар чиройли забонсан ўзинг,
Тингласам яйрайди бу митти кўнглим,
Қалбимга яқинсан, эй она тилим!

Дилафруз ТЎХТАШЕВА,
Термиз туманидаги 11-мактаб ўқувчиси

ИСТАДИМ

Тоқатимга тошлар ёғиб, бир маломат истадим,
Илоҳий ишқ сеҳрин туйиб, зўр ҳаловат истадим.

Сенга айтар бу сўзларим кўнглим сири бўлгайдир,
Бу сиримни шеърга солиб, нур ҳарорат истадим.

Менку содиқ бир ёр эдим ўзга маҳкам кўнгли пок,
Лекин сендек бевафога бир ҳақорат истадим.

Не қилайки муҳаббатдан устун турур ғурурим,
Сенга нурли ҳаёт тилаб, бир тиловат истадим.

Қўй, эслама, эй ёр сендан умид қилмас ҳеч Нисо,
Лекин сени эслаб бугун бир фароғат истадим!

КЎНГЛИМ

Осмонга тенглашган сайёра кўнглим,
Баъзан буюк, базан бечора кўнглим.

Майли ғанимга ҳам отмайин тошлар,
Андишадан чиқмас бир бора кўнглим.

Баъзан дарёдилман, мавжланиб оққан,
Баъзан кўкка етган фаввора кўнглим.

Баъзан жиловини тутолмай сарсон,
Саргардон, сарсари оввора кўнглим.

Ўзимнинг кўнглимга ҳайронман ўзим,
Не ажаб тушибди бир ёра кўнглим.

КИТОБ

Кўнглим ҳамроҳи ёрқин чироғим китоб.
Руҳим ободлиги, ақл қайроғим китоб.

Китобла султон дилим, дунё пойимда гўё.
Бу олам аро яқин-йироғим китоб.

У гоҳо, зулмат гоҳ мунаввар жаҳоним.
Гоҳо гулгун, гоҳ маҳзун фироғим китоб.

Маърифат осмонида ялт-ялт юлдузим.
Жаҳолатга қарши ўткир яроғим китоб.

Талпинганим, соғинганим ҳам паноҳим.
Умрим карвонида содиқ ўртоғим китоб.

Эй Нисо, китобни сев, юксакка интил.
Бошингда балққан тафаккур байроғим китоб.

ДЎСТИМ!

Кўнглимни хуш этди парвона дўстим,
Бир сўзлаб, ўн кулган мастона дўстим.

У келгач, ёришди кулбам мунаввар,
Меҳрла лутф айлаб ҳамхона дўстим.

Майда гап кўпайди, ҳайратда қотдим,
Мен ҳақимда тарқатди афсона дўстим.

Менга ишқ изҳори қилган йигитга,
Пинҳона дил берган жонона дўстим.

“Энанг эл, тананг эл”, деган гап ростми?
Топмадим энамдек дугона дўстим.

Осонгина қулади дўст деган уйим,
Ишончимга бўлди паймона дўстим.

Эй Нисо, тошбағир бўлолмагайсан!
Ватанни атайвер дўстона дўстим.

ТОШКЕНТ

Олам аро марду майдоним Тошкент,
Минг мушкулим ечган имконим Тошкент.

О, мени камолот сари элтгувчи,
Юз ёшли олийгоҳ, давроним Тошкент.

Ўзбегим шаънини кўтарган баланд,
Юртим бекларига қўрғоним Тошкент.

Миллий бағрикенглик бирламчи бунда,
Балолардан сақловчи қалқоним Тошкент.

Буюк ипак йўлин ёритган чироқ,
Етти иқлим кезган карвоним Тошкент.

Эй Нисо, бош узра балққан қуёшим,
Каъбам деб атайвер, сарбоним Тошкент.

 Шаҳринисо ФАРҲОДОВА

БУЮК ЗАМОН КЕЛДИ ДЎСТЛАР

Гўзал, кўркам гул диёрим,
Элимга сарф етай борим.
Шу ватандир ифтихорим,
Қутлўғ замон келди дўстлар!

Ҳеч бир элдан кам эмасмиз,
Келажакдан ғам емасмиз.
Куч-қувватни йиғайлик биз,
Шундай замон келди, дўстлар!

Оламни забт этайлик биз,
Келинг бизга қўшилинг сиз.
Бирлашибон ҳар ўғил, қиз,
Дўстлик замон келди, дўстлар!

Мухлиса ҚУДРАТОВА,
Қумқўрғон тумани
8-мактаб ўқувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Энг яқин дўст, энг яхши совға

Апрелнинг шаррос ёмғирлари тинмай турган кунларнинг бири эди. Одатдагидек кундалик юмушларимиз билан бандмиз. Кутилмаганда боғчамизга …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan