Бош саҳифа / Адабиёт / Ижод бўстони…

Ижод бўстони…

ЎЗБЕКНИНГ

Туҳмат тоши тегиб ҳар бир бармоққа,
Йўллар ёпилганда эркка бормоққа,
Бу йўллар қонлардан чиқиб ирмоққа,
Тинчликка туташган йўли ўзбекнинг.
Қарамлик, қулликнинг кесиб ўзагин,
Дунёга танитмоқ бўлиб ўзбегим,
Мардларга боғланган белбоғ, бекликнинг,
Рамзини туғ қилар, ўғли ўзбекнинг.
Бугун кечадану эрта бугундан,
Бошланар ободлик дили гулгундан.
Дўпписини олиб эски тугундан,
Жаҳонга бўйлашар зўри ўзбекнинг.
Яшнатмоқ, яратмоқ инсон орзуси,
Меҳр-муҳаббатдир кўнгил кўзгуси,
Ҳар ниҳол бу юртда шодон ўсгуси,
Ўнгидек гўзалдир сўли ўзбекнинг.
Мен ўсиб бораман бериб ҳосилим,
Елкадошим замин, эл оға-иним.
Юрагим сўз тилар тинмас қаламим,
Рухсори энг эрка гули ўзбекнинг.

Гулирухсор УММАТОВА

СУРХОНДАРЁ МАДҲИ

Ёшлари ғайратли гўзал Сурхоним!
Ишлари ибратли машъал Сурхоним!
Мевалари шарбат, асал Сурхоним!
Фарзандингман, сенга фидодир жоним.
Мулла, Тоштемир… полвон имконинг,
Дунё маҳлиёдир сайёҳ меҳмонинг.
Ал Ҳаким Термизий фарзандинг, жонинг.
Буюк тарихи бой макон, Сурхоним!
Султон Саодатда кўрдим аъмолинг,
Янги иморатлар — гулгун жамолинг.
Илмда ёш авлод — бахтинг, камолинг,
Истиқболи порлоқ — чаман Сурхоним!

Ҳалима НОЗИМОВА,
Шеробод тумани “Хатак” қишлоғи

ҚАЙТАМАН

Оқлайман отам ва онам ишончин,
Мардингман мардларча жўшиб айтаман,
Ватаним тинчлигинг кафтимда тутиб,
Йигитлик бурчимни ўтаб қайтаман.
Чидайман, ҳар қанча машаққат бўлса,
Барчасин саботим билан енгаман.
Ҳаёт мактабининг сабоғин олиб,
Мустаҳкам ирода билан қайтаман.
Жисмоний қудратим ошириб ҳар дам,
Қаддимни тоғдайин кериб юраман.
Туну кун сарҳадинг қўриқлаб бардам,
Йигитлик номини оқлаб қайтаман.
Гоҳ ёвуз душманлар жангга чорласа,
Уларнинг барчасин яксон этаман.
Йўлимга кўз тиккан яқинлар учун,
Ҳатто, дўзахдан ҳам омон қайтаман.

Асрорбек ТУРСУНБОЕВ

СУРХОН МАДҲИЯСИ

Олтин водийлардан улкан тоғгача,
Аму дарёдан кенг пахтазоргача,
Афғон элидан тожик юртигача,
Гуллаган водийсан, то абадгача,
Бағри кенг диёрсан, сўлим Сурхоним.
Сенда бор меҳнатдан иззат топганлар,
Меҳнат-ла кўксига юлдуз таққанлар.
Қанчалар тадбиркор илғору донгдор,
Бебаҳо бойлигим, азиз Сурхоним.

Амирқул МАМАТҚУЛОВ,
Термиз шаҳри

ОСОЙИШТА ОСТОНАМ

Қалбда шукуҳ осудамиз, обод бўлсин бу Ватан,
Ҳурриятли даврон учун фидо эрур тану жон,
Шон-шуҳратда тенги йўқсан, иймонимсан жон Ватан,
Сен ўзингсан осойишта, остонамсан жонажон.

Яшнасин боғ-роғларинг кўнгиллар хўб яйрасин,
Бемаҳал келса кулфат бошларингдан арисин.
Ҳар фарзанд чин юракдан очсин қўлни дуога,
Истагим бу довруғинг дунёларга таралсин.

Асрор Турсунов,
Термиз тиббиёт коллежи талабаси

ОНА

Шунчалар гўзалсан эй азиз, Она,
Қуёшдай нур сочар кўзларинг, Она.
Фарзандларинг яшар меҳрингдан қониб,
Қалбимиз тўрида сен азиз, Она.

Дилфуза САЛОМОВА, ўқитувчи

БОЛАЛИК УМРНИНГ БАҲОРИ

 

Болалик умрнинг баҳори дерлар,
Наҳот, энди қайтмам ўша дамларга.
Қалбдаги туйғулар, шўх эркаликлар,
Шу он айланаркан хотираларга.
Ортда қолар экан инжиқликларинг,
Оқшом бувинг сенга айтган эртаклар.
Ҳозир кўз илғамас ўйинчоқларинг,
Сенга азиз эди, ахир у дамлар.

Фарзона ИСМОИЛОВА,
ТерДУ талабаси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ўқиган ўқдан ошар

Мутолаадан тўхтамаган одам фикрлашдан тўхтамайди. Фикрлайдиган одамнинг мағзи бўлиқ, маънавияти юксак бўлади. Ҳа, китоблар бизни …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan