Ижод бўстони…

0
52

Ҳаёт сўқмоқлари эмасдир енгил,
Умиднинг косаси синмасин чил-чил.
Қайғу булутининг чокини йиртгин,
Юракнинг тубига чўкмасдан кўнгил.

Пардабой ҚУЛАТОВ,
Жарқўрғон тумани,
“Хўжақишлоқ” маҳалласи

Ёруғ кунлар келиб ишлар ўнгланса,
Юзингдан нур ёғиб, омадинг келса,
Севинчдан юрагинг ҳапқириб урса,
Шунда билинади она дуоси.
Ёнингда елкадош омад садоси.

Сайёдхон ЭШМЎМИНОВА,
Ангор тумани, 23-умумтаълим мактаби ўқувчиси

Отам олиб келдилар,
Қизиқарли китоблар.
Уларга дўст тутиндим,
Яхшиликка етаклар.
Китобларнинг кўп бўлар,
Дўстларию ўртоғи.
Билиб қўйинг, илм-фан,
Бу оламнинг офтоби.

Дилрабо ЎРОЛОВА,
Жарқўрғон тумани
19-умумтаълим мактаби
ўқувчиси

ҚИЗГИНАМНИ УЗАТДИМ

Оқ пахтага ўраб боққан қизгинамни,
Қошу кўзи худди менинг ўзгинамни,
Қайнонасин қўлларига узатдим мен,
Юрагимнинг бир парчасин кузатдим мен.

Қайнонаси ўз қизидек кўрармикан,
Қайнотаси қизим деб эркалармикан,
Келин эмас, хизматкордек кўришмасми.
Ҳар ишидан хато топиб, уришмасми?!

Ўйласам гар титраб кетар юраккинам,
Менинг учун ҳали ҳам у гўдаккинам,
Қайнонага қараб кўзи жовдирайди,
Айб иш қилса, қўрқиб қолиб довдирайди.

Оҳ, қизгинам, она бўлмай кетайин мен,
Ўйлаб туриб сиқиламан, нетайин мен,
Кўнглини топ, қайнонангга қулоқ солгин,
Ақлли бўл, ўша уйдан ўрин олгин.

Гап кўтарма, набирамни кўтариб кел,
Орқадаги ҳамма гапни итариб кел,
Яхши кўрса қайнона қайнотанг ҳам,
Яхши келин бўлганинг шу, бўлмайсан кам.

Зулфия МЕНГТАШОВА,
Олтинсой тумани,
“Узумзор” маҳалласи

АРМОН

Қўл ушлашиб кетмоқдадирман,
Ташвиш билан армонларимга.
Битта ширин сўзни айтолмай,
Яшаяпман яқинларимга.

Хафа бўлиб гоҳо йиллардан,
Омад кетди, дея қўллардан.
Бизга кимлар дуч келмади айт,
Умр деган узун йўллардан.

Бу қандайин серташвиш дунё,
Бир-бирингдан ҳол сўролмаган.
Дўстларингни йиллар ўтса ҳам,
Вақт топиб бир бор кўрмаган.

Билиб-билмай баъзида дўстим,
Ёмонликлар қилиб қўямиз.
Бировларни ёмон кўрсак ҳам,
Ёлғондакам кулиб қўямиз.

Наҳот шундай ўтади дунё,
Наҳот ташвиш кўпайди бунча.
Меҳр қолиб одам боласи,
Дунё қувиб ўтса ўлгунча.

Олим АЛМАРДОНОВ,
Жарқўрғон тумани,
17-умумтаълим мактаби ўқитувчиси

АЙТ ҲАЁТ

Айт, не учун, айт ҳаёт,
Юлдузнинг йўқ саноғи,
Дарёнинг охири йўқ,
Саволларнинг адоғи?
Ҳар неки чексиз бўлса,
Нечун ажал ўлмайди
Нега инсон умри ҳам
Мангу, чексиз бўлмайди.
Айт, не учун, айт ҳаёт,
Кимдир содиқмас аҳдга,
Неларни қилиб орзу,
Интилар яна бахтга.
Қани айт-чи, бахт нима,
Балки обрў-эътибор,
Чинакам бахтдан афзал.
Дерлар юксак жасорат,
Мақсадга тик қарамоқ.
Мен сизга айтсам чин бахт,
Юрт корига ярамоқ.
Ҳавас қилса арзийди
Юртда ўтса ҳар нафас,
Ватан бирла ўзингга,
Ўзгалар қилсин ҳавас.

Саида
АБДУРАҲИМОВА

ШУКУР ҚИЛ

Бандаларин “томчи сувдан” инсон қилиб яратди,
Барчасига тақсим қилиб, қалбга иймон таратди.
Баъзилар-чи, ширк келтириб иймонини йўқотди,
Аллоҳимиз паноҳида сақлашига умид қил.

Қуръон-карим! Раббимизнинг барча амри битилган.,
Ҳалол-ҳаром, гуноҳ-савоб, жазо ҳукми айтилган.
Раҳмон-Раҳим, Ҳақ ва Авфдир такрор баён этилган,
Қодир эгам каломига ҳамду сано, назар қил.

Акбар МАҲМУДОВ,
тиббиёт фанлари номзоди,  профессор

КЕЛ, БОЛАЛИК, ҚАЙТГИН ЁНИМГА

Онам айтган сирли эртакда,
Узоқларда қолган болалик,
Отам айтган чўпчак-ҳақиқат,
Кел, ёнимга қайтгин, болалик.

Опам, акам, катта супамиз,
Қўшни ҳовли — катта, чопамиз.
Бугун энди қайдан топамиз?
Эртак-чўпчак, қайтгин, болалик.

Уй-ҳовлида онам иси бор,
Пахса девор — отам изи бор.
Файзли уйда ўғил-қизи бор,
Кел, ёнимга қайтгин, болалик!

Дилбар НОРМУРОДОВА,   Термиз шаҳри

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг